Тожик мухолифатчиси таъқибга учради
Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоировни мамлакат хавфсизлик хизмати таъқиб қилмоқда. Бу борада Зоировнинг ўзи маҳаллий матбуот орқали қилган чиқишларида билдирди.
Социал-демократлар лидери жорий йил кузида Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари арафасида сиёсий партия аъзолари ва мустақил журналистларга босим тобора кучаяётганидан ташвиш билдирди.
– Сайлов тўғрисидаги қонунни чинакам демократик тамойилларга мувофиқлаштириш мақсадида ўтган йил охирларида коалицион қўмита ташкил этгандик. Ана шу қўмитанинг кечган йил декабр ойи ва жорий йил бошига белгиланган бир давра суҳбатлари айнан расмийлар қаршилиги туфайли ўтказилмай қолди. Бу тадбирларга парламент вакиллари, республикамиздаги элчихоналар ва халқаро ташкилотлар чақирилганди, – деди мухолифатдаги партия лидери Зоиров.
Шунинг баробарида, Зоировнинг билдиришича, ўтган олти ой давомида Коалицион қўмита аъзоларига руҳий босимлар ўтказилган.
– Масалан, ўз ҳуқуқий ваколати имконияти доирасида сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш таклифи билан чиққан халқ вакили Муҳиддин Кабирийни Душанбе шаҳар маъмурияти ҳар турли баҳоналар билан маҳкамага тортди. Бошқа бир мисол: партиямиз масъулларидан бири Шокиржон Ҳакимовга номаълум шахс телефон қилиб, сайлов тўғрисидаги қонун муҳокамасида қатнашишдан тийилишини айтган, акс ҳолда, ўлим билан таҳдид қилган, – деди мухолиф партия лидери.
Социал-демократлар лидерининг таъкидича, эндиликда унинг ўзига нисбатан очиқдан-очиқ таъқиб бошланган.
– Ички ишлар ходимлари мени 1992-1993 йилларда таниган ва партиям сафига кирган шахсларнинг яшаш жойлари ва қўл телефонларини аниқлаб, улардан менга қарши баёнот беришни талаб қилмоқда. Бу идоранинг Бахтиёр Сафаров ва Зарина исмли ходимаси эски танишларим У. Сапаров ва Ю. Сапаровани вазирликка чақириб, менга қарши ариза ёзишга мажбурлаган.
Душанбелик Назира ва Муножот билан ҳам шундай қилинган. Хатлон вилоятининг Жилликўл туманидан яна икки фуқаро ҳам вазирликка чақиртирилиб, уларга ҳам айнан шундай талаб қўйилган. Бу одамларнинг ҳаммаси турли йилларда мен билан қўшни бўлган ва бизнинг улар билан муносабатларимиз ҳозиргача сақланиб қолган. Шу сабабли бу одамлар Ички ишлар вазирлиги ходимларининг талабларини бажармаган, – дейди мухолифатдаги партия лидери Зоиров.
Эслатиб ўтсак, расмий қайддан ўтмаган Тожикистон Миллий Ҳаракати жамоатчилик ташкилоти Раҳматулло Зоиров ва унинг ташаббуси билан тузилган Коалицион қўмита розилигини олмасдан Зоировни президентликка ягона номзод ўлароқ кўрсатган ва бу таклиф барча ижтимоий тармоқларда ёйинланган.
“Тожикистон Миллий Ҳаракати Раҳматулло Зоировни 2013 йили ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловида иштирок этиш учун ягона номзод сифатида расман кўрсатади ва бошқа сиёсий партиялар ҳамда турли нодавлат ташкилотларини бу номзодни қўллаб-қувватлашга чақиради.
Раҳматулло Зоиров Тожикистон Республикасининг фуқароси ва президентлик мақомига номзодликнинг барча талабларига жавоб беради. У сўнгги 15 йил давомида тажрибали ҳуқуқшунос, президентнинг собиқ маслаҳатчиси, олийгоҳ ўқитувчиси, Социал-демократик партия раҳбари сифатида самарали фаолият юритган. У республика ичкариси ва ташқарисида катта обрў-эътиборга эга. Шунингдек, Раҳматулло Зоиров ҳамишаҳақгўйлик, адолат тарафдори бўлиб келган, жамиятда ўз тарафдорларига эга шахсдир”, дейилади жумладан Тожикистон Миллий Ҳаракати тавсияномасида.
Бу даъват, ўз навбатида, Тожикистон расмий доираларида норозилик уйғотди ва дунёнинг турли бурчагида яшаб турган тожикистонликлар орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
– Зоиров номзодидан норозиларнинг бир гуруҳи: “Ким у сизнинг Зоировингиз, халқ учун нима иш қилиб қўйибди?” деса, бошқа бир гуруҳи: “Зоиров шахсида бўлажак президентни тасаввур қилиш мумкин эмас”лигини уқтиришга уринмоқда. Қолоқ режим тарафдорларига Имомали Раҳмоновни ҳам 20 йил аввал бўлажак президент сифатида тасаввур қилиш имконсиз эди. Бошқа томондан, Раҳмонов дунё лидерлари билан президент бўлиб сайланганидан сўнг таниша бошлади. Зоиров эса жамоатчилик вакили сифатида улар билан учрашган, – дейди ана шундай баҳслардан бирида қатнашган тожикистонлик маҳаллий кузатувчи Аюб Эгамов.
Кузатувчилар мулоҳазасича, сўнгги пайтларда сайлов тўғрисидаги қонунга қўшимча ва ўзгартиш киритиш бўйича ҳар қандай таклиф билан чиққан кишилар очиқчасига таъқибга учрай бошлади.
– Агар ҳозирдан бундай чоралар кўрилса, сайловга яқин қолганда нима бўлади? Шахсан мен бирор лавозимга даъвогар эмасман. Бизнинг барча таклиф ва ҳаракатларимиз президентлик сайловларининг демократик руҳда ва шаффоф ўтишига қаратилган, холос, – дея таъкидлайди Социал-демократлар лидери Раҳматулло Зоиров.
Fikr bildirish