Қозоғистонлик муслима видеоролик учун беш йилга кесилди
Остоналик 33 ёшли Наталья Войтенкова Қозоғистон Жиноят Кодексининг террорчилик ёки экстремизмни тарғиб қилганлик ҳамда террор ҳужумига даъват қилганликда айбдор, деб топилди. Уч нафар вояга етмаган боланинг онаси Наталья Войтенкова суд залидан қўлига кишан солиб олиб кетилди.
Войтенова хоним устидан суд ҳукми 12 октябр куни тушдан сўнг ўқиб эшиттирилган. Бу ҳақда “Диапазон” хабар агентлиги хабар тарқатди.
Наталья Войтенкова ишини кўриб чиққан Остона шаҳар Сариарқа туман суди судьяси Галина Бикилованинг билдиришича, эндиликда маҳкума беш йиллик умрини умумий режимдаги колонияда ўтказади.
Сариарқа туман прокурори Казбек Хашиевга кўра, Наталья Войтенкова ўта радикал диний қарашда бўлган ҳамда “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзо бўлган эрининг ноқонуний қамалгани ҳақидаги видеобаёнотини YouTube порталига жойлаган.
Наталья Войтенкованинг видеобаёноти YouTube порталида шу йилнинг 19 апрелида ёйинланган эди.
Уй шароитида ёзиб олинган видеобаёнотда Войтенкова хоним “Ҳизбут-Таҳрир” аъзоси, айни пайтда етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эри Рафис Галиулиннинг тергов ҳибсхонаси, кейин эса қамоқхонада қийноққа солингани ҳақида гапирган.
“Мен Наталя Войтенкова, “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг аъзоси, 2009 йилда экстремизм ва террорчиликка алоқадорлик каби сохта айбловлар билан қамалган Галиулин Рафиснинг аёли бўламан. Ҳаммага маълумки, “Ҳизбут-таҳрир” террористик ва экстремистик бўлмаган, балки диний-сиёсий партия ҳисобланади. Шунга қарамай, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари зўр бериб бизни Исломга эътиқодимиз учун террорчига чиқармоқчи.
2009 йили Остона шаҳар миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган эрим ва у билан бирга бўлган яна тўрт биродаримизга нисбатан тергов чоғида қийноқлар қўлланилган. Терговчилар гўё эрим ва сафдошлари Остона шаҳрини портлатмоқчи бўлгани ҳақида зўраки иқрорлик кўрсатмаси олмоқчи бўлган, “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотидан воз кечтириш мақсадида уларга нисбатан мунтазам равишда қийноқ қўллаган”, деганди Войтенкова хоним ўз видеомурожаатида.
Войтенкованинг айтишича, эри Рафис Галиулин қамоқхонадаги ички тартибни бузганлиги ҳақидаги ёлғон кўрсатмалар билан Олмаота шаҳар вақтинча сақлаш махсус қамоқхонасига этап қилинган ва у ерда қўллари кишанланган маҳбусни бир неча соат давомида дубинка билан аёвсиз калтаклашган.
23 апрел куни мазкур видеоёзувни топиб, мусодара қилган Остона шаҳар миллий хавфсизлик ходимлари Наталья Войтенкова яшовчи Остона шаҳридаги Бестерек кўчаси, 7-уйда тинтув ўтказганди. Жиноятда гумонланган аёлнинг балоғат ёшига етмаган болалари бўлгани назарга олиниб, у маҳкама ҳукми эълон қилгунга қадар уй қамоғида сақланганди.
Ҳукм ўқилиши олдидан сўзлаган сўнгги сўзида Наталья Войтенкова ўзининг айбсизлигини айтган.
“Менинг эрим айбсиз, буни мен интернетда айтдим. Ва мен тўғри қилдим, деб ўйлайман. Мен айбсизман”, деган Наталья Войтенкова.
Войтенкованинг адвокати Толеген Махметов ҳам ҳимоясидаги аёлга қўйилган айблар маҳкама жараёнида ўз исботини топмаганини айтади.
– Видеоролик айнан Наталья Войтенкова томонидан интернетга юклангани айтилса-да, бу исботлаб берилмади. Шунингдек, IP-адрес ва логинлар аниқланмади. У роликни юклагани ва тарқатгани бўйича айблов исботланмади, – деди “Жараён”га адвокат Толеген Махметов.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish