Обид Саидов: Акамнинг озод қилинишидан умидим бор
Жорий йилнинг 8 октябрь куни тарқатган матбуот варақчасида Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган тўрт нафар сиёсий маҳбус вазияти юзасидан хавотир билдирди.
Булар – мустақил журналистлар Дилмурод Саййид ва Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров ҳамда Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг фаоли Мурод Жўраевлардир.
Шу муносабат билан “Жараён” таҳририяти юқорида исмлари келтирилган ҳар бир сиёсий маҳбуснинг бугунги кундаги вазияти борасида “Сиёсий маҳбусларга озодлик” дея номланган янги рукн остида қатор мақолалар бериб боришга қарор қилди.
Бугунги мақоламиз тошкентлик мустақил журналист Дилмурод Саййидга бағишланади.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти октябрь ойининг биричи саналарида мустақил журналист Дилмурод Саййид сил касаллиги билан оғриган маҳбуслар сақланадиган Навоийдаги 64/36-сонли колониядан Тоштурмага юборилгани ҳақида маълум қилди.
– 5 октябрь куни, эрталабки соат 5:30 ларда мен Навоийга акам билан кўришиш учун етиб бордим. У ерда учрашув беришларини бир неча соат кутиб турдим. Саккизга яқин катта лейтенант чиқиб, акамни Тошкентга олиб кетишганини айтиб қолди. Буни эшитиб, кайфиятим бузилиб кетди. Чунки мен шунча йўл юриб, акам билан учрашиб, уни кўриб кетиш ниятида эдим. Тошкентга қайтиб келгач, душанба, 7 октябрь куни мен Тоштурмага бордим.
У ерда менга акамни 6 октябрь куни олиб келишганини айтишди. Навоийдаги колония ходимлари мени алдашганини тушундим. Чунки Навоийдан Тошкентга келиш бир кун вақтни олмайди. Агар акамни, лейтенант йигит айтганидек, 5 октябрь куни олиб кетишган бўлсалар, уни қандай қилиб бир суткадан кейин Тоштурмага олиб келишлари мумкин? Мен Навоийга борган пайтим акам ҳалиям ўша ерда бўлганини тушуниб етдим. Аммо акам бошқа ерга этап қилинаётгани учун у билан учрашишимга йўл қўйишмади, – деди Обид Саидов.
Бироқ Тоштурма раҳбарияти ҳам унга акаси Дилмурод Саййид билан учрашишга рухсат бермаган.
– Улар менга акам транзит қилиниши керак бўлган маҳбус ҳисобланиши сабабли ҳам учрашув берилмаслигини айтишди. Аммо акамга олиб борганим передачани олишди. Мен унга сўраган барча нарсаларини олиб бордим, ҳаттоки овқатни ҳам олишди, – деди Обид Саидов.
Дилмурод Саййиднинг укаси акаси билан сўнгги маротаба жорий йилнинг июль ойида учрашгани, сентябрь ойида эса телефон орқали гаплашганини айтади.
– Албаттаки, у телефон орқали аҳволи ҳақида ҳеч нарса демади. Чунки у ерда телефон эшитиб турилади. Акам менга яқинда уни флюрографияга ва ўпка рентгенига туширишлари, агар натижаси яхши чиқса, бошқа рабочий колонияга юборишларини айтди, холос. Агар шундай бўлса, улар менга хат юбориб, акамнинг қайси жойга кўчирилгани ҳақида албатта хабар қилишади. Бироқ акамнинг озод қилинишидан ҳам умидим бор, – деди “Жараён”га Обид Саидов.
У акасининг ҳимояси учун иккита адвокат ёллагани, аммо улар Дилмурод Саййиднинг иши билан танишиб чиққач, журналистни ҳимоя қилишдан воз кечганларини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Айни пайтда Франциядаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам Дилмурод Саййиднинг соғлиғи юзасидан хавотир билдирди. Ҳуқуқ фаолига кўра, журналист сақланган колония раҳбарияти унинг ҳақ-ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келган.
– Бундан икки ой олдин Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қамоқхоналар ички тартибига ўзгартиришлар киритилганди. Ички Ишлар вазирининг буйруғига асосан маҳкумларнинг яқинлари жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маҳкумга нисбатан қамоқхонада қўлланилган интизомий жазо ёки рағбатлантириш ҳамда унинг соғлиғи ҳақида ҳақида ёзма ва оғзаки ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақдаги информация маҳкум яқинлари томонидан сўралганда, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти уни тақдим этиши шарт.
Лекин ушбу ўзгариш ҳам бошқа қонунлар сингари ҳукумат мансабдорлари томонидан қўлланилмаяпти. Маҳкум Дилмурод Саййиднинг яқинлари шу бугунги кунгача унинг соғлиғи ҳақида на ёзма, на оғзаки жавоб олганлари йўқ. Дилмурод Саййиднинг аҳволи оғирлашгани учун у жорий йилнинг март ойида ҳам Сангородга жўнатилганди ва қисқа муддатда яна жазони ижро этиш муассасасига қайтарилганди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция элчихоналари Дилмурод Саййиднинг ҳукумат вакиллари билан мулоқот қилиб, унинг оила аъзоларига соғлиги ҳақида маълумотлар олиб беришлари ва уни озод қилиниши юзасидан ўзбек расмийлари билан музокаралар олиб боришлари керак, деб ўйлайман, – деди Мўътабар Тожибоева.
Мустақил журналист Дилмурод Саййид ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланиб келган. У Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилояти бўлими фаоли ҳамда 2007-2008 йиллари Ўзбекистондаги қийноқларни бартараф қилиш бўйича Инсон ҳуқуқлари тезкор гуруҳи таркибида ҳам фаолият юритган.
Дилмурод Саййид 2009 йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўзбек расмийлари уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айблаб, маҳкамага тортганлар.
Дилмурод Саййид қамоқдалик пайтида уни кўриш учун Навоийдаги колонияга кетаётган журналистнинг 34 ёшли рафиқаси Барно Жуманова ва 6 ёшли қизи Рухшона автоҳалокат туфайли ҳалок бўлганлар.
Журналистнинг ҳамкасблари ва нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Дилмурод Саййидга нисбатан қўзғатилган жиноий иш қалбакилаштирилганини ва у касбий фаолияти сабабли қамоққа олинганини айтиб келадилар.
Чунки Дилмурод Саййидга қарши гувоҳлик берган кишиларнинг бир қисми ҳукм ўқилгач, ўз кўрсатмаларидан воз кечган бўлсалар, бошқа бир қисми кўрсатмаларини ўзбек махфий хизматлари ходимларининг босими остида берганларини маълум қилгандилар.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish