Швед журналистларининг “Миссия: текшириш. Москвадан келган чопар” деб номланган ҳужжатли фильмида TeliaSonera раҳбарлари Гулнора Каримова ва бошқа кишиларга тегишли бўлган ташкилотларга “хайрия ўлароқ” бир неча миллион доллар миқдорида маблағ берганларини тан олганлар. Шунингдек, мазкур фильмда TeliaSonera Ўзбекистондаги умумий вазиятни яхши тушунгани ва бу шароитга мослашишга ҳаракат қилгани очиқ кўрсатилган.
30 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистон тоталитар Совет Иттифоқида бўлган барча анъаналарни ўзида сақлаган ҳолда, постсовет ҳудудидаги муросасиз авторитаризм қўрғонига айланди. Афсуски, мамлакат ҳар йили инсон ҳуқуқларининг бузилиши, матбуот ва электрон оммавий ахборот воситалари цензураси, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, аёлларни мажбуран бичиш, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлар йўқлиги бўйича рейтингларда олдинги ўринларни эгаллаб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўн минглаб сиёсий маҳбуслари бўлган, тинч фуқароларни ёппасига ўққа тутган, яккаҳокимлик тизимига асосланган, хорижда яшаётган фуқаролик жамияти фаолларини ўлдириш ва улар ҳаётига суиқасд қилиш каби ҳолатлар мавжуд бўлган мамлакат ўлароқ постсовет ҳудудидаги авторитар оламнинг лидерига айланиб бўлди.
Гулнора Каримова эса отаси Ислом Каримов томонидан Ўзбекистонда сўнгги чорак аср давомида барпо қилинган мустабидлик тизимининг янги, янада тажовузкорроқ рамзи ҳисобланади. Ўз хатти-ҳаракатлари билан бу аёл онгига инсон ҳуқуқларига нисбатан нафрат, зўравонлик ва коррупция орқали мисли кўрилмаган бойлик орттириш, ўз манфаатларини олға суриш йўли ўлароқ зўровонлик ва қўрқитишдан фойдаланиш кабилар чуқур сингиб кетганини намойиш қилмоқда. TeliaSonera раҳбарияти буларнинг барчаси ҳақида билмаган, деб ўйлаш эса соддадиллик бўлади.
Гулнора Каримовага тўланган пуллар эса унинг фаолиятини реклама қилишга, Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини Ислом Каримов оиласи учун манфаатли йўналишда шакллантиришга, бошқача қилиб айтганда, ҳукмрон табақанинг мустабидона, репрессив анъналарини мустаҳкамлаш учун сарфланган.
Сўнггиҳужжатлифильмда TeliaSonera раҳбарияти ширкат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишига содиқлиги ҳақида очиқ баёнот берди. Бу эса, TeliaSonera ишлайдиган мамлакатларда компания манфаатлари инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан тўқнаш келганда, ширкат йўқ деганда инсон ҳуқуқларини эътиборсиз қолдирмаслигини англатади.
Биз TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фаолияти ўз-ўзидан жуда кўп ижобий жиҳатларга эга, деб ўйлаймиз: мамлакатдаги ахборот-коммуникация ва алоқа тизимини ривожлантириш орқали TeleaSoneraмустабид тузумнинг ахборот изоляционизми емирилишига кўмаклашмоқда ва секин-аста Ўзбекистондаги жамиятни глобаллашув ва ахборотлашув билан таништирмоқда .
Биз бугунги кунда Ўзбекистонда реал воқелик ва келажак ўртасида, авторитаризм ва озодликка йўналган муҳаққақ ўзгаришлар ўртасида, коррупцияга ботган ва шаффоф бизнес ўртасида кучли қарама-қаршилик мавжудлигини қайд этишимиз мумкин.Биз TeliaSoneraни расмий Тошкент билан алоқаларни узишга чақирмаймиз. Аксинча, биз TeliaSoneraни Ўзбекистонда кундалик бизнесни халқаро қонун ва қоидаларга риоя қилиш билан уйғун ҳолда юритишга даъват этамиз.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти TeliaSonera Ўзбекистон махфий хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилишни бас қилиши керак, деб ҳисоблайди. Ширкат ўзбек расмийлари Ислом Каримовга мухолиф бўлган кишиларнинг эмас, балки айрим жиноятчи шахсларнинг телефон сўзлашувлари ва ёзишмаларини фақат қонуний йўл орқали тинглаш ва ўқиш имкониятига эга бўлишига йўналтирилган барча чораларни кўриши лозим.
Биз TeliaSonera Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши тўғрисидаги баёнотлар билан чекланиб қолмаслиги кераклигига аминмиз ва ширкат бу йўналишда конкрет хатти-ҳаракатларни амалга ошира бошлаши лозим, деб ҳисоблаймиз. Биз TeliaSonera ширкатига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўллари ҳақида мулоҳаза юритиб кўриш,шу жумладан, бу ишни мамлакатдаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш орқали амалга ошириш йўллари ҳақида астойдил ўйланиб кўришни тавсия қиламиз.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Париж, Франция
2 июнь 2013 йил
Fikr bildirish