Тожик махфий хизматлари ўзбек журналистини ватанини тарк этишга мажбур қилишди
Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг доимий таҳдиди ва босимлари сабабли сўнгги олти йил давомида Озод Европа/Озодлик радиосининг Душанбедаги мухбири Гулнора Равшан балоғатга етмаган тўрт фарзанди билан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ҳозир журналист Ғарб мамлакатларининг биридан бошпана сўрамоқда.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги журналист Гулнора Равшаннинг “Озодлик” радиосидаги фаолияти учун зарур бўлган аккредитацияни беришдан бош тортганига яқинда қарийб бир йил бўлади.
Таҳририятимизга радио раҳбарияти бу масалада Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани, аммо бу муассасадан ҳозиргача бирор жавоб ололмагани ҳам маълум бўлди. Шу боис журналист Гулнора Равшан “Озодлик” радиосидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Бу орада Тожикистондаги кўпгина оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг ўч олишидан чўчиб, журналист Гулнора Равшан билан ҳамкорлик қилишдан воз кечишган.
«Тожикистонда фаолият кўрсатаётган ўзбек тилидаги газеталар, мустақил сайтлар маъсуллари билан иш масаласида суҳбатлар қилдим. Аммо улар Тожикистон ҳукумати билан муаммо бўлишини хоҳламаслик важидан мени ишга олмасликларини айтди», – дейди «Жараён»га Гулнора Равшан.
Журналист қарийб бир йил давомида ишсиз қолиб кетгани сабабли бир ўзи тарбия қилаётган тўрт фарзанди билан яшаш учун пул тополмай, жуда қийин аҳволда қолиб кетганини айтади.
Гулнора Равшан сўнгги ойларда ишини йўқотгани етмагандай, ҳар дақиқа нафақат ўзи, балки яқинлари, фарзандларининг ҳаётидан ҳам хавотирланиб яшашга мажбур бўлганини айтади. Бунга, журналист аёлга кўра, тожик махфий хизмати ходимларини доимий таҳдид ва таъқиблари сабаб бўлган.
Уни бир неча маротаба ҳеч қандай чақирув қоғозисиз “профилактик суҳбат” ўтказиш учун Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасига чақиртиришган.
Шунингдек, бир йил давомида журналист аёлнинг уй ва мобил телефонларига турли қўнғироқлар бўлиб турган, унинг мобил телефонига ўлдириш таҳдиди билан СМСлар келган, турли баҳоналар билан журналистнинг уйига келган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари бир неча бор Гулнора Равшанни ҳақоратлаб, уни қўрқитишга ҳаракат қилганлар.
“18 октябр куни эрталаб соат 10 ларда уйимга ҳеч бир огоҳлантиришсиз келган КНБ ходими: «Сиз қаерда яшаётганлигингизни унутманг, ўзбекларга жуда катта эркинлик берилган, ҳамма шароит сизларнинг қўлингларда, тижорат ҳам, ер ҳам,бошқаси ҳам…», деди. Мен унинг бу ноўрин иддаосига чидай олмадим ва «ҳамма нарса ўзбекларнинг қўлида бўлса, улар ўшанга яраша ҳаракат қилаяпти, меҳнат қилаяпти, тайёрига эга бўлаётгани йўқ-ку. Ва умуман бу гапларнинг менинг фаолиятим билан нима алоқаси бор?», дедим.
«Сўнгги йиллар тожикистонлик ўзбекларнинг ҳукумат одамларидан норозилигига оид овозларни сен ташқарига чиқармаяпсанми? Бошқа томондан Ўзбекистон элчихонаси билан зич алоқалар нимани англатади?” – дея пўписа қилди. Сўнгги гапдан роса қўрқиб кетдим, демак, менинг элчихонага кириб чиқишим ҳам ҳисобга олинган. «Мен элчихона билан журналист сифатида ҳамкорлик қилганман, чунки чегара, виза ва икки давлат фуқароларининг кириш-чиқишларига оид бошқа процедуралар билан боғлиқ мавзуларга аниқлик киритиш учун бу ҳамкорлик зарур эди», деб жавоб бердим.
«Сиз ҳали қонун олдида жавоб берасиз, менга ҳозир сабабларини айтиб ўтиришингиз шарт эмас, идорага албатта келинг», дер экан ўзини Саидали Қосимов деб таништирган КНБ ходими, комитетга суҳбат учун ҳеч қаерда повестка берилмаслигини уқтирди”, – дейди журналист аёл.
Айтиб ўтиш жоизки, Гулнора Равшан Тожикистонда туғилиб ўсган, миллати ўзбек журналистдир.
Унга кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида у яна бир бор Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасига чақиртирилади. У ерда журналист билан қўмитанинг Ҳожи Собир исмли ходими суҳбатлашади.
“Бу идорада ҳам икки соатдан ортиқ суҳбат бўлди. Албатта уйдаги каби дўқ-пўписа бўлди. Мен билан суҳбат қилган ходим исми Ҳожи Собир эканини айтди. «Одам сал у ёқ-бу ёқни ўйлаб ёзиш керак,опа, сизлар Тожикистоннинг нон-тузини еб, хориждан олаётган чақа билан босар-тусарларингни билмай қолаяпсизлар. Қаерда яшаётганингиз ёдингиздан кўтарилдими? Сиз ҳақингизда баёнот берган ва яна баёнот беришни истайдиганлар жуда кўп. Қонун – ҳамма учун қонун. Ҳар бир фуқаро қилган хатоси учун қонун олдида жавоб беради,сиз ҳам. Фақат паника қилмасдан, ким сизга материал заказ қилган, нима учун ўша мавзуни ёз, деган – ўшалар ҳақида икки варақ баёнот ёзсангиз, олам гулистон, опа», деди бу одам.
Хуллас, анча насиҳат эшитганимдан кейин: «Ҳар ерда аза-йиғи қилиб, бу ердаги гапларни ташиб юрманг. Одам иссиқ жон, бир ерда йиқилиб тушишингиз бор, бир ерда нохос машина уриб кетиши мумкин. Болаларингиз мактабда ўқияпти, нечта болалардан – тўрттамиди?.. » деди мени кузатаётиб Ҳожи Собир”, – дейди Гулнора Равшан.
“Жараён” журналисти Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг журналистга нисбатан қилган бундай хатти-ҳаракатлари борасида изоҳ олиш учун қўмитанинг матбуот хизмати раҳбари Нозиржон Бўриев билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ матбуот хизмати раҳбари журналистнинг бир неча маротаба қилган қўнғироқларига жавоб бермади.
Гулнора Равшан 2006 йилдан то шу пайтгача тожик жамиятида мавжуд иқтисодий-ижтимоий, маданий ва сиёсий муаммолар, бу мамлакатдаги этник озчилик вакиллари, хусусан, ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, фуқароларнинг диний эркинлигига (болаларнинг диний таълим олишлари ва масжидда намоз ўқишлари чекланаётгани, ҳижоб ўраган қизларнинг олийгоҳлардан қувилаётгани ва бошқа шу каби мавзулар) оид воқеа-ҳодисаларни халқаро ҳамжамиятга етказиб турди. Шунингдек, журналист Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд долзарб мавзуларни ҳам бир неча бор кўтариб чиққан.
Гулнора Равшан балоғатга етмаган тўрт нафар фарзанднинг онаси бўлишига қарамай, Тожикистон шарқида 2009 ва 2010 йиллар рўй берган қонли воқеаларни бевосита ўша ҳудуддан туриб реал ёритди. Унинг бу ҳақдаги қизиқарли ва долзарб материаллари “Озодлик” радиоси орқали эфирга узатилган.
Гулнора Равшан махфий хизматлар таъқиби остида бўла туриб, бу мавзуда мақола ёзаётган журналистлар ҳукуматнинг қаттиқ босими остида қолаётган бир пайтда ҳам Тожикистон қамоқхоналаридаги қийноқлар, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўплаб материаллар чоп қилди.
Бир неча ой давомида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти журналистга яқиндан кўмак кўрсатиб келмоқда.Ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоевга кўра, Тожикистонда Гулнора Равшаннинг ҳаёти учун жиддий хавф бўлган. Шу боис у мамлакатни зудлик билан тарк этишига эҳтиёж катта бўлган.
“Гулнора ҳақ сўзни айтишдан қўрқмайдиган, жасоратли журналист аёл эканлиги боис Тожикистон махсус хизматлари таъқибу босимлар билан унинг овозини бўғмоқчи бўлди. Гулноранинг мардлиги шундаки, унга ҳар қанча босим ўтказмасинлар, у фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиб, очиқ-ошкора таҳдидлар қилган бўлсалар-да, мамлакатни тарк этгунга қадар ҳам фаолиятини тўхтатгани йўқ.
У Тожикистонда тобора авж олиб бораётган қийноқлар, инсон ҳуқуқлари муаммоларини жамоатчиликка етказиб турди. Афсуски, тожик жамоатчилиги бир эркин овоздан маҳрум бўлди. Гулнора ўз фаолиятини хавф-хатарсиз мамлакатда давом эттиришига ишонаман”, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Гулнора Равшан бир неча ой аввал Тожикистонни тарк этиб, ҳозирда Ғарб мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана сўрамоқда. Аммо у ҳаёти учун хавф катта бўлган Тожикистондан йироқ бўлишига қарамай, тожик махфий хизматларининг ўч олишидан хадиксираб яшаётганини ҳам яширмайди.
“Бугун бу далилларни оммага ҳавола этар эканман, барибир менда қўрқинч бор, чунки Тожикистонда менинг яқинларим қолди. Улар орқали босим ўтказилиши табиий”, – дейди Гулнора Равшан.
Fikr bildirish