Мўътабар Тожибоева яна Женевага отланди
13 март куни “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Женевада Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 22-сессиясида иштирок этади. Бундан ташқари, Швейцария сафари чоғида таниқли ҳуқуқ фаоли Женева полицияси вакиллари билан ҳам учрашмоқчи.
Шу йилнинг 12 март, сешанба куни “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 22-сессиясида иштирок этиш учун Женевага жўнаб кетади.
Шунингдек, ҳуқуқ фаоли сессия доирасида ўтказилиши режаланган БМТнинг “Евросиё: Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистондан бўлган ҳуқуқ ҳимоячиларининг жимлиги” номли параллел тадбирида ҳам иштирок этади. Мазкур тадбир уюштирувчиси Фуқаровий иштирок учун жаҳон альянси шаклида ташкил этилган CIVICUS халқаро жамоатчилик ташкилоти ва FIDH бўлди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2011 йилдан буён CIVICUS аъзосидир.
Мазкур тадбир чоғида Мўътабар Тожибоева Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар аҳволи ҳақида сўзлайди. Бундан ташқари, у 2011 йилда Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқини ва шу кунда Қозоғистонда ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсунов билан боғлиқ яқинда содир бўлган воқеалар ҳақида гапириб беришни режалаштирган.
Женевага сафар олдидан Мўътабар Тожибоева 12 март куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да музокара ўтказиш учун Женева полициясига боришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойи бошида қароргоҳи Францияда бўлган “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева ўн кунлик Халқаро кинофестиваль ва Инсон ҳуқуқлари бўйича форумда (FIFDH) иштирок этиш учун Женевага борганди.
Швейцарияга ташриф чоғида Тожибоева ва унинг бир неча ҳамкасби Колонья шаҳрида, аниқроғи, шу шаҳардаги Гулнора Каримова уйи олдида бўлган. Улар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи уйини кўриш ҳамда у билан Ўзбекистондаги вазият ва мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида суҳбат ўтказиш ниятида бўлганлар.
Уларнинг Колоньяга ташрифидан сўнг кўп ўтмай БМТнинг Женева бўлими қошидаги Гулнора Каримова бошчилик қиладиган Ўзбекистон миссияси полицияга шикоят қилган. Шикоятномада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айбланган.
3 март куни Женева полицияси Мўътабар Тожибоевани қидиришга тушади. Ҳуқуқ фаоли билан телефон орқали сўзлашган полиция вакиллари улар Тожибоева хонимни нима учун қидираётганларини изоҳлашни истамаганлар. Ўз навбатида, Мўътабар Тожибоева ҳам Женева полицияси вакиллари билан учрашмай, ўша куниёқ ўзи истиқомат қилиб турган Париж шаҳрига хавф-хатарсиз жўнаб кетишга муваффақ бўлган.
Парижга етиб келиши билан Тожибоева Женева полициясида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва полиция вакиллари билан музокара ўтказиш учун адвокат ёллаган.
Бу воқеа юзасидан мухолиф қарашдаги кишилар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кўплаб вакиллари Женева полицияси хатти-ҳаракатларини танқид қилиб чиққан. Уларнинг фикрича, демократик мамлакатда ҳеч бир сиёсий мухолифатчи расмийлар томонидан таъқиб қилинмаслиги лозим.
Бу орада Гулнора Каримова бир неча кун аввал Швейцариянинг “Билан” журналига интервью бергани маълум бўлди. Нашр мақоласидан ўрин олмаган, аммо Гулнора Каримованинг шахсий блогида тўла ҳолда чоп этилган интервьюда у Мўътабар Тожибоева ва бир неча мухолифатчининг Швейцариядаги уйига ташрифига тўхталади.
“Мисол учун, кеча, баҳорнинг илк кунида Женевада биздан навбатдаги “қўллаб-қувватловчилар” хабар олди, яъни булар – на бир жиддий маош тўланадиган иши, на бир қизиқиши, машғулоти бор, ҳар доим олинган пулларинигина оқлаб беришга тайёр бўлганлардир. Бир неча кишидан иборат гуруҳ (улар қаторида тасвирчи ҳам бор), асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган хоним, «Club des Coeurs Ardents» Президенти сифатида ўзини таништириб келган Мўътабар Тожибоева ва яна ким денг? Тўғри!
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигидан шов-шувли тарзда ишдан бўшатилган Ўзбекистондаги собиқ элчи Крейг Мюррерни. У кўп йиллар давомида Тошкентда яшаб, стрип-бардаги раққосалар билан мулоқотда бўлар ва улардан бирига хатто уйланганди ҳам. Қолаверса, пахта ва бошқа давлат шартномаларини кўлга киритиш илинжида бўлган покистонлик “бизнесменлар”нинг манфаатларини ҳимоя қилган. Ўзбекистондаги турли гуруҳлар вакиллари билан дўст бўлган.
Жумладан, Беҳзод Аҳмедов билан ҳам. Уларни сохта тадбиркорлар билан турли айшу-ишрат жойларида бирга кўришган. Дарвоқе, Беҳзод бундай жойларни жуда яхши кўрарди. Женевадаги уйимизга келган бу одамлар баҳор келиши билан бизни қутламоқчи бўлишганми, бақир-чақир қилиб норозиликларини билдиришди, ё мен, ёки синлим Лола очиқ мулоқотга чиқишини талаб қилишди.
Улар сурбетларча уйга кирмоқчи бўлиб, уй атрофида юриб, камерага суратга олишга ҳаракат қилганлар. Биз полицияга ҳабар беришга, қолаверса, ўзларини “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” дея таништирувчи бу шахсларнинг бундай ҳаракатларини ўзимиз видеога мухрлашга мажбур бўлдик”, – дейди Гулнора Каримова (иқтибос орфографиясига дахл қилинмади – Жараён).
Бироқ Мўътабар Тожибоева бу борада бошқача фикрда. Аввалроқ “Жараён” билан суҳбат чоғида у Гулнора Каримова уйига ўз ташрифи сабаблари ҳақида сўзлай туриб, “Мен режим томонидан ўзбекистонлик фуқаролардан ўғирланган пул қаёққа кетганини кўрмоқчи эдим”, деганди.
12 март куни Мўътабар Тожибоева полиция вакиллари билан учрашувга “Ўтюраклар” талабалар ҳаракати вакиласи Марина Лебедева, “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг собиқ эксперти Игорь Воронцов ҳамда адвокат Амели Пиге (Amélie Piguet) билан бирга боради.
Ҳуқуқ фаоли учрашув чоғида Женева полицияси вакилларига бир нечта савол беришни мўлжаллаётганини айтди:
“Биринчидан, мен улардан БМТнинг Ўзбекистон миссияси томонидан менга қарши ёзилган шикоят аризасининг нусхасини беришни сўрамоқчиман.
Иккинчидан, “бу шикоят аризасини айнан Гулнора Каримова ёзиб имзолаганми ёки у бошқа одам номидан берилганми? Агар бошқа одам номидан топширилган бўлса, у одамнинг дипломат номидан шикоят ёзиб топширишга ҳуқуқи борми? Ҳуқуқи бор бўлса, у қай тарзда расмийлаштирилган?” деб сўрамоқчиман”, деди Мўътабар Тожибоева.
Fikr bildirish