Жараён: Бобомурод ака, ИИБда Сиз билан ким суҳбатлашди, нималар ҳақида гап борди?
Бобомурод Раззоқов: ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлим бошлиғи Алишер Андаев мени уч ярим соат давомида тергов қилди ва қатор талаблар қўйди. Шулардан энг асосийси – “Эзгулик”дан чиқиб кетишим ва хорижий оммавий ахборот воситаларига вилоят ҳақида ҳеч қандай ахборот бермаслигимга оиддир.
Жараён: Бу талабларни бажармасангиз, нима бўлар экан?
Бобомурод Раззоқов: Ўша суҳбат давомида “Бирдамлик” халқ ҳаракатининг Бухоро вилоят Қоракўл туман аъзоларидан бири СНБда тергов қилингани ва унинг тавба-тазарруси ёзиб олинган видеони қўйиб беришди. “Агар сиз ҳам талабларимизни бажармасангиз, бошингизга мана шундай қора кунлар тушади” деб, оилам ва фарзандларимга урғу беришди.
Жараён: Сиз бу талабларни бажариш ҳақида бирор қарорга келдингизми?
Бобомурод Раззоқов: Мен уларга тушунтириш хати бердим, маълум маънода ён босдим, чунки қанақа жамиятда яшаётганимни сизлар ҳам яхши биласизлар. Шунинг билан бирга, мен “Эзгулик” жамиятини ҳам вазиятдан хабардор қилдим. Мен албатта жамият билан биргаликда, ҳамкорликда қарор чиқараман.
Жараён: Сизнинг “Эзгулик”даги фаолиятингиз ИИБ масъулларига бирор ноқулайлик туғдираётган эканми, нега улар бундай талаб қўйди, деб ўйлайсиз?
Бобомурод Раззоқов: Улар мен “Эзгулик”даги фаолиятим билан вилоят прокуратураси, ИИБ ва бошқа шу каби ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига халақит бераётганимни уқтиришди. Уларга: “Сенлар ишламаяпсанлар” деб, қаердандир босим бўлаётган эмиш. “Бу соҳанинг ўз мутахассислари бор, инсон ҳуқуқлари билан ўшалар шуғулланишади, сиз эса талабимизни бажаринг”, дейишди. Бизда ҳозир “ақл жанги” бошланган. Ҳаммаси бир кун яхши бўлишига умид қиламан.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг шу воқеаларга муносабат билан тарқатган сўнгги баёнотида: “Бола-чақангиз бор, шуни ўйланг. Вилоятдаги камчиликлар ҳақида кўпам ҳаммаёққа жар солаверманг. Тошкентдаги Абдураҳмон (“Эзгулик” вакили А. Ташанов назарда тутилмоқда – “Жараён”) деганга кўп қўнғироқ қилманг. Аксинча, сизга муносабат яхши бўлмайди”, деди. Шунингдек, узундан-узоқ тергов оҳангидаги суҳбатда ҳукуматнинг қўли узунлиги, исташса, ҳамма нарса қилиши мумкинлигига ишора қилишди. Жондорлик эзгуликчи Насрулло Шодиевни ҳам сўроқ қилишиб, унга Жиноят Кодексининг 244-моддаси билан суриштирув бошланганини айтишди. “Менга қандайдир провокация уюштиришмоқчи, шуни ҳисобга олинглар”, деди Бобомурод ака мазкур суҳбатлардан сўнг “Эзгулик” раҳбарияти билан телефон орқали боғланиб”, дея билдирилади.
“Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташанов Бухоро вилоят ИИБ масъулларининг Бобомурод Раззоқов олдига қўйган талабларини “ғирт аҳмоқона талаблар, бу уларнинг ўта саводсизлиги белгисидир”, дея баҳолади.
“Фаолияти қонун доирасида таъқиқланмаган бўлган ташкилот ёки жамиятда фаолият қилишга ҳамманинг, жумладан, Бобомурод Раззоқовнинг ҳам тўла ҳаққи бор. Мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга кенг имконият берилаётгани ҳақида президентимиз ҳам таъкидлаб келаяпти. Бухоро вилоят ИИБ масъулларининг бу хатти-ҳаракатлари нафақат Бобомурод Раззоқовга, балки Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига ҳам босим ва таъқиб, деб қабул қиламиз”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Унинг билдиришича, Бобомурод Раззоқов маҳаллий ҳокимиятдаги коррупция ва порахўрлик ҳамда бошқа шу каби қонунбузарликлар ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситаларига доим холис ахборотлар бериб турган.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти кечган ҳафта сўнгида тарқатган баёнотида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт ва бошқа қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан мазкур ҳолат бўйича дарҳол изоҳ беришни талаб қилган.
Гулнора РАВШАН суҳбатлашди.
Fikr bildirish