Парижда русийзабон ёзувчилар фестивали ўтказилди
Шу йилнинг 14-16 феврал кунлари Парижда рус китоблари ва русийзабон адабиётга бағишланган халқаро фестивал бўлиб ўтди.
Мазкур фестивалда нафақат рус шоир ва ёзувчилари, балки рус тилида ижод қилувчи бошқа миллат вакиллари,жумладан,ўрта осиёлик қаламкашлар ҳам иштирок этди.
Фестивалнинг илк куни “Ўрта Осиёда адабиёт ва жамият” мавзусига бағишланиб, унда минтақа ёзувчи ва шоирларидан Рустем Жангўжа (Қозоғистон), Ҳамид Исмоилов (Ўзбекистон – Буюк Британия), Турусбек Мадилбай (Қирғизистон), Гуля Мирзоева (Тожикистон – Франция), Султан Раев (Қирғизистон), Талип Ибрагимов (Қирғизистон), Ақ Велсапар (Туркманистон – Швеция) ва Ўрта Осиё бўйича мутахассис, Шарқ цивилизациялари институти профессори Реми Дор қатнашдилар.
Фестивалнинг дастлабки кунидаги учрашувдан асосий мақсад француз оммасига ҳозирги кунда Ўрта Осиёдаги адабиёт ва жамиятга оид вазият, сиёсий тўсиқлар ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг бу соҳага қанчалик даражада эътибор бераётган ҳақида умумий тушунчалар бериш, келгусида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида баҳс-мунозаралар уюштириш эди. Бу борада ҳар бир ижодкор ўз мамлакати ва ҳукуматларининг сиёсатидан ҳамда Ўрта Осиёдаги умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Конференция Реми Дор томонидан очилганидан сўнг сўз навбати Гуля Мирзоевага берилди. Асли келиб чиқиши тожикистонлик бўлган, лекин ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган ёзувчи асосан Ўрта Осиёдаги форс ва турк тилларининг ўзаро тўқнашуви, рақобати ва ҳамоҳанглиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шунингдек, у Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида Тожикистонда амалга оширилган мантиқсиз сиёсатнинг бугунги оқибатлари,бу ҳолат бутун Ўрта Осиё мамлакатларида такрорлангани, бу эса мазкур мамлакатларнинг ўз қобиғига ўралиб олган диктаторлик режимларга айланишига олиб келганлиги ҳақида сўзлади.
Ўзбек ёзувчиси ва журналисти Ҳамид Исмоилов Ўзбекистондаги ҳозирги адабий жараён ҳақида гапириб, бугунги кунда ёзилаётган кўп асарларнинг юзаки ёки кўнгилочар характерга эгалиги, асосан жиноят олами, фантастика ёки аёл-эркак муносабатларини ёритишдан нарига ўтолмаётганини таъкидлади.
Жиддий мавзуда ёзилган асарлар эса, Исмоиловга кўра, ҳукумат томонидан цензурага учраб, ижодкор ҳаётини хавф остига қўймоқда– бунга 14 йилдан бери панжара ортида ўтирган Мамадали Маҳмудовнингҳаёт йўли яққол мисолдир.
Ҳамид Исмоилов ҳозирда Мамадали Маҳмудовга белгиланган 14йиллик жазо ўтаб бўлинганига қарамасдан, унга қарши янги жиноий иш қўзғалгани ва унинг 70 дан ошган кекса инсонлиги ҳисобга олинмасдан, яна қайтадан озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ва бунинг ҳаммаси унинг мустақил дунёқарашга эга бўлган ёзувчи бўлгани туфайли эканини қўшимча қилди.
Шунга қарамасдан, Исмоилов ёш авлоддан умид катта эканини билдирди. “Ўзбекистонда китоб ва қўлланмаларга қизиқишнинг сусайганлиги аҳолининг адабиётдан мутлақо узоқлашиб кетганини билдирмайди, балки мавжуд китобларнинг барчаси бир томонлама ва сунъий руҳга эгалиги туфайли бугунги ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзулардаги китоб ва мақолаларни интернет орқали ўқиши кўп кузатилмоқда. Демак, келажакда ўзбек адабиётининг ривожланишида Интернетга катта умид боғласак бўлади”, дея таъкидлади Ҳамид Исмоилов.
Шу билан бирга, у Ўзбекистонда ҳозир адабиёт ўта юзакилашиб кетиши мамлакатдаги оғир иқтисодий ва ижтимоий вазиятнинг оқибати эканлиги, миллионлаб эркакларнинг яқин қўшни давлатларга оммавий равишда чиқиб кетиши ўзбек жамиятида қайсидир маънода аёлларга тегишли муаммоларнинг ўртага ташланишини сезиларли равишда кўпайтирганини қайд этди.
Ўз сўзи хулосасида Ҳамид Исмоилов: “Ўзбекистонда инсон хуқуқлари ва демократик жамият қуришга интилиш яхшиланмас экан, ўзбек адабиётининг ҳам аҳволи танг бўлиб қолаверади”, дея таъкидлади.
У русийзабон фестивалнинг Парижда ўтказилиши ва унга рус тилида ижод қилувчи ўрта осиёлик ижодкорларнинг таклиф қилинганлигини жуда ҳам аҳамиятли бўлганини урғулаб, бундай халқаро учрашувларга ўрта осиёликларни имкон қадар кўпроқ таклиф қилиш лозимлиги, бу эса Ғарбдаги афкор оммада минтақадаги аҳвол ҳақида муайян тасаввур пайдо қилишини айтиб ўтди.
Ундан сўнг сўзга чиққанлардан туркманистонлик ёзувчи Ак Велсапар ўз ватанидаги ҳолат Ўзбекистондан ҳам оғир экани ва Туркманистондаги режимга нисбатан Совет Иттифоқи режими гўё демократия бўлиб туюлишини ярим ҳазил, ярим чин тарзда билдириб ўтди.
Туркманистоннинг адабиёт соҳасида Ўзбекистондан-да баттар оқсоқланаётгани, Велсапарга кўра, бу мамлакатда аҳолининг Интернетдан истефода этиш имконияти торлиги билан ҳам изоҳланади. Ундан ташқари, Туркманистонда деярли барча ёзувчиларга китоб чиқариш таъқиқланган бўлиб, ёзувчилар ёзган китоб мамлакат президентининг муаллифлиги остидагина чоп этилиши мумкин.
“Туркманистонда нафақат ёзувчи ва шоирлар, балки журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг ҳам ҳаётлари хавф остидадир”, – деди Ак Велсапар.
Шу ўринда туркманистонлик ёзувчи Франция телеканали учун ҳужжатли филм яратишда иштирок этган Ўғулсапар Мурадованинг аянчли тақдирини эслатиб ўтди. Бу журналист аёл туркман расмийлари томонидан ўзининг иккита ёрдамчиси билан қамоққа олинган, бир неча кундан сўнг унинг қийноқлардан таниб бўлмас аҳволга келган мурдаси оиласига қайтарилганди. Ўғулсапар Мурадованинг қамоқдан озод этилишига француз телеканали ҳеч қандай таъсир ва ёрдам кўрсата олган эмас.
Бугунги кунда Швецияда сиёсий қочқин сифатида яшаётган Ақ Велсапар бу мамлакатда кичик босмахона фаолиятини йўлга қўйганини, у ерда туркман ёзувчиларининг таъқиқланган асарларини чоп қилиш давом этаётганини айтди.
“Бу қўлёзмаларнинг босмахонагача етиб келиш жараёни менга гўё қурол-аслаҳа ва гиёҳванд моддалар савдосига ўхшаб кетади, яъни бу иш ўта хавфли бўлиб, яширин тарзда амалга оширилади”, – деди туркман ёзувчиси.
Конференцияда сўзга чиққан қирғиз ёзувчиси Турусбек Мадилбай ўз мамлакатида адабиёт билан боғлиқ вазият минтақанинг бошқа мамлакатларига қараганда анча яхши экани, ҳар ҳолда, у ерда асарларни таъқиқлаш ёки ижодкорларга нисбатан босим йўқлигини қайд этди.
Лекин, унинг фикрича, сўнгги йилларда қирғиз адабиётини бошқа бир офат емирмоқда. Бу қирғизларнинг тарих ва ўзликни излашга шўнғишидир. Яъни, Мадилбайга кўра, ҳозирги кунда қирғиз халқи ўзининг нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун дунёдаги ўрнини аниқлашга фаол киришганлар.
“Лекин бу икки томонлама таъсирга эга. Ёзилаётган асарлар орасида чуқур маъно-мантиққа эга асарлар бўлишига қарамасдан, уларнинг аксарияти саёз ва ўзбошимчалик билан ёзилган асарлардир. Қирғизистондаги адабиёт аҳли илгари асосан шаҳарлик ижодкорлардан ташкил топган бўлса, бугунги кунда қишлоқ ижодкорларининг сони сезиларли даражада ошганини кўришимиз мумкин.
Бу бир томондан кўп фикрлилик ва олис қишлоқларда яшовчи қаламкашларга ижодларини намоён қилишда ёрдам берса, бошқа томондан қирғиз адабиёти юзини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса ҳам қувонарли, ҳам хавфли бўлиши мумкин”, – дея сўзига якун ясади Турусбек Мадилбай.
Конференция меҳмонлари минтақа ёзувчилари ўртасида умуман алоқа йўқлигини ачиниш билан таъкидладилар.
Фестивал давомида Ўрта Осиёдаги жамиятлар ҳаётини акс эттирувчи бир неча телефильм француз оммасига намойиш этилди. “Вақт чегаралари”, “Ёруғлик ўғриси” ва “Талаба” ва бошқа шу каби фильмлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Fikr bildirish