Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз опа-сингиллар!
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, “Жараён” веб-сайти ходимлари ҳамда шахсан ўз номимдан барчангизни ўзбекистонлик аёлларимиз, ўтюрак опа-сингилларимиз ва қизларимизни чин юракдан табриклайман.
Кириб келган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами барчангизга муборак бўлсин. Сизларга бахт-саодат, узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, хонадонингизга тинчлик ва фаровонлик, фарзандларингиз камолини кўришни тилаб қоламан.
Мен бу қутловда бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларга дучор қилинаётган минглаб маҳкумалар, ўзларининг сиёсий ва диний қарашлари боис мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган опа-сингилларимиз вазиятига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ислом Каримов режими қурбонлари бўлмиш қамоқхонадаги маҳкума опа-сингилларимиз навбатдаги 8 март байрамини ҳам қамоқхоналарда кутиб олаяптилар.
Мен 3 йил давомида бу байрамни Ўзбекистон қамоқхоналарида кутиб олишимга тўғри келди.
Ўзбекистон расмийлари 2006 йил 6 март куни менга байрам совғаси сифатида саккиз йиллик қамоқ жазосини беришган. Ўзбекистон қамоқхоналари раҳбарияти ва нозирлари 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида менга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлганини ҳам яхши эслайман.
Бир йил ана шу байрам арафасида, аниқроғи, 1 март куни ўзимни осишим учун арқон ва бошқа нарсалар тайёрланган камерага қамашгани эсимда. Яна 1 март кунги учрашувга чиқиш паллам яқинлашганда мени шовуллаб ёғаётган ёмғир тагида туришга мажбур қилишган.
Кейин эса: “Қамоқхона маъмурияти вакилларига ҳеч қандай даъвом йуқ”, деб тилхат ёзиб беришимни талаб қилишган. Ўша қалбаки ҳужжат расмийлаштираётганда нимадир деб жавоб қилишим учун ҳеч қандай аёл чидай олмайдиганкамситишлар, ҳақоратларни қилганларки…
Шундан кейин мени изоляторга қамашган ва мен байрамни изоляторда кутиб олганман. Булар 2007 йил мартида содир бўлганди.
2008 йили эса 8 март байрами арафасида мени операция қилиб, ногирон қилишлари аниқ бўлган. Операция қилинишим ҳақидаги хабарни олганимдан кейин байрамни ўта оғир ва тушкун аҳволда кутиб олганим ҳамон ёдимда.
Мен учун бу кунлар ортда қолди. Айни пайтда ҳамон ўз диний эътиқоди, сиёсий қарашлари учунгина амалдаги режим томонидан таъқибу босимлар остида қолаётган, қамоқхоналарда даҳшатли қийноқларга дучор қилинаётган ўзбекистонлик аёлларимизга, опа-сингилларимизга Оллоҳдан сабр-тоқат тилайман. Мен уларнинг яқин кунларда озодликка чиқарилишларига умид қиламан ва буни Яратгандан тилаб қоламан.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари.
Fikr bildirish