Фарғоналик фермерлар ҳам Россияга жўнаб кетаяпти
Ўзбекистонлик фермерлар ватанларида ҳуқуқлари топталаётгани боис ўзга юртларга тирикчилик учун кетишга мажбур бўлаётганларидан нолимоқдалар.
Бу борада Учкўприк туман фуқароси Искандар “Жараён”га хабар берар экан, сабабини қуйидагича изоҳлади.
– Шундай қилишга уларни энг биринчи навбатда йўқчилик мажбур қилаяпти. Бошқа томондан: ҳозир ер билан ҳам кун ўтмай қолди. Чунки деҳқон етиштирган ҳосилига эга чиқолмай қолди. Ер олиб, фермер хўжалик ташкил қилган қўшниларим шикоятдан нарига ўтмайди. Мен уларни жуда яхши тушунаман. Негаки, бир йил мен ҳам иккала укам билан бирга ер олиб, шунақа нарса ташкил қилган эдик. Йил бўйи унга харажат, бунга харажат, тонгдан ярим тунгача югур-югур …
Ҳосилни йиғиб, уйга олиб келган кунимиз ҳукумат вакили иккита милиционер билан ҳовлимизга кириб келиб, ҳосил аввал умумий хирмонга олиб борилиши кераклигини талаб қилди. Буйруққа бўйсунмай иложимиз йўқ. Давлатга режадагидан ортиқ буғдой топширдик. Ундан ортган буғдойдан бор-йўғи 200 килодан буғдойга эга бўлдик. Қолганини ким еди – бу ёғи бизга қоронғу, – дейди ўшандан кейин ерини топшириб, Россияга кетганини айтган Искандар.
У оиласидаги тўққиз жонни мардикорликдан топаётган пули эвазига боқаётганини айтди.
– У ердаям пул топиш осон эмас. Ҳар қадамда ҳуқуқларимиз оёқости қилинади. Айниқса ўзбек ёки тожик бўлсанг, тамом. Ишлатиб, пулингни бермай қўяди. Ўтган йили Новокузнецкийдаги қурилишлардан бирида ишладик. Бир кун роса қаттиқ ёмғир ёғди, ўшандай ҳавода ҳам бригадиримиз ишга ҳайдади. Ўзи рус одам. “Чиқмасанг, ҳаммангни ишдан ҳайдайман,очдан ўласан”, деб бақирди. Ноилож ишга чиқдик, уч метр баландликка кўтарилган эдим, оёғим остидаги тахтага қўшилиб, пастга тушиб кетдим. Яхшиям умуртқа поғанам зарар кўрмади. Фақат бошим, оёғим қаттиқ жароҳатланди. Бир ой касалхонада даволандим, топган пулим даволанишга кетди, – дейди Искандар.
Унинг айтишича, Россияда ҳуқуқлар топталса-да, Ўзбекистонда ўн йилда топадиган пулни у ерда бир-икки йилда ишлаб топса бўлади.
– Шу пули учун борамиз-да энди, нима қилайлик. Ҳозир қаерга борма, оддий халқ хўрланганини кўрасан, лекин бунга чидамай иложимиз йўқ. Россияда ишласа, одам яхши топади. Ўтган йили қизимни турмушга узатдим. Яна уйланадиган, ўқишга борадиган болаларим бор. Шулар учун Россияга бориб, ишлаб келмасам бўлмайди. Болалардан яшириб қўйган озроқ анор бор эди, ўшани пуллаб, йўл пулимни тайёрлаб қўйдим, – дейди Искандар.
У уч йилдан буён Россияда ишлаётганини, бу қисқа вақт ичида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ кўплаб воқеаларнинг гувоҳи бўлганини гапириб берди.
– Одамни эзворадиган ишлар кўп бўлади. Шулардан биттасини айтиб берай. Қашқадарёлик бир дўстим бор эди, Қобилжон деган. Ўтган йили ишлари юришмай қолди, ҳужжатлари билан роса проблема бўлди, қарзга ботди. Уйига пул юбора олмай, роса қийналди. Охир-оқибат ўзини осиб ўлдирди. Ҳаммамиз пул йиғиб, жасадини уйига юбордик. Уч боласи етим қолди. Ҳукумат одамлари жуда юқори минбарлардан туриб, аҳолига янги иш ўринлари яратиб берилаётганидан лоф уради.
Мен уларнинг ўрнига хижолат бўлиб кетаман. Иш бўлса, ўзбеклар бегона юртда шунақа сарсон бўладими? Ҳеч бўлмаса, қўшниларимиз – Қозоғистон, Тожикистон билан муносабатларимиз яхшиланса, ўша мамлакатларда ҳам иш топиб, тирикчилик ўтказиш мумкин. Мана ҳозир Қозоғистон билан чегарадан ўтиш учун бир кишидан 200 минг сўм пора олишаяпти. Ким олади ўша пулни – яна ўша давлат одамлари. Бу давлат тепасида ўтирганлар ҳеч қачон халқнинг ғамини емайди, – дейди Искандар.
У Россиядан келиб, қизини турмушга берганидан кейин оилада ўзидан бошқа ишчиси бўлмагани учун пулдан қийналиб турганини айтади.
– Бу ердаги аҳволни кўриб, чидамай кетасан. “Ҳамма ёқ тўкин-сочин”, деб мақтанишади. Қани ўша тўкин-сочинлик? Бировнинг мамлакатига бориб ишламасанг, очингдан ўласан. Яхшиям тақдиримизда ўша Россия бор экан. Ҳозир ишламаётганим учун ҳовлимдаги соғин сигир болаларимнинг кунига яраяпти. Бир хил оилаларда шуям йўқ. Бечора йигитларимиз, уларга қўшилиб хотинлари йиллаб Россиядан келолмайди. Болалар бўлса, бу ерда ота-она меҳридан, тарбиясидан узоқда. Буларнинг келажаги нима бўлади? – дея савол ташлайди Искандар.
Суҳбатдошимизнинг фикрича, Россия минтақадаги айрим мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам виза тартибини жорий қилиш борасидаги таҳдидларини амалда қўлласа, оқибати фақат ўзбекистонликлар учун ёмон бўлади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish