Ўзбекистонда бюджетчилар инглиз тили ўрганишга мажбурланмоқда
Тошкентдаги айрим бюджет ташкилоти ходимлари ўзлари ишлаб турган ташкилот раҳбарияти уларни ўз ҳисобидан инглиз тили ўрганишга мажбур қилаётганидан нолишмоқда.
Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги 2-болалар стоматологик поликлиникасида ишлайдиган Нилуфар (исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган) «Жараён»га қуйидагиларни айтиб берди.
– Яқинда бўлиб ўтган мажлисда поликлиника бош шифокори ҳамма ходимларга:“Ўз соҳаларинг бўйича инглиз тилини ўрганишларинг шарт”, дея буйруқ берди. Аммо бу буйруқнинг энг ақлга сиғмайдиган томони шундаки, шифокорлар ўз ёнларидан пул сарфлаб, тил ўрганишлари керак экан, поликлиника раҳбарияти бунинг учун ўз ходимларига бирор тийин ҳам ёрдам пули ажратмас экан.
Ўзи шифокорларимиз ҳар ойлик маошларидан бош шифокорга «доля» олиб кириб берса…Бунинг устига, нарх-наво жуда баланд, оила боқиш ўзи бўлмаяпти. Буларнинг бари етмагандай, энди ўз ёнимиздан пул сарфлаб, инглиз тили ўрганишимиз керак экан, – дейди шифокор.
Маълум бўлишича, ўтган ой мобайнида пойтахтдаги аксар бюджет ташкилотлари ходимлари ўз раҳбариятидан ана шундай топшириқ олган. Тошкент шаҳридаги ўрта мактабларнинг бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган Шаҳодат опанинг (респондент исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилган) айтишича, у ишлайдиган мактаб директори ҳам ҳамма ўқитувчиларга ўз ҳисобидан инглиз тили ўрганишни топширган.
– Мажлисда директор ҳамма ўқитувчиларимизга:“Инглиз тилини ўрганишларингиз шарт”, деб тайинлади. Албатта, бу замон талаби, аммо буни ўз ҳисобимиздан қилишимиз керак экан-да. Ахир маошларимиз жуда оз бўлса, энди бу ортиқча харажат бўлаяпти биз учун, – дея нолиб гапиради мактаб ўқитувчиси.
Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари расмийларнинг аҳолини, асосан бюджет ташкилоти ходимларини ўз ҳисобидан инглиз тили ўрганишга мажбурлаётганини инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши ўлароқ баҳоламоқдалар.
Айтиш жоизки, ўзбек расмийлари бундан аввал ҳам давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимлар ҳақ-ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари кўп маротаба қайд этилган ва бу ҳақда қатор мустақил оммавий ахборот воситалари хабар қилгандилар. Бу каби хабарларда ўзбек расмийлари бюджетчиларни пахта йиғим-терими, қурилиш, чор-атрофни тозалаш каби ишларда бепул ишчи кучи сифатида фойдаланаётганлари қайд этилган.
Кузатувчилар Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ходимларининг ёппасига инглиз тилини ўрганишга мажбурланаётганларини президент Ислом Каримовнинг яқиндаги нутқи билан боғламоқдалар. Эслатиб ўтсак, апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда интернет муҳимлиги ҳақида сўзлаган Каримов бунинг учун инглиз тилини ўрганиш зарурлигини таъкидлаганди.
Францияда қочқинликда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзбек ҳукуматининг аҳолини оммавий равишда инглиз тилига ўргатишга мажбурлаш ҳаракатини расмийларнинг навбатдаги “сиёсий кампания”си ўлароқ баҳолайди.
– Ўзбекистонда бошқа тадбирлар каби расмийлар инглиз тилини ўрганишни ҳам сиёсий кампанияга айлантириб юбордилар. Оммавий, дабдабали ва мажбурий равишда амалга оширилаётган кампания зарур ресурсларсиз ва давлат маблағи сарфланмаган ҳолда амалга оширилмоқда. Расмийлар аҳолини биринчи синф ўқувчисидан бошлаб инглиз тилига ўргатмоқчи, аммо бунинг учун кадрлар – инглиз тилини юзаки бўлса ҳам биладиган ўқитувчилар етишмаяпти.
Олдга қўйилган мақсадни амалга ошириш учун расмийлар параллел равишда ўзлари севган механизмларни ишга солаяптилар – жамият субъектлари, яъни нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлар, хўжалик субъектлари ва бошқаларни кадрлар ва маблағ томондан “қўлдан келганча” кўмак кўрсатишга мажбур қилмоқдалар.
Маълумки, мажбурлаш инсонларнинг ҳатто энг эзгу ниятлардан ҳам безишига олиб келади. Агар Ўзбекистон расмийлари инглиз тилини ана шундай йўл билан ёйиш ниятида бўлсалар, бу ўзбек жамиятида инглиз тилига нисбатан антипатия уйғонишига сабаб бўлиши мумкин, – деди Камолиддин Раббимов.
Fikr bildirish