Қорақалпоғистонлик ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимов ҳамон ҳибсда қолмоқда

Шу йилнинг 9 июн куни Манғит қишлоғидаги уйидан олиб кетилган ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимов ҳозиргача Амударё туман Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Бу борада унинг акаси Қуралбой Раҳимов 13 июн куни “Жараён”га маълум қилди.

“Тўрт кун бўлди – укам Эргашбойнинг аҳволидан хабаримиз йўқ, ундан хавотирдамиз. Овқат киритилмаяпти, калтакланган бўлишига ҳам шубҳам йўқ. Альянс (Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси – Жараён) вакили Шуҳрат Рустамовнинг  тавсияси билан кеча туман судига борган эдим. У ердаги қидирув доскасига укам Эргашбойнинг ҳам сурати ёпиштирилиб, тагига унинг қидирувда экани ёзиб қўйилган экан. Кейин ўша идорадагилардан укамга қидирув эълон қилингани тўғрисидаги суд қарори нусхасини беришларини сўрадим. Ҳар нарсани баҳона қилиб, қарорни беришмади, қайтиб келдим”, дейди ҳибсда қолаётган қарақолпоғистонлик ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимовнинг акаси Қуралбой Раҳимов.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг таъкидича, Эргашбой Раҳимовга илгари жиноят иши очилмагани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилиниши республиканинг амалдаги қонунларига хилофдир.

“Қолаверса, Эргашбой Раҳимов туман прокурори санкциясисиз ҳибсга олинган. 9 июн куни уйига келган участка милиционери туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи чақираётганини айтиб, уни ўзи билан бирга олиб кетган. Ундан олдин ҳам Эргашбойга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тазйиқ ўтказиб, деярли ҳар куни бўлимга олиб кетиб турган. Бу гал ҳам қонунга бўйсунган ҳолда бўлимга борган Эргашбой бошлиқ билан суҳбатлашиш учун эмас, балки камера тиқиб қўйиш учун олиб кетилгани маълум бўлди. Суд айблови ва рухсатисиз Эргашбой Раҳимовни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб туриш муҳлати тугаган бўлишига қарамай, у қўйиб юборилмаяпти. Бу республикамиз қонунлари ва фуқаро Эргашбой Раҳимовнинг конституцион ҳуқуқларининг Амударё милиция идораси масъуллари томонидан топталишидир”, дейди альянс фаоли Шуҳрат Рустамов.

Рустамовнинг “Жараён”га билдиришича, Эргашбой Рустамов шу йилнинг феврал ойида юртдоши Солижон Абдураҳмонов ҳимояси учун Тошкентдаги тадбирларда иштирок этганидан кейин унга нисбатан тазйиқлар кучайган.

“Бугун Эргашбойнинг ҳибсга олинишининг сабаби шудир, деб ўйлаймиз”, дейди Шуҳрат Рустамов.

Қуралбой Раҳимовнинг айтишича, укаси ўз яқинлари билан отасидан мерос қолган ҳовли-жой масаласида судда ютқизганидан кейин суд юқори поғоналарига кетма-кет мурожаатлар қилган. Натижада Эргашбой Раҳимов Амударё туман судининг қарорини бекор қилдиришга эришган.

“Суднинг катталари акаларимдан пул еб, уларнинг ёнини олиб, қарор чиқарган эди. Энди укам Эргашбой уларнинг устидан юқорига ёзавериб, уларнинг қарорларини бекор қилдиргандан кейин улар укам Эргашбойни мана шундай қамаб, уни жисмонан йўқ қилишга келишиб олган”, дея укасининг ҳибсга олинишига оид тахминлари билан ўртоқлашди Қуралбой Раҳимов.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамовдаги маълумотларга кўра, Амударё туман Ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимовга нисбатан ҳозиргача ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган.

Мавзуга ойдинлик киритиш учун Қорақалпоғистон вилоятининг Амударё туман ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам қўнғироқ қилдик, бироқ бу уринишларимиздан ҳеч қандай натижа чиқмади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Эргашбой Раҳимов мазкур туманда нафақат ўзининг, балки бошқа ўз юртдошларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳам курашаётган ягона шахс ҳисобланади.

12 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш халқаро ташкилотлари ва элчихоналарга мурожаат қилиб, уларни ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимовнинг озод қилинишига амалий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.