ББС: Собиқ британ элчиси Гулнора Каримованинг ўзига қарши даъволарини рад этди
Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 1 март куни Швейцариядаги уйига тўсатдан ташриф буюрган бир гуруҳ фаолларнинг ҳаракатларини ўзини ёмонотлиқ қилиш уринишларининг бир қисми, деб таърифлаган.
1 март куни Гулнора Каримованинг бир неча миллион долларлик деб ишониладиган Женевадаги уйига борган фаоллар унинг дабдабали ҳаёт тарзи ва Ўзбекистондаги аянчли аҳволга эътибор қаратмоқчи бўлишган.
Ўтган ҳафта Швейцариянинг «Билан» журналида эълон қилинган суҳбатнинг тўлиқ варианти экани айтилган блогида Каримова хоним ўзининг Женевадаги уйига ташриф буюрган фаоллар орасида бўлган Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейга қарши қатор айбловларни илгари суради.
Унинг айтишича, британ элчиси МТСнинг қочувдаги директори Бекзод Аҳмедов билан таниш бўлган ва Аҳмедовга покистонлик ишбилармонларни таништириш орқали пул ишлаб қолишга уринган.
Би-би-си жаноб Мюррей билан боғланиб, Гулнора Каримова илгари сурган айбловларга муносабатини сўраган.
Крейг Мюррей: Йўқ, мен Беҳзод Аҳмедов билан ҳеч қачон, ҳеч қаерда учрашмаганман.
Би-би-си: Гулнора Каримованинг даъво қилишича, сиз Беҳзод Аҳмедовни хорижлик, жумладан, покистонлик бизнесменларга таништириб, улар имзолаган контрактлардан пул ишламоқчи бўлган экансиз?
Крейг Мюррей: (кулади). Ишонинг, ундай эмас. Агар шундай бўлганида ҳозиргача бу ҳақда ёзган бўлишарди. Мен Ўзбекистонни тарк этганимга қарийб ўн йил бўлди. Мен Тошкентдалигимда ҳеч қандай покистонлик бизнесменлар билан ҳам, жаноб Аҳмедов билан ҳам учрашмаганман.
Би-би-си: Ундай бўлса, нима учун Каримова хоним бу каби иддаоларни қилаяпти, деб ўйлайсиз?
Крейг Мюррей: Менимча, Гулнора чорасиз аҳволда қолган. Чунки одамлар унинг ноқонуний бизнеслари ва ўзбек халқидан тортиб олган бойликларининг миқдори ҳақида тобора кўпроқ маълумотга эга бўлишаяпти. Мен унинг даъволарини бошқача изоҳлай олмайман. Бу каби аҳмоқона ёлғонларни фақат чорасиз одамгина гапиради. Мен тахмин қиламанки, Гулнора Каримова бизнинг Женевадаги ҳашаматли уйига бориб, унинг қимматбаҳо уйи борлиги ҳақидаги фактга жамоатчилик эътиборини қаратишга уринганимиздан норози.
Би-би-си: Каримова хонимнинг ўзи бу ташрифингиз ҳақида жуда батафсил ҳикоя қилган ва сиз билан борган Мўътабар Тожибоева ҳамда бошқа фаолларни жиддий иши ва машғулоти бўлмаган, фақат олган пулларини оқлашга тайёр «дастак гуруҳи» деб таърифлаган. Бунга нима дейсиз?
Крейг Мюррей: Мен ҳеч кимдан бир тийин олмаганман. Каримова хонимнинг гаплари нафақат куракда турмайдиган, балки ақлга тўғри келмайдиган гаплар. Чунки унинг биронта гапи тўғри эмас. Мен бутун умр иш билан банд бўлганман. Аммо албатта, бу ҳақда Гулнора Каримовага ҳисобот беришим керак, деб ўйламайман.
Би-би-си: Нима учун Каримова хоним, узоқ жимликдан сўнг айнан ҳозир МТС борасидаги сукутини бузди, деб ўйлайсиз?
Крейг Мюррей: Сўнгги пайтларда телеком можароси билан боғлиқ жуда кўп нарсалар юзага чиқди. Швеция телеком ширкатининг раҳбари истеъфо беришга мажбур бўлди. Каримованинг ноқонуний фаолияти ҳақида янада кўпроқ маълумотлар ошкор бўлаяпти. У эса бу фактларга қарши туриш учун тарғибот мақсадларига катта куч сарфлаяпти, аммо фойда бўлмаяпти. Каримова хонимнинг менга ҳужум қилгани унинг Швейцариядаги ҳашаматли уйидан янада кўпроқ ўзбеклар бохабар бўлишига олиб келади, холос.
Би-би-си: Аммо Гулнора Каримова бу гапларнинг ҳаммаси асоссиз даъволар экани, ҳеч қандай факт йўқлигини урғуламоқда…
Крейг Мюррей: Биласизми, бу нарсалар бундан 10 йил олдин ҳам ҳаммага маълум эди. Хорижий ширкатлар фақат Гулнора Каримованинг рухсати билан Ўзбекистонда фаолият олиб боришган. Телеком соҳасида ёки олтин қазиб чиқариш бўйича лицензияга эга бўлишнинг ягона йўли Гулнора ёки унинг одамларига чиқиш эди. Ўтган 10 йилда унинг бизнесга аралашуви ва Ўзбекистондаги вазият фақат ёмон томонга ўзгарди, холос.
Би-би-си: Сизнинг ўзингиз элчилик тажрибангизда шунга ўхшаш бирон аниқ ҳолатга дуч келганмисиз?
Крейг Мюррей: Бўлмасам-чи!. Бир неча ширкатлар Гулнора Каримова томонидан тортиб олинганига гувоҳ бўлганман. Улардан биттаси, шубҳасиз, Oxus Gold эди. Мен Британия элчиси сифатида Ўзбекистондаги коррупция ва Гулноранинг бизнесдаги роли ҳақида Лондонга жуда кўп ҳисоботлар йўллаганман.
Собиқ британ элчиси Гулнора Каримованинг ўзига қарши даъволарини рад этди
Fikr bildirish