Ўш ва Жалолободдаги вазият ташвишлилигича қолмоқда
2010 йилнинг 10-14 июнь кунлари Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида содир бўлган воқеалар ўзининг шафқатсизона ва ваҳшиёналиги билан замонанинг қонли воқеалари тарихидан жой олди.
Ўша кунлари миллий мансубияти туфайли юзлаб кишилар, жумладан, гўдаклар, ёш болалар, аёллар ва қариялар ўлдирилди. Инсоният одамларнинг тириклайин ёндирилишига гувоҳ бўлди. Ахборотлашув ва глобаллашув даврида генетик жиҳатдан нормал одамга хос бўлмаган бу ёвузликларнинг барчаси миллионлаб рақамли ахборот ташувчиларга ёзиб олиниб, омма эътиборига ҳавола қилинди.
Ушбу воқеалар Марказий Осиёда яшовчи миллионлаб кишилар онгида кескин бурилиш ясади, аммо бу зеҳният ҳали ўзини намойиш қилиш учун имконият топганича йўқ. Мазкур тарихий жиноят, совуққонлик ва синчиковлик билан ҳужжатлаштирилган тадқиқотлар ва халқаро экспертларнинг баҳоларига мувофиқ, “инсониятга қарши жиноят” сифатида таснифланган.
Ўша мудҳиш ҳодисалар содир бўлганига роппа-роса уч йил тўлган бўлса-да, у ердаги вазият ўта ташвишлилигича қолмоқда. Мазкур воқеалар айбдорлари – уларнинг иштирокчиларию ижрочилари ҳам, уюштирувчилари ҳам жазоланганлари йўқ. Вазият ўша воқеалар қурбонларининг овозларини ўчириш ҳисобигагина тартибга солинди, холос.
Халқаро амалиётга мувофиқ, бундай вазиятларда сўзсиз томонларни яраштириш жараёни йўлга қўйилади. Одатда “яраштириш” жараёни можаро/жиноят содир бўлишига туртки бўлган жиҳатларни ўз ичига қамраб олади ва уларни ҳал қилиш йўлларини таклиф қилади. Айбдорларни, тинч ва айбсиз аҳолининг қотиллари бўлган кишиларни жазолаш эса яраштириш жараёнининг албатта бажарилиши шарт бўлган жиҳати бўлиб ҳисобланади.
Сўнгги уч йил давомида Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеалар мониторинги билан ўнлаб халқаро ташкилот, юзлаб эксперт ва кўплаб давлатлар шуғулланмоқда. Аммо бугунги кунда бирорта ҳам халқаро ташкилот ва эътиборли эксперт Ўш ва Жалолободда томонларни яраштириш жараёни мавжудлигини қайд этолмайди.
Боз устига, вақти-вақти билан мустақил оммавий ахборот воситаларида Қирғизистон жанубида мазкур қонли воқеаларнинг такрорланиш хавфи тўла сақланиб қолаётгани бўйича хавотирларни юзага келтирувчи материаллар пайдо бўлиб турибди. Қирғизистон жанубидаги этник озчилик вакиллари доимий қўрқув остида кун кечирмоқдалар, улар ўзларини ҳақ-ҳуқуқлардан, инсоний қадр-қимматдан маҳрум қилинган ва доимий хўрликларга маҳкум қилинган каби ҳис қилмоқдалар.
Сўнгги уч йил давомида оммавий ахборот воситалари орқали мамлакат жанубида яшайдиган этник озчилик вакилларининг ҳақсизлиги ва камситилишига оид жуда кўплаб маълумотлар ёритилди, уларнинг барчасини мазкур баёнотда келтиришнинг имкони йўқ.
Бугунги кунда Ўш ва Жалолободда омма кўз ўнгида тинчлик ва тартиб ўрнатилган бўлса-да, фуқароларни миллий мансубиятга кўра таҳқирлаш бўйича айрим ҳолатлар давом этаётгани ва бундай ҳолатлар муттасил кузатилаётгани боис мамлакат жанубида депрессив вазият юзага келмоқда.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Қирғизистон жанубидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бораяпти ва айни пайтда томонларни яраштириш бўйича ҳаққоний жараён амалда йўқлиги юзасидан ўз хавотирини билдиради. Шу важдан ташкилотимиз халқаро ҳамжамиятни 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубида юзлаб тинч аҳоли вакилларининг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеалар такрорланишининг олдини олиш бўйича қўлдан келган барча ишни амалга оширишга чақиради.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Париж, Франция,
10 июнь 2013 йил
Fikr bildirish