Камолиддин Раббимов: Таниқли имом Обидхон қори Назаровга дохил петиция натижалари ҳақидаги ўйлар

Маълумки, 2013 йилнинг феврал ойида қочқин сифатида Швецияда яшаётган ўзбекистонлик машҳур имом Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирилганига бир йил тўлди.

Мазкур суиқасд иши бўйича текширувдан ҳали-ҳануз бирор натижа чиқмагани жамоатчиликни ташвишга солган. Имомнинг ўзи ҳалигача шифохонада ҳушсиз ётибди.

Ҳодиса юзасидан петицияларга ихтисослашган www.avaaz.org сайтида электрон петиция ташкил этилганди. Петиция ташаббускорлари мен ва «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бўлгандик.

Мазкур петициядан асосий мақсад ўзбекистонлик имомга нисбатан уюштирилган суиқасдга Швеция расмийларини эътиборини кучайтириш ҳамда Россия Федерацияси ҳудудида юрган суиқасднинг муҳтамал ижрочиси Юрий Жуковскийнинг экстрадиция қилинишига эришиш учун Россияга таъсир ўтказиш истаги эди.

Шунингдек, петициянинг параллел вазифаларидан бири инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ўзбекистонликлар орасида сиёсий маданият, фуқаролик позицияси ва фаоллигини шакллантириш бўлганди. Даставвал петиция имзолаш учун бир ой мобайнида очиқ бўлиши режалаштирилганди. Петиция ёпилган ҳозирги пайтга келиб ўзбекистонликларнинг сиёсий маданияти, шу жумладан, петиция имзолаш зеҳниятини таҳлил қилиш мумкин.

Биринчидан, петиция имзолаш учун бир ой давомида очиқ тургани ва турли сайтларда кенг кўламда реклама қилинганига қарамай, уни имзолаганларнинг умумий сони бор-йўғи 238 нафар кишига етди, холос.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон жамиятига мурожаатан эълон қилинган бошқа петициялар билан солиштирганда бу анча яхши кўрсаткичдир. Шу билан бирга, Обидхон қори Назаровнинг ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон Интернет ҳамжамияти мусулмон сегменти орасидаги шуҳрати ва обрўсини эътиборга оладиган бўлсак, бу миқдор ўта камдир.

Иккинчидан, имзоловчи сонининг бу қадар камлиги петиция мазмуни билан эмас, балки ўзбекистонликлар, шу жумладан, диндорларнинг умумий сиёсий маданияти ва савияси билан изоҳланади, деб ўйлайман. Бу одамлар, бир томондан, системали репрессив режим қурбонларига айланганлар, бошқа томондан эса, ўзлари учун ҳали сиёсий фаоллик моделини умуман шакллантириб олмаганлар.

Ўзбекистонликлар, шу жумладан, имом Обидхон қори Назаровнинг кўплаб издошлари ҳисобланмиш диндорлар онгига чуқур ўрнашиб қолган қўрқув аслида Ислом Каримов авторитар режимининг ресурс ва имкониятларига мувофиқ эмас. Режим бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган ўзбекистонликларни назорат қилиш имкониятига эга эмас ва хориждан туриб петицияни имзолаган барчани жазолай олмайди.

Боз устига, қўрқув қанча кам бўлса, имзоловчилар сони шунча кўп бўлади, имзоловчилар қанча кўп бўлса, фуқаролик жамият шунча кучли бўлади ва шунга қараб, авторитар режим ҳам эҳтиёткорроқ бўлиб қолади.

Учинчидан, қолдирилган имзолар стилистикаси ҳақида гапирмоқчимиз. Аввал айтилганидек, имзоларнинг умумий сони 238 тани ташкил этган. Эътиборли жиҳати шундаки, бу имзоларнинг аксарияти – 185 таси (78%) тўла-тўкис имзо эмас. Яъни улар конкрет исм-фамилияларни акс эттирмайди ва бу билан исм ортида конкрет одам борлигини ифода этолмайди.

Бу имзоловчилар ё фақат исмларини кўрсатганлар, ёки бирор сўз қолдирганлар, ёхуд тахаллус қўллаганлар. Имзоловчиларнинг 53 нафаригина (22%) ўз исм-фамилиясини тўлиқ кўрсатган ҳамда бу исмлар ҳақиқийлигини амалдаги электрон манзил билан тасдиқлаган.

Юқорида саналганлар Ўзбекистон жамияти тафаккури ва атворининг умумий ҳолатини кўрсатиш учун кичик, аммо ёрқин намуна сифатида хизмат қилиши мумкин. Мазкур намуна ҳатто дастлабки ташхис қўйишга имкон беради.

Ташхис эса будир: глобаллашув максимал даражада қулай имкониятлар тақдим этган тақдирда ҳам Ўзбекистон жамияти яқин ўн йиллар ичида фуқаролик жамияти барпо этиш учун интилишга, сиёсий онгга, онгли хатти-ҳаракатга, интеллектуал ресурсларга соҳиб эмас.

Тахминимизча, Ўзбекистонда диндорларни қатағон қилиш яқин йиллар/ўн йиллар ичида тўхтамайди. Бунинг учун глобал, минтақадаги сиёсий вазият ҳар қачонгидан ҳам қулай. Расмий Тошкентда бу борада аллақачон шаклланиб улгурган «экстремизм, террорчиликка қарши кураш» ва бошқа шу каби атамалар мавжуд.

Жамиятдаги ички ҳолат аянчлидан аянчли. Жамият демократия, эркинлик ва барча бирдек ҳурмат-иззатга лойиқ бўладиган давлат ҳақида ҳатто орзу ва тасаввурга ҳам эга эмас. Агар яқин ўн йиллар ичида диндорларга нисбатан қатағон тўхтатилган тақдирда ҳам, бу Ўзбекистон жамияти, айниқса, унинг диндор қатлами фуқаровий фаоллиги ва сиёсий онглилиги натижасида эмас, балки расмийларнинг «марҳамати» туфайлигина амалга ошиши мумкин.

Ҳар бир жамият ўзи интилган ва лойиқ бўлган эркинлик ва қадр-эътиборнинг ҳақиқий мезонларини ўзи белгилайди. Юқорида зикр этилган ва бошқа кўплаб мисоллар Ўзбекистон жамияти моҳиятан сусткаш ва онгсиз равишда ўзгаришлар бўлишини кутиб ётган конформистик жамият бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон жамияти ўзгариш учун негиз вазифасини ўташи лозим бўлган асослар ҳақида, ресурслар ҳақида реал мулоҳаза юритишни мутлақо истамаяпти. Ўзбекистон жамияти ўзи учун эркинлик чегараларини белгилаб олди.

Булар, бир томондан, зўравонлик – истибдодни тушунишга уриниш, ундан тақдир синоатларини қидиришда, бошқа томондан эса, норозилигини индамай изҳор қилиш, ҳижратга чиқиш, бошқа юртга кўчиб кетиш ва онглиликдан қочиш кабиларда акс этади.

Камолиддин РАББИМОВ,

сиёсатшунос, Франция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.