Дугонажон, асло йиғламанг
Ўзбекистондек давлатда яшашнинг ўзи бир қаҳрамонлик бўлиб қолган бир вақтда вабодек ёйилаётган қамоқ балоси минглаб оилаларнинг тинка-мадорини қуритаяпти.
Турмушнинг машаққатли ва залворли ташвишларини енгиб келаётган ўзбек аёлларининг қалбларидаги дард ва туғёнлар мен учун ҳам бегона эмас.
Ноҳақ қамалиб, инсон зоти чидаб бўлмайдиган қийноқларга гирифтор этилаётган турмуш ўртоғи ҳақида ўйлаб, егани ичига тушмай, кечалари кўзига уйқу инмай, чорасизликдан дунёларга ўт қўйишга тайёр бўлган аёллар аҳволини жуда яхши ҳис қиламан.
Фарзандларига ҳам ота, ҳам она бўлиб, уларни едириб-кийдириш учун, бундан ташқари, ҳар уч ойда «зона»га – адажонисини кўргани бориш учун озмунча меҳнат қилиши керакми улар?! Қани эди шу меҳнатнинг қадри булса. Инсон қадри бўлмаган юртда меҳнат қадри бўлармиди…
Адолатсизлик, сўнгсиз қийноқлар туфайли ҳолдан тойган, яшашдан умидини узган турмуш ўртоғини кўриб, ўзининг барча дард-аламларини ичига ютиб, уни ҳаётга қайтаришга, кўнглини кўтариб, ҳақиқат қарор топишига ишонтира олишда ўзбек аёлидан ҳам кўра бардошлироқ кимса бўлмаса керак.
Турмуш ўртоғининг ҳимояси учун давлатнинг энг қуйи ташкилотларидан тортиб энг юқори ташкилотларигача мурожаат қилганига қарамасдан, бирор масъул шахсдан тайинли жавоб ололмагач, унинг кўнгил фарёди кўзлардан дарё бўлиб оқиши тайин.
Дугонажон, асло йиғламанг! Сиз йиғласангиз, Алпомишдек суянчиғингиздан ажраласиз. Сиз йиғласангиз, фарзандларингиз келажаксиз колади, оилангиз бир умр хўрликда яшайди. Сизда шерларнинг юраги, бургутларнинг чангали, Тўмариснинг иродаси бор. Сиз ҳар бир фарзандингиз, турмуш ўртогингиз, қолаверса, ҳар бир қондошингиз учун ўзингизда куч топа оласиз. Сизда хўрланган қалблар нидосидан яралган КУЧ бор! Бу куч олдида ҳар қандай кабиҳлиг-у ёвузлик ортга чекинади. Сиз факат олға юринг.
Бошингизни баланд кўтариб, атрофга қаранг! Бугун аёллар байрами, ахир сиз ҳам аёлсиз! Ўзингизга қараб, фарзандларингизга ҳам байрам кайфиятини улашинг. Хурсандчилик қилинг. Сизни ҳеч қандай адолатсизлик, ҳеч кандай зулм синдира олмаслигини исботланг!
Мен эса сизни баҳорнинг илк байрами билан чин юракдан табриклайман. Оллоҳдан сураган барча ниятларингизнинг ижобатини тилайман.
Ҳурмат билан Моҳира.
Таҳририятдан: Ўзбекистонлик блогерларимиздан бири 8 март – Халкаро хотин-қизлар байрами арафасида йўллаган бу блог-мактубни Сиз – муштарийлар билан баҳам кўришга қарор қилдик. Айни пайтда Сиз – муштарийлардан ҳам шу каби блог-материалларни кутиб қоламиз. Ёзганингиз таҳририятимиз талабларига зид келмаса, улар албатта “Жараён” сайтида чоп этилади.
Fikr bildirish