БМТ: «Ўзбекистонлик қочқинни экстрадиция этманг»
Халқаро ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Турсуновнинг қийноқлар борасидаги шикояти ўрганиб чиқишга олингани ва бу муддат давомида Қозоғистон ҳукумати уни мамлакатда сақлаб туриши кераклигини айтган.
Турсунов 2011 йилнинг апрел ойидан буён Қозоғистондаги ҳибсхонада ушлаб турилибди.
У ушланган Ақтўбе шаҳар ва вилоят маҳкамалари Турсуновнинг шикоятини қондирмаган ва уни Ўзбекистонга бериб юбориш ҳақида ҳукм чиқарган.
Jarayon.com веб саҳифасининг маълум қилишича, «Ўтюраклар клуби» томонидан Турсунов номидан БМТга ёзилган шикоят мактубига жавоб келган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси 28 феврал куни клуб раҳбари Мўътабар Тожибоева номига ёзган мактубида, шикоятни БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси кўриб чиқишга киришгани ва кўриб чиқиладиган 6 ой давомида Қозоғистон ҳукумати уни Ўзбекистонга бериб юбормаслиги кераклиги ёзилган.
Шикоятни тайёрлашда фаол иштирок этган «Ўтюраклар клуби» ташкилоти мувофиқлаштирувчиси ва талабалар ҳаракати лидери Марина Лебедова Қозоғистон Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбормаслиги ва БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссарлиги бошқармасининг сўровига ижобий қарашига умид қилади.
«Қоидаси бўйича биз ушбу мактубга Қозоғистоннинг жавобини кутишимиз керак. Қозоғистон бизнинг шикоятимизга ўз далиллари ва жавобини ёзиши мумкин. Агар ушбу далиллар икки ойнинг ичида юборилмаса, махсус ҳисоботчи ва БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси шикоятни мавжуд ҳужжатлар асосида кўриб чиқади. Бизнинг ташкилотимиз ҳам ҳимоя учун қўшимча ҳужжатларни киртиши мумкин», – дейди Марина Лебедова.
Экстрадиция хавотири сақланиб қолмоқда
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўрганаётгани боис айни дамда изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Қочқинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланган Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси юристи Денис Живага Қозоғистон ушбу сўровни бажариши ё-да бажармаслиги ҳам мумкинлиги, Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юбориши эҳтимоли сақланиб қолаётганини айтади.
«Ушбу сўровга қулоқ солиши аниқ факт эмас. Чунки бу ягона вариант эмас. Қозоғистон бу тўғрисидаги халқаро мажбуриятларга имзо қўйган, идеалда қулоқ солиши керак. Аммо гап бу масалани Қозоғистон расмийларидан ким кўриб чиқишида ва қандай тушунишида. Ҳар нарса кутиш мумкин», -дейди Денис Живага.
Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинларни бундан олдин ҳам расмий Тошкентга топширган вақтлари бўлган. Энг шов-шувли топшириш 2011 йили бўлган эди. Ўшанда Қозоғистон бир йиллик ҳибсда ушлаб туришдан сўнг 29 қочқинни Ўзбекистонга бериб юборган эди.
Ушбу қочқинларнинг айримларида БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг бошпана изловчи деган ҳужжати ҳам бўлган.
«Ўтюраклар клуби» Франциядаги «АСАТ» ташкилоти билан ҳамкорликдан ушбу қочқинлар номидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига шикоят билан мурожаат қилганди.
Қўмита 2012 йили ушбу иш бўйича ўз хулосасини чиқарган Қозоғистон ҳукуматидан ушбу қочқинларни ортга қайтариб, уларга товон пули тўлашни сўраган.
Ҳуқуқбонлар Хайрулло Турсуновнинг иши ҳам экстрадиция қилинган 29 қочқинннинг иши билан ўхшаш эканлиги, унга нисбатан Ўзбекистон томонидан қўйилаётган айблар сохта ва уюштирилганлигини айтишади.
Уларга кўра, Турсунов Ўзбекистон юборилган тақдирда уни даҳшатли қийноқлар ва бошқа шахсларнинг номига сохта жиноий иш тўқиш каби мажбуриятлар кутади.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Хайрулло Турсуновни Олма отада жиноий тил бириктириб тузилган диний жамоатда иштирок этганлик ва бир неча террорчи ташкилотларнинг аъзоси ҳамда конституцион тузумга тажовуз қилишда айблашмоқда.
10 ой Ақтўбе шаҳридаги вақтинчалик тергов изоляторида сақланган Хайрулло Турсунов феврал ойида Олма ота шаҳридаги вақтинчалик сақлов изоляторига олиб келинган.
Fikr bildirish