Туркманистонда ўзбек sim-карталарига қарши кураш бошланди
Туркманистоннинг Тошовуз шаҳрида полиция ўз айғоқчиларига Ўзбекистон sim-картасига эга бўлган кишиларни кузатиб бориш ҳақида буйруқ берган.
Ўзбекистон мобил алоқа операторлари хизматидан фойдаланишга бўлган таъқиқ кампанияси Ўзбекистонда фаолият юритувчи иккита алоқа оператори ўз станциялари миқдорини кўпайтирганидан кейин бошланди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида фаолият ҳудудларига Туркманистоннинг Лебап ва Тошовуз вилоятлари ҳудудлари ҳам кирадиган 531 та асосий станция қурилиши якунланган.
Ўзбекистон билан чегарадош туманларда яшовчи аҳоли ўзбек операторлари бўлмиш Beeeline ва Ucell хизматларидан фойдаланишни афзал кўради. Мазкур ширкатлар билан туркман операторлари рақобатлаша олмаслиги айтилади.
Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон мобил алоқасидан фойдаланишда миллий хавфсизлик учун таҳдид кўрмоқдалар.
– Ҳозирги кунда мобил телефонларга ўзбек симкаларини солиш чиндан ҳам хавфли бўлиб қолди, – дейди Тошовузда яшайдиган Ирина Волкова (суҳбатдошимизнинг исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган). – Ишхонада текширувчилар жуда ҳам кўпайиб кетди. Раҳбарият ҳам, кадрлар бўлими ҳам. Улардан ташқари, ҳамкасблар орасида ҳам чақимчилар етарли. Иккинчи телефонни уйда сақлашга мажбур бўлаяпмиз. Унингсиз ҳечам иложи йўқ. Ҳар куни шахсий масалалар бўйича Ўзбекистоннинг Урганчига қўнғироқ қилиб туришимизга тўғри келади. Агар халқаро телефон сўзлашувлардан фойдаланадиган бўлсак, умуман пулимиз етмайди.
Тошовуздаги ўзбеклар жамияти вакили полициячилар кўчаларда одамларни оралатиб текшираётганларини айтади. Улар биринчи навбатда ўзбек маҳаллаларида яшовчи ёшларда таъқиқланган симкалари бор-йўқлигини текшираяптилар.
Ўзбек симкаларига таъқиқ кампанияси Лебап вилоятида жорий йил бошида бошланган. “Озодлик” радиосининг туркман хизмати хабарига кўра, полиция кўчада истаган одамни тўхтатиб, унинг телефонини текшириш ҳуқуқини қўлга киритган. Ўзбек симкаси топиб олинган тақдирда одамларга ҳеч бир асоссиз равишда 1000 доллардан кўпроқ миқдорда жарима солинган ҳолатлар ҳам маълум.
Fikr bildirish