Ғалати туйғу. Бу йўлда кечасиям ҳаракат худди кундузгидай бўларди, ҳозир эса зоғ учмайди. Бироқ ҳар бир чорраҳада қўшша-қўшша ДАН ходимлари туришибди, уларнинг туриши эгилгансимон, афти эса ўта ғалати – ёқимли, нур ёғилгандай. ДАН ходимларида бундай афту-ангорни мен умримда кўрган эмасман. Устига-устак, улар менга честь бера бошладилар. Кўзингизнинг олдига келтира олаяпсизми?
Менда йўл четига тўхтаб, эс-хушим жойидамикинлигини текшириб кўриш истаги ҳам туғилгандай бўлди. Туш кўраётганим йўқмикин? Кришаммасмикин? Машинамни йўл четига олаётганимда, Худога шукр, бирдан “лоп” этиб ҳаёлимга келди: э-э-э, булар президент кортежини кутаётган бўлса керак! Асосий йўлга чиқадиган ҳамма бошқа йўллар тўсилган-ку! “КЕЛАЯПТИ!!!” – деган буйруқ берилган бўлса керак! Лекин шу буйруқдан бир лаҳза олдин мен ўз “Мерседес”имда асосий йўлга кириб қолганман! Бўлди! Аниқ шундай бўлган! Милицияларимиз мени давлат қўриқлаш хизмати (ДҚХ) ходими деб ўйлашган: ҳамма нарса яхшими, йўлларни тўғри тўсишганми – бу ходим, яъни мен, шуни текширгани ҳаммадан олдин йўлга чиқарилган бўлиши керак!
Шу лаҳзада мен мамлакатда президент бўлиб ишлаётган Каримов уни қанчалик даражада билмаслигини тушундим. Йўқ, бу фикр жудаям янгиликмас. Лекин Ўзбекистон ва унинг ҳозирги президенти орасидаги жарлик мен учун бир лаҳзада аён бўлди. Бу жарликнинг чуқурлиги ва ҳатто ўпқонлиги шундан иборат-ки, биз ва Каримов бошқа-бошқа дунёларда яшар эканмиз. Бизнинг ўзимизнинг Ўзбекистонимиз бор, унинг Ўзбекистони эса бутунлай бошқа! Биз ва у баҳайбат товуш ўтмас ва кўз кўрмас деворнинг турли томонларида яшар эканмиз: у деворнинг бир томонида, биз эса деворнинг иккинчи томонида. Ўзини севган халқлар ва уларнинг давлат бошлиқлари орасида ҳеч қандай девор йўқлигини нафақат эшитганмиз, балки кўриб ҳам турибмиз. Йўлда мен бир нарсани аниқ сездим: биз ўзини севган халқ эмас эканмиз!
Фикримча, президент беўхшов ҳатти-ҳаракатларини ЎЗИнинг Ўзбекистонидаги ишларнинг ҳолатидан келиб чиқиб қилади, БИЗ томонга эса у ҳар қанча истаса ҳам ўта олмайди. Истаган томонига ўтиши мумкин, бироқ биз томонга эмас. Вашингтон ёки Брюссельгами – марҳамат, бемалол. Биз томонга эса самолёт учмайди. Биз томонга ҳатто ўқўтмас “Мерседес”да ҳам ўта олмайди. Қашшоқлик, ишсизлик, ўғрилик, ифлослик, бангилик, вайроналик, йўллар ўйилиб-кўллаб ётган, газ ва электр йўқлигидан таппи ёқиб тирикчилик қилинаётган, ҳукумат идораларидаги қўполлик ва ваҳшийлик ҳукм сурган бизнинг Ўзбекистонимизга президент ҳеч қачон келмайди ва ундан хабар ҳам олмайди. Ҳеч иложи йўқ. Иложи бўлганда кўп нарса тушунарли бўларди.
Бир кун у узоқ бир ҳудудга ташриф буюрди. У ерда у нимани кўрди, деб ўйлайсиз? Биринчидан, унинг нигоҳи яхши шим-костюм кийган, галстук таққан, табассум билан турган одамларга тушди. Бизлар уларни мансабли шахслар, хўжайинлар деб ўйлаймиз. Президент-чи? Президент учун улар ҳечкиммас! Улар маҳаллий хўжаликлар ёки идораларда ишлайдиган одамлар, холос: бири – фермер, пахта экади, бири – электр тармоғини бошқаради, бири – ҳокимиятда ишлайди…
Ҳа, шинам шим-костюм кийиб, галстук таққанлар айнан шулар. Гарчи Тошкентдан анча узоқда яшасаларда, кўринишдан оч яшамасалар керак, камбағал ҳам эмаслар. Асосийси, улар президент билан учрашганларидан ўта хурсандлар! Уларнинг юзларидаги бундай қиёфани атайлаб қилолмайсиз. Қизиғи, бошқа кунларда улар галстук ҳам тақишмайди, қимматбаҳо шим-костюм ҳам кийиб юришмайди, кўпчилиги ҳаммомга ҳафтада бир марта ҳам тушавермайди. Кўпининг уйида ҳаммоми ҳам йўқ.
Учрашувдан кейин президент автовокзал рўпарасидаги туман маркази майдонидан ўтди: қараса, машиналар кўп бўлмаса ҳам, лекин Тошкентдан хийла узоқ авлоқ туман бўлса-да, машиналарнинг кўпчилиги “Мерс”, “Ласетти”, “Нексия” ва яна қандайдир алламбало машиналар экан. Президент кетгандан кейин бу машиналарнинг кўпчилиги қаёққадир йўқолди, ўрнида асосан “Жигули”лар пайдо бўлди. “Сизларда транспорт масаласи ёмон эмас экан”, дейди Каримов йиғилганларга. Қайтаётиб, кенг, текис, ҳамма жойда белгилар ўрнатилган трассага чиқишди.
Трассада одам тугул бирорта машина ҳам кўринмайди. “Яна мамлакатда йўллар етишмайди, дейишади”, деб тўнғиллади президент шерикларига. “Ҳамма бунёдкорлик билан банд бўлса, машинада беҳуда юрадиган одам бўлмаса, одамларга йўлнинг нима кераги бор?”, деб жаҳл билан қўшиб қўйди у. Гапни нима билан тугатаркин, деб шериклари унинг оғзига қараб туришарди. “Ўзи ментларимиз ва прокурорларимиз маошига пул топиб бераолмаётганимизда ғаламислар пулни йўл қуришга сарфламоқчи. Ҳеч кимга ишониб бўлмайди. Ўзим текширишимга тўғри келади”, деб сўзини тугатди президент.
Трассада одам кўринмасада, бироқ яхши кийинган, юзларида табассум билан ДАН ходимлари тўда-тўда бўлиб туришибди. Улар ҳам президентни бир лаҳза, кўз очиб-юмгунча кўрганларидан беҳад хурсандликларини яширишаётганлари йўқ. “ДАНда жаҳлдор, порахўр, адолатсиз одамлар ишлашади, деган гапларни қайси ифлослар тарқатишар экан-а?! Шундай нур ёғилиб турган қиёфали шахслар порага зорми? Албатта, йўқ!”, деган фикр ўтиб борарди кўрганларидан хурсанд бўлган президентнинг ҳаёлидан. Шериклар дамини чиқармагандан кейин атрофга қараб келаётган Каримовни ўй босди.
“Мана, йўлдаги бир шаҳардан ҳам ўтиб кетдик. Ёмон эмас. Тоза. Чанг-панг йўқ. Гулгумбазларга қаранг – ундаги гуллар шу бугун экилганга ўхшаб барқ уриб турибди. Ҳаммаси жойида. Буларнинг бариси шаҳар маъмурияти яхши ишлаётганининг бир белгиси. Бу ҳудудларда ҳеч нарса ўсмайди, дейишади яна. Ёлғон ҳам эви билан-да! Шаҳар учун, албатта, машиналар камроқ кўринади. Ҳатто автобекатларда ҳам сийрак. Машиналар у ёқда турсин, одамлар ҳам кўринмайди-ю. Ҳамма ишда бўлса керак, чунки, биринчидан, бизда ишсизлик йўқ, иккинчидан, бугун сешанба – иш куни. Иш билан таъминлаш масаласида ҳатто бизнинг авлоқ жойларимиз ҳам Европадан ўлса ўлиги ортиқ!”.
– Давлат протоколига асосан олдимизда келаётган шаҳарда ярим соат тўхтаб ўтишимиз керак, Ислом Абдуғаниевич, деб протокол бошлиғи президентнинг ҳаёлини бузди. Ўша пайтда президенткортежи одамсиз ва машинасиз кенг йўлда шиддат билан кетиб борарди. Мана, тўхталадиган шаҳар ҳам кўринди. Шаҳар ҳокими яхши одам, синалган, сакдай вафодор. Уни ўзи танлаган. Мана 12 йилдир-ки ишончини оқлаб келаяпти. Мушти қаттиқ, керак бўлса оёқни ҳам ишлатади, қаҳридан сув музлайди. Прокурор, милиция бошлиғи, МХХнинг маҳаллий раиси унинг чизган чизиғидан чиқишмайди, судьялар ва газеталар редакторларини эса эшшакдай минишади.
“Яхши инсон билан учрашиш ҳамма вақт мароқли. У ҳам мени сабрсизлик билан кутаётган бўлса керак”, шаҳарга кираверишда Каримовнинг ҳаёлидан шу гаплар ўтди. Шаҳар жим-жит, нимагадир ҳамма одамлар ини-инига кириб кетганга ўхшайди, йўл ёқасидаги уйларнинг эшик ва деразалари тамбаланган. Томларда жойлашган снайпер-мерганлар пастдан кўринмайди, бироқ улар ерда сичқон қимирласа ҳам сезишади. “Бу шаҳарда барқарорлик юз фоиз – бу биринчи навбатда ҳокимнинг, ундан кейин прокурор, МХХ, милиция, судьяларнинг хизмати. Бу шаҳарда мен учун ҳеч қандай хавф йўқ”, хурсанд бўлган президентнинг мийиғида кулиб қўйганини биров билди, биров билмади.
Учрашувга анча одам тўпланибди. Ҳамма хурсанд. Одамлар – фермерлар, ўқитувчилар, нафақахўрлар ва ҳар хил хирсдай тўқ тадбиркорлар – очиқ юзли, ҳар бири кўришиш истагида қўлини чўзади. Баъзан кўнгилга: “Бирор оддий бир одам ўрнидан турса-ю, президентга бор гапни айтиб ташласа, адолатни талаб қилса” деган бир гап келади. Ким ўрнидан турса: “Ана, шу одам ҳозир бор гапни айтади” деб ўйлайсан, киши. Йўқ, “Келганингиздан миннатдормиз, бизни унутмаганингиз учун раҳмат деймиз, сизни ҳамма вақт қўллаб-қувватлаймиз”, деб жойига ўтиради.
Ҳамма нарса яхши, ҳамма бахтли бўлса, анави дарғазаб мухолифат қаёқдан пайдо бўлади? Президентимизнинг айтишича, мамлакатимизнинг равнақини, ютуқларини кўролмайдиган одамлар ва ҳатто давлатлар бор экан. Негадир кўролмайдиганлар деворнинг биз турган томонида кўринмайди, чамаси улар деворнинг нариги томонида, президент турган томонида юришса керак. Ўзбекистоннинг ютуқларини кўролмайдиган одамлар кимлар – айтиш қийин. Ҳеч бир одам “Мен Ўзбекистонда бирорта соҳада ютуқ бор деб ҳисобламайман!”, деб ёзилган плакатни бўйнига осиб юрмайди-ку.
Лекин давлатлар кўп эмас, уларнинг нари борса 50 таси Ўзбекистон деган давлат борлигини билади ва борди-келди қилади. Қайсиси кўролмас экан-а? Европа Иттифоқида бунақа давлат точно йўқ. Россия эмас, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия ҳам эмас. Бой араб мамлакатлари эмаслиги ҳам аниқ. Манови ановини қачон кўролмайди? Шундаки, агар бирор нарса АНОВИда бўлса-ю, МАНОВИда бўлмаса! Бир аёл иккинчи аёлга: “Уйда менинг шойи иштоним бор”, деса, иккинчи аёл биринчи аёлни кўролмай ғашиқади, дейишади. Лекин бу икки аёл қип-қизил камбағал бўладилар. Бой бой билан ғашиқиши мумкин, лекин бири иккинчисига “менинг шунча бойлигим бор”, демайди. Мамлакатлар ҳам шу: АҚШ, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа кўплпб мамлакатлар ҳасад ва ҳавас қиладиган Ўзбекистоннинг бирор жойи йўқ. Ўзбекистонни Шимолий Корея, Куба, Непал, Экваторил Гвинея ва бошқа Ўзбекистонга ўхшаш камбағал давлатлар кўролмаслиги мумкин.
“Йўқ, ҳали менинг кетишим мумкин эмас, кетсам бўлмайди, деб ўйлайди Ислом Абдуғаниевич, – бундай итоаткор халқни ташлаб кетиб бўладими? Ўзимнинг ҳам жонимга теккан бўлсаям, барибир кетолмайман. Ҳамма нарса барбод бўлади-ку! Бу ҳаётни ташкил қилиш учун қанчадан-қанча одамларни ўлдирдим, қамадим, мамлакатдан бадарға қилдим. Ўзи бўлмайди-ку! Одамлар умуман олганда яхши, лекин жуда ожиз, қўлидан бир тийинлик иш келмайди. Бу ўзбекларни 24 йил ичида мустақил ишлашга ўргата олмадим. Менсиз булар бирор иш қилолмайди, буларга менинг тўғридан-тўғри кўрсатмаларим керак. Менинг оғзимга қараб туришади, менинг фармонларимни кутишади. Баъзан бирор гап айтишга ҳам қўрқаман, мабодо ўйламай айтилган бирор гап оғзимдан чиқиб кетса, дарров бажаришга тушишади. Баъзан шу қадар ҳаракат қилишади-ки, қаёққа қочишингни ҳам билмай қоласан. Шундай пайтда, табиий, у-буни истеъфога ёки ундан ҳам узоққа – “борса келмас”га жўнатишга тўғри келади”.
Шу каби хаёллар билан президент Тошкентга қайтди ва АҚШ, БМТ ҳамда Европа Иттифоқидан келишган бир қатор мулозимларни қабул қилди. Уларнинг юзидан ҳам табассум ёғилиб турарди.
Fikr bildirish