Ўзбекистон суди ёлғиз онага бир ярим миллион сўм жарима солди

Тошкентлик 28 ёшли ёлғиз она Ленара Шабанова Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг учта моддаси билан ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланди.

Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг 23 май куни қабул қилган қарорига биноан Ленара Шабанова эндиликда давлат фойдасига 1591800 сўм жарима тўлаши керак.

– Бундай катта жаримани тўлаш учун қаердан пул топай, деб қайғураяпман. Ўрта мактабда биология ўқитувчисиман ва ойлик маошим уч юз минг сўмни ташкил қилади. Суд қарори юзасидан ҳеч қаерга шикоят қилмадим, чунки бундан бирор фойда йўқ, аксинча, ортиқча харажат ва асаб. Шу кунларда суд ижрочиларининг келишини юрак ҳовучлаб кутиб ўтирибман, – деди Ленара Шабанова.

Аёл жарима тўлаш билан қутилиб қолмаслигини, яна яқин кунларда Жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман судида ўзига нисбатан иккинчи иш кўриб чиқилиши кутилаётганини айтади.

– “Юнусобод туман ички ишлар бўлими ходими Собиров Т. га жисмоний куч ишлатиб, унинг погонини юлиб ташлаган” деб, менга нисбатан “безорилик” моддаси билан жиноий иш очишди. Шу иш асосида менга икки йиллик қамоқ   таҳдид қилмоқда. Лекин менинг милиция ходимига қўл кўтарганим ҳақидаги айблов уйдирма, қуруқ туҳмат, – деди Ленара.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, Ленара Шабанова бир ярим яшар қизчаси учун унинг отаси Миролим Одиловдан алимент ундириш илинжида ўтган йил ноябрь ойидан буён Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳамда Тошкент шаҳар судларига мурожаат қилган эди.

Шу йилнинг 3 май куни Мирзо Улуғбек фуқаровий ишлар суди судьяси Азиз Бўриевнинг топшириғи билан Юнусобод туманининг Фирдавсий кўчасидаги 68-уйда яшовчи эри Миролим Одиловнинг уйига повестка олиб борган Ленара аввал эрининг ўғли Миркомил Одилов ва эрининг қонуний хотини Галия Одилова томонидан, кейин эса воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари томонидан калтакланиб, турли тан жароҳатлари олганини “Жараён”га гапириб берган эди.

Ана шу ўзаро муштлашувдан сўнг, Ленаранинг айтишича, Одиловлар жабрланувчи сифатида Юнусобод туман судига ариза ташлаган.

23 май куни Юнусобод туман судида жабрланувчи сифатида қатнашган Миркомил Одилов ва унинг онаси Галия Одилова Ленара Шабанова 3 май куни маст ҳолда уларнинг уйига бориб, безорилик қилгани, чақирувга асосан у ерга етиб борган милиция ходимларининг қонуний талабини бажармай, уларга нисбатан жисмоний куч ишлатгани ҳақида кўрсатма берган.

“Ўша кунги тўполонда биз Ленара Шабановага ҳатто қўл теккизганимиз ҳам йўқ. Аксинча, у уй эшиги қўнғироқларини синдириб, бизни уят сўзлар билан ҳақорат қилди. Милиция ходимларига бўйсинмай, улар устидан Миллий хавфсизлик хизматига шикоят қилиш билан таҳдид қилди”, дея кўрсатма берган судда Миролим Одиловнинг қонуний хотини Галия Одилова.

Ўз навбатида Ленара Шабанова Юнусобод туман ички ишлар бўлим ходимлари ҳам, 23 май куни судга раислик қилган Юнусобод туман суди судьяси Р. Жўраев ҳам эри Миролим Одиловни яхши танигани учун ишни Одиловнинг яқинлари фойдасига ҳал қилгани ва суд жараёнида ўз ҳуқуқлари қўпол тарзда поймол қилинганини айтди.

– Эрим Миролим Одиловнинг ҳамма ёқда таниш-билиш, ошна-оғайнилари бор. (Ленара Шабанованинг эри Миролим Одилов адвокат бўлиб ишлайди – “Жараён”). Табиийки, менинг арз-додимни ҳеч ким эшитмайди. Истаганларича жарима солади, истаган вақтларида қамоққа ташлашади. Қизимга алимент ундириш хусусида cудга қилган мурожаатларим ҳам ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Ҳуқуқларимни ҳимоя қилиши учун адвокат ҳам ололмайман, чунки бу хизмат мендек оддий ўқитувчига жуда қимматга тушади, – деди ўз сўзи якунида “Жараён” мухбирига ёлғиз она Ленара Шабанова.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.