Ўзбекистонлик қочқин имом қарийб тўрт ойдан бери ҳибсда сақланмоқда
Ўзбекистон сўрови билан ўтган йил кузида Қирғизистон пойтахтида қўлга олинган собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга қайтариш юзасидан 19 феврал куни Бишкек шаҳар судида ўтиши лозим бўлган маҳкама жараёни номаълум муддатга қолдирилди. Бу билан Сулаймонов ишини кўриб чиқиш бир ой ичида тўртинчи марта ортга сурилмоқда.
Адвокат: “Сулаймонов ноқонуний тарзда ҳибсда сақланмоқда”
Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси терговчиси Қўчқоровнинг Сулаймоновни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтириш тўғрисидаги расмий илтимосини 16 феврал куни қаноатлантирди.
Ҳабибулло Сулаймоновнинг адвокати Тўқтўғул Абдиев ўз ҳимоясидаги одамга нисбатан чиқарилган мазкур қарорни ноқонуний, деб ҳисоблайди. Адвокатнинг айтишича, Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 435-моддасига асосан Ҳабибулло Сулаймонов ҳибсдан озод қилиниши керак эди.
– Жиноят-процессуал кодексининг 435-моддаси 3-бандида бошқа давлатга топширилиши керак бўлган шахс бир ой мобайнида экстрадиция қилинмаган тақдирда, уни ҳибсдан озод қилиш шарт экани қайд этилган. Сулаймонов иши судда кўрилаётгани учун у бир ойнинг ичида экстрадиция қилинмади, демак, у ҳибсдан бўшатилиши лозим эди.
Аммо Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди 16 феврал куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси Қўчқоровнинг Бош прокуратура босими остида Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтириш тўғрисида киритган ноқонуний илтимосини қаноатлантирди, – деди Тўқтўғул Абдиев.
Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 435-моддаси 3-бандида, шунингдек, экстрадиция муддати ўтиб кетгани учун ҳибсдан озод этилган шахсни қайта ҳибсга олиш фақат манфаатдор давлат томонидан мазкур шахсни қўлга олиш тўғрисида жўнатилган такрорий илтимоснома ўрганиб чиқилгачгина амалга оширилиши мумкин экани ҳам акс этган. Экстрадиция муддати ўтиб кетган шахсни ҳибсдан озод этиш прокуратура қарори билан амалга оширилади.
Расмий маълумотларда айтилишича, Ҳабибулло Сулаймонов ўтган йилнинг 6 октябрида Ўзбекистон сўрови билан Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Бишкекда ҳибсга олинган. 2012 йилнинг 16 ноябрида Қирғизистон Бош прокуратураси Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган.
– Шундан келиб чиқилса, Ҳабибулло Сулаймонов 16 декабрда ҳибсдан озод этилиши шарт эди. Бироқ бунинг ўрнига унинг ҳибсда сақлаш муддатини 16 январгача, кейин 16 февралгача узайтиришди. Айни пайтда эса у суд қарори билан яна 16 мартгача ҳибсда қоладиган бўлди. Бу эса Ҳабибулло Сулаймонов Қирғизистон қонунларига зид равишда уч ой ноқонуний тарзда ҳибсда қолаётганини англатади, – деди адвокат Токтогул Абдиев.
Адвокатнинг айтишича, у Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги суд қарорига норозилик билдириб, юқори суд инстанциясига шикоят аризаси киритган. Шунингдек, Тўқтўғул Абдиев судянинг хизмат сафарига кетгани сабабли Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги Бош прокуратура қарорига нисбатан киритилган шикоят аризаси юзасидан навбатдаги суд жараёни яна номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди.
Бош прокуратура Сулаймонов ҳақида маълумот бермаяпти
Қирғизистон Бош прокуратураси расмийлари Ҳабибулло Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддати ноқонуний тарзда узайтирилгани юзасидан билдирилган маълумотни шарҳлашдан тийилмоқда.
Улар “Жараён” мухбирининг: “Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддати қонунчиликда кўрсатилган меъёрдан ўтиб кетгани тўғрисидаги иддаоларга Бош прокуратуранинг муносабати қандай? Нега Бош прокуратура Жиноят-процессуал кодексининг 435-моддаси 3-бандида белгиланган тартибда Сулаймоновни ҳисбдан озод этмаяпти?” каби саволларига жавоб беришдан бош тортдилар.
Бош прокуратура матбуот хизматининг Ҳабибулло Сулаймонов масаласида маълумот беришга ваколатланган мулозими Алманбет Абдраманов эса қуйидагиларни айтиш билан чекланди:
– Сулаймонов Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан 2012 йилнинг 6 октябрида Бишкекда Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан қўлга олинган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тақдим этган ҳужжатларда айтилишича, у ўз ватанида жамоат хавфсизлиги ва тузумга қарши фаолият юритган. Сулаймонов Ўзбекистонда конституциявий тузимга қарши фаолият юритгани учун халқаро қидирувда бўлган, – деди Алманбет Абдраманов.
Ҳабибулло Сулаймонов ким ўзи?
Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази бир ой муқаддам Ҳабибулло Сулаймонов ишига халқаро ташкилотлар диққатини жалб этиш мақсадида баёнот тарқатган эди. Мазкур ҳужжатда Ҳабибулло Сулаймоновнинг қисқача таржимаи ҳоли ҳам келтирилади.
Унда айтилишича, Ҳабибулло Сулаймонов 1957 йил 30 январида Фарғона вилоятида туғилган. Унинг отаси Сулаймон қори Совет даврида Тошкентдаги Ислом институтида муаллимлик қилган. Акаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида ишлаган.
1989 йилда Ҳабибулло Сулаймонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри масжиди имом-ҳатиби бўлган. Кейинроқ Тошкентдаги маҳалла масжидига имомлик қилган. 1997 йилда масжидда “ваҳҳобий”лар таъсирини кучайтириб юборгани учун, деган айблов билан ишдан бўшатилган.
Ҳабибулло Сулаймонов ўзига нисбатан таъқиблардан қочиб, 2001 йили Бишкекка келган ва бу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланган.
“2001 йилда Ҳабибулло Сулаймонов Ҳасан Ҳамидхўжаев номига расмийлаштирилган сохта ҳужжат билан чегарадан ноқонуний ўтиб, Бишкекка келган”, деб қайд этилади “Мемориал” баёнотида.
Адвокат Тўқтўғул Абдиевнинг “Жараён”га билдиришича, Сулаймонов 2012 йилнинг 19 ноябрида Қирғизистон расмий идораларига бошпана изловчи шахс сифатида ариза берган. Бироқ унинг аризаси турли сабаблар билан рўйхатга олинмаган. Бунинг ортидан эса БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Ҳабибулло Сулаймоновни бошпана изловчи шахс қаторида рўйхатга ололмай келган.
Фақат 2013 йилнинг 8 февралидагина бу масала ҳал этилган. Шу куни БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси Ҳабибулло Сулаймоновнинг бошпана изловчи шахс мақоми берилишини сўраб ёзган аризаси рўйхатга олинганини, айни пайтда мазкур аризани ўрганиш жараёни бошланганини расман маълум қилди.
Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўзбекистонлик қочқин ҳимоясида
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун, бир қатор бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари, Ҳюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти, Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ маркази Бишкек расмийларини собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирди.
Қирғизистон Омбудсмени Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонлик Ҳабибулло Сулаймоновга қочқин мақомини бериш илтимоси билан ҳукумат тузилмаларига мурожаат қилган. Омбудсмен Турсунбек Ақун Ҳабибулло Сулаймонов ватанига қайтарилса, қийноқларга солиниши мумкинлигидан ташвиш билдирди.
Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Ҳабибулло Сулаймоновнинг иши халқаро ҳамжамият назаридан четда қолаётгани учун ҳам Бишкек уни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарорни кучда қолдириши мумкин, деб ҳисоблайди.
“Шу кунгача Сулаймонов иши Қирғизистон ташқарисида жуда кам одамга маълум, бу эса унинг ватанига қайтарилиш хавфини кучайтиради. Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, Марказий Осиёда бошпана сўровчилар тақдири кўпинча ўзгариб турувчи сиёсий конъюктурага қараб ҳал қилинади”, дейилади “Мемориал” ҳуқуқ маркази баёнотида.
Таниқли ҳуқуқ фаоли, Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова Қирғизистон қочқинни Ўзбекистонга қайтарса, халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажармаган бўлади, деган фикрда.
– 2005 йилда Азимбек Бекназаров Бош прокурор лавозимини эгаллаб турганида Қирғизистон ўзбекистонлик беш қочқинни Тошкентга топширган. Ўшанда бутун дунё ҳамжамияти олдида шарманда бўлган эдик.
Қирғизистоннинг бу ҳаракати БМТ томонидан танқид қилинган. Сулаймоновни Ўзбекистонга топшириш билан яна бир марта дунё ҳамжамияти танқиди остида қоламиз. Чунки Ўзбекистонда қийноқлар қўлланилади. Шунинг учун Сулаймоновни учинчи давлатга топшириш керак, – деди Азиза Абдурасулова.
Fikr bildirish