Тожикистонлик аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди
Тожикистон Хотин-қизлар билан ишлаш давлат қўмитасининг оналар халқаро байрами арафасида тарқатган маълумотларига кўра, ўтган йил мамлакат бўйлаб қарийб 500 фуқаро ўз жонига қасд қилиш билан ҳаётига нуқта қўйган.
Шундан 280 га яқини аёллар ва 90 нафари балоғат ёшига етмаган болалар экани таъкидланади.
Маҳаллий кузатувчилар фикрича, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари билан боғлиқ рақам бунданда кўпроқ бўлиши мумкин. “Зеро кўп ҳолларда “оилага иснод” нуқтаи назаридан айрим оилалар бундай воқеадан жамият ва ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилишдан тийилади”, дейди кузатувчилар.
Соҳа бўйича экспертлар мулоҳазасича, ўз жонига қасд қилишнинг асосий омиллари кўпроқ оилада аёлга нисбатан зўровонлик ҳамда жамиятдаги ижтимоий тенгсизликка бориб тақалади.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган сўнгги хабарга кўра, Душанбе шаҳрида яна бир ёш аёл ўз жонига қасд қилиш билан ҳаётдан кўз юмган.
Тожик расмийларига кўра, Фирдавсий туманининг 63 маҳалласида истиқомат қилган 19 ёшли Шаҳноза Гулаҳмадованинг тўрт ойлик ҳомиласи бўлган.
Бундан 8 ой аввал Кўлобнинг Мўминобод туманидан Душанбега келин бўлиб тушган Шаҳнозанинг нима учун ўз жонига қасд қилгани ҳозирча номаълум қолмоқда.
“Тергов жараёнига халақит бермаслик мақсадида бу воқеа юзасидан тўла тафсилот беришдан тийиламиз. Бу ўз жонига қасд қилишми ёки қотилликми ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳозиргача жабрдийда томони сўроқ қилингани йўқ. Фақат суд-тиббийэкспертиза хулосаси жасадда зарба ва қийноқ аломатларини аниқлаганини айтишим мумкин”, дейди шаҳарнинг Фирдавсий туман прокуратураси ходими Абдураҳим Иброҳимзода.
Шаҳнозанинг жасадини унинг турмуш ўртоғи Нурулло 21 феврал куни ўз уйидан топгани айтилади.
“Кечки пайт ишдан қайтганимдан кейин уйдаги гилам устида чўзилиб ётган хотиним Шаҳнозани жонсиз ҳолатда топдим”, дея эслайди 63 маҳалладаги “Зебо” дўконида сотувчилик қиладиган Нурулло.
Шаҳнозанинг қайнонаси келини аввал бошидан руҳан тушкун ҳолатда бўлганини иддао қилади.
Аммо марҳумнинг яқинлари бу иддаоларни кескин инкор қилади.
“Бирор киши сабабсиз ўз-ўзини ўлдирмайди. Агар бу ўз жонига қасд қилиш бўлсаям, ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари синглим Шаҳнозани ана шундай қилишга мажбурлаган одамларни аниқлаб, уларга қонун доирасида жазо бериши шарт. Зеро, суд тиббий экспертиза жасадда зарба, ҳатто тиш излари борлигини аниқлади”, дейди марҳумнинг акаси Умид Гулаҳмадов.
Психолог Нафиса Юнусова мулоҳазасича, қишлоқдан шаҳарга келин бўлиб тушган ёш қизларнинг шаҳар муҳитида мустақил ҳаётга киришиб кетиши бир оз қийин кечади.
“Қишлоқ ва шаҳар шароити, улардаги имкониятлар ва қоида-тартибга ҳамма ҳам осонлик билан кўника олмайди. Энди бизда баъзи оилалар бор қишлоқ тарбиясини олган келинлардан камчилик топиб, уни эрмаклайди. Бу ёш келинчакка оғир ботиши табиий. Айнан ана шундай омиллар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп бўлмаса-да, аввал ҳам қайдга олинган”, дейди психолог Юнусова хоним.
Руҳшунос фикрича, ота-она ва атрофдагиларнинг эътиборсизлиги ҳамда ижтимоий омиллар Шаҳнозанинг ўлимига туртки бўлган бўлиши мумкин.
Айни пайтда тожик расмийлари жамиятда, хусусан, қиз ва жувонлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари йил сайин ортиб бораётганидан бонг урмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг сўнгги уч ойида аёллар ва балоғат ёшига етмаган болаларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ўтган йил шу вақтига нисбатан 11 фоизга ошган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш халқаро куни муносабати билан эълон қилган бир ҳисоботида ҳар йили дунё бўйлаб бир миллионга яқин одам ўз жонига қасд қилиши айтилган эди.
Мазкур нуфузли ташкилот экспертларининг таъкидича, дунёда барча уруш-талаш ва қотилликлар боис ўлганлардан кўра ўзини ўлдирганлар сони анча кўп экани аниқланган.
Fikr bildirish