“Эзгулик” фаоли жаримага тортилди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раиси Исроил Ризаевга 2800 АҚШ доллари миқдорида жарима солинди.
Сирдарё вилоят судида 22 апрел куни Исроил Ризаев иштирокисиз ўтган маҳкама ана шундай қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Жараён”га Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов билдирди.
Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 239-моддаси (Нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини амалга ошириш тартибини бузганлик) бўйича айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Ризаев энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм) миқдорида жарима билан жазоланган.
Ўша кунги маҳкамага раислик қилган Сирдарё вилоят суди судьяси Ҳусниддин Дўстназаров таъкидича, фуқаро Исроил Ризаевга маҳкама олдидан икки марта судга чақирув қоғози берилган, аммо судланувчи сабабсиз тарзда суд мажлисига келмаган.
– Шу боисдан ҳам суд ишни Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекси талаблар асосида сиртдан кўриб чиқди, – дея таъкидлаган судья Дўстназаров.
Бироқ “Эзгулик”нинг Сирдарё вилоят бўлими раиси Исроил Ризаев ҳеч қандай чақирув қоғози олмагани ва маҳкама ўзига нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарганини айтмоқда.
– 24 апрел куни вилоят судига бордим. Менга ишим икки кун аввал сиртдан кўриб чиқилгани ва бунга оид қарор ҳам чиқарилгани айтилди. Ҳеч қанақа чақирув қоғози олмаганман ва ишим атайлиб сиртдан кўриб чиқилди, деб ўйлайман. Ҳозир республика бўйлаб мана шунақа қонунбузарлик янада кучайган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари,судьялар ўзлари билган ишни қилиб, айниқса ҳуқуқ фаолларига нисбатан мана шундай адолатсиз ҳукмлар, қарорлар қабул қилаяпти. Сўнгги пайтларда менга нисбатан тазйиқлар янада кучайган, – дейди “Эзгулик” фаоли Ризаев.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими турдош ташкилотлар орасида энг салмоқли ва самарали, дея баҳоланади. Ташкилотга ҳар куни ўнлаб фуқаро мурожаат қилиши ва тинимсиз саъй- ҳаракатлар натижасида кўплаб фуқаролар қамоқлардан озод қилингани ва кўпчиликнинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳимоя қилингани айтилади.
Халқ маорифи аълочиси, таниқли педагог Исроил Ризаевнинг “Жараён”га айтишича, у етакчилик қилаётган бўлим даставвал 2003 йили Сирдарё вилоят Адлия бошқармасида қайддан ўтган.
– 2006 йилда ҳукумат нодавлат-нотижорат ташкилотларини қайта рўйхатга олиш борасида қарор қабул қилди. Биз ҳам ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш мақсадида шу кунгача 11 марта ҳужжат тақдим этдик. Бироқ вилоят Адлия бошқармаси ҳар гал турли баҳоналар билан бизни қайддан ўтказмай келаяпти. Шунинг баробарида мазкур идора жамият фаолиятини тўхтатиш ҳақида ҳайъат қарорини чиқармагани боис биз фаолиятимизни давом эттириб келаяпмиз. Энди бугунги кунда судлар юқорида айтилган далилларни эътиборга олмасдан, аксинча ярим йиллик ҳисоботлар берилмаганини даъво қилаяпти. Ҳозир расмийлар “қонун устиворлиги” деб, ҳуқуқ фаолларининг овозини ўчиришга ҳаракат қилаяпти. 15 йилдирки, инсон ҳуқуқлари масаласида фаолият юритаман ва босимлар, тазйиқлар мен учун янгилик эмас, қўрқадиган жойим ҳам йўқ. Аксинча, жамиятга хизмат қилишда давом этаверамиз, – дейди Ризаев.
Исроил Ризаев ишини бевосита кузатиб бораётган Абдураҳмон Ташанов шу кунгача маҳкама қарори қўлларига тегмаганини маълум қилди.
Ташановнинг таъкидича, қарор билан танишиб чиқилгандан кейин адолатсиз қарор бекор қилинишини сўраб, республика юқори инстанция судларига албатта мурожаат қилинади.
– “Эзгулик” жамияти Исроил Ризаевга нисбатан айрича муносабатни жамиятга нисбатан муносабат, деб ҳисоблайди. Исроил Ризаевнинг исми оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинади. У инсон ҳуқуқлари борасидаги ўнлаб ҳисоботлар, баёнот ва ахборотлар муаллифи. Кейинги уч йил ичида Исроил Ризаев вилоят судининг сохта айбловлари билан бир неча марта жавобгарликка тортилди. Шунингдек, турли ёлланма шахслар орқали унинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланиб келинди, – дейди Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтсак, Сирдарё вилоят прокуратураси март ойи бошларида “Эзгулик” фаоли Исроил Ризаевнинг фаолиятини текширишга киришган эди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” ташкилоти ана шу муносабат билан тарқатган хабарномасида текширувга жамиятнинг Гулистон шаҳар бўлими собиқ раиси Карим Бозорбоевнинг аризаси асос қилиб олинганини билдирганди.
“К. Бозорбоевга кўра, Исроил Ризаев фуқароларни алдаб, вилоятдаги мавжуд вазиятга “қора кўзойнак” билан қараб, ғаламислик қилиб келмоқда. Фуқаролардан аризалар уюштириб, вилоят раҳбарларини жиғига тегмоқда.
Таъкидлаш керак, 2009 йилда Карим Бозорбоев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан туҳмат ва ҳақоратда айбланиб, қамоққа олинган. Ўша кунлари айнан Исроил Ризаев ва ташкилот фаоллари, дипломатик корпуслар саъй-ҳаракатлари билан ҳуқуқ ҳимоячиси қисқа фурсатда қамоқдан озод қилинган. Бир муддат интернет саҳифаларининг қаҳрамонига айланган бу шахс кейинчалик ўзгарди ва жамият сафидан чиқарилди. Энди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари манфаатларига мос равишда шикоятлар ёзиб келмоқда”, дейилади “Эзгулик” хабарномасида.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish