Мамадали Маҳмудов озод бўлди

Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхати аввалида саналадиган ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) 19 апрел куни қамоқдан озод қилинди.

Ўзбекистонга оид янгиликларни ёритиб борувчи аксар сайтларда чоп қилинган бу хабарни ёзувчининг рафиқаси Гулсара опа Маҳмудова тасдиқлади.

«Жараён» ходимлари боғланган пайтда Мамадали Маҳмудов ҳордиқ олаётгани боис у киши билан бевосита сўзлашишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда қамоқдан озод этилган ёзувчини зиёрат қилиш имконига эга бўлган фаолларга кўра, узоқ йиллик қамоқ ҳаёти Мамадали Маҳмудов соғлиғига жуда ёмон таъсир қилган.

72 ёшли Мамадали Маҳмудов 1999 йил 16 февралида Тошкентда содир бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган ва 14 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўша пайтда Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилганлик ва президентни таҳқирлаганликда айбланган Мамадали ака бу айбловларни рад этган ва ўзининг қийноққа солинганини айтган.

Мухолифатдаги «Эрк» демократик партияси фаоли Мамадали Маҳмудов ўзбекистонликлар орасида нафақат толмас курашчи, балки «Ўлмас қоялар», «Боғдон бўриси» ва бошқа асарлари билан танилган машҳур ёзувчи ҳамдир.

Аввалроқ Мамадали аканинг яқинлари 14 йиллик қамоқ жазосини тўла ўтаб бўлган ёзувчининг жазо муддатига Ғазалкент туман суди шу йил 8 апрел куни яна уч йил қўшиб бергани, бу жазо гўё унинг қамоқхона маъмурияти талабларига бўйсунмаганлиги учун тайин қилингани ҳақида маълум қилгандилар. Ҳайтовур, мазкур суд ҳукмидан 11 кун ўтиб, Мамадали Маҳмудов кутилмаганда уйига кириб келган.

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Мамадали аканинг озод этилиши ўзбекистонлик фаолларнинг барчасини бирдай хурсанд қилганини айтади.

Унинг фикрича, Мамадали МаҳмудовЎзбекистон қамоқхонасида жуда узоқ муддат тутиб турилганига қарамай, ўз эътиқодига хиёнат килмаган инсонлардан биридир.

– Мен Мамадали аканинг озодликка чиққанлари билан табриклайман. Бу жуда катта ғалаба. Мамадали Махмудовнинг озод этилиши Ўзбекистондаги диктатура режими билан олиб борилаётган кураш натижаларидан бири, деб ҳисоблайман.

Озод қилиниши талаб этилаётган сиёсий маҳкумлар рўйхати бошида турган Мамадали аканинг озодликка чиққани бошқа ҳаммаслакларимиз озод қилиниши учун ҳам курашни давом эттириш лозимлиги борасида умидларимизни орттирди. Умид қиламанки, узоқ йиллар давомида қамоқхонада ўта оғир шароитда йўқотган соғлиғини тиклаши учун у кишига халқаро ташкилотлар ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак берадилар, – деди Мўътабар Тожибоева.

Халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқуни дея эътироф этилган Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжон, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Эркин Қўзиев, Ғанихон Маматханов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов ва бошқа фаоллар ҳали-ҳамон Ўзбекистон қамоқхоналарида азият чекишда давом этмоқда.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.