Фаррош бўлиб ишлаган Зулфизархон маошини ҳар доим ҳам ўз вақтида ололмаган, шунга қарамай, у амаллаб қорин тўйдириш ва кичкина қизи вояга етаётган Ўзбекистондаги уйига озгина маошининг бир қисмини жўнатиб туришни уддалаган.
Ёш аёлнинг қайнонаси тез-тез келинига қўнғироқ қилиб, неварасини боқиш учун ундан пул талаб қилган. Қизчани ота уйидаги ортиқча “оғиз” ва тирик товон, деб таъна қилганлар. Кунларнинг бирида Зулфизархонга маош беришмаган ва у бегона юртда пулсиз, бошпанасиз ва егуликсиз қолган.
Натижада Зулфизархон жинсий асоратга тушиб қолган – унинг на яшашга жойи, на овқатланишга пули бор эди, “қандайдир” танишлар уни жинсий хизмат учун фойдаланиш мақсадида қурилишга олиб борганлар. Ўзбекистонлик ёш аёл бекатларда тунаган, қўлига илашган нарса билан қорин тўйдирган.
Шундай кунларнинг бирида уни кўчада Тожикистондан келган Райҳон исмли аёл кўриб қолган. Райҳон Зулфизархоннинг идиш ювувчи бўлиб ишга жойлашишига ёрдамлашган ва яшаб туриш учун тожикистонлик меҳнат муҳожирлари яшаган хонадонга жойлаштирган.
Аммо у ерда ҳам Зулфизархон билан кўнгилсиз воқеалар содир бўлган, уни хонадаги қўшнилари зўрлашга уринганлар, ундан пул бериш ёки муҳожирлардан бирининг ўйнаши бўлишни талаб қилишган.
Ўзининг осон кечмаган тақдири ҳақида ўзбекистонлик ёш жувон Санкт-Петербург шаҳридаги “Мемориал” аксилдискриминацион марказида ишловчи ҳуқуқ фаолларига гапириб берди. Аёл бу жойга ҳуқуқий кўмак илинжида мурожаат қилганди.
Қайд этиш жоизки, кейинги пайтларда Марказий Осиёнинг кўп мамлакатларида оилавий бўлиб муҳожирликка кетиш тенденцияси авж олган, кўп аёллар эрининг ортидан Россия ва Қозоғистонга кела бошлаганлар.
Бегона юртда юриш қанчалар оғир бўлмасин ва қандай қийинчиликлар юзага келмасин, улар оила яхлитлигини сақлаб қолиш учун бошқа мамлакатларга фарзандлари билан бирга келишга ва жам бўлиб яшашга ҳаракат қилмоқдалар. Осиё аёлининг бошқа мамлакатларга пул топиш учун чиқиб кетиши у яшаётган жамиятда қанчалик ғайриодатий бўлмасин, ҳозирги пайтда бу иложсиз жараён бўлиб ҳисобланади.
Эрининг ортидан бошқа мамлакатга, хусусан, Россияга келган аёл катта муаммоларга дуч келади, эркак муҳожирдан кўра вазияти ёмонроқ бўлади. Одатда, бунақа аёллар оғир ишларда, ишлайдиган аёллар учун меҳнат ҳуқуқида кўзда тутилган ҳақ-ҳуқуқларсиз ва кафолатларсиз ишлашга мажбур бўладилар. Шу билан бирга, аёллар ўта оғир шароитларда яшаган ҳолда, ўз оилаларини боқишлари, фарзандларини ҳимоя қилишлари ва уларнинг ҳуқуқларига минимал даражада риоя қилинишига эришишлари керак.
Муҳожира аёлга нисбатан кўпёқлама дискриминация мавжуд бўлиб, унинг ҳуқуқлари Россия расмийлари томонидан ҳам, иш берувчилар томонидан ҳам ва кўпинча эрию унинг қариндошлари томонидан ҳам (оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳам кам эмас) бузилади.
Айтиш мумкинки, Марказий Осиёдан бўлган аёллар вазияти ҳозирги пайтда у ўз юртида қолиб, эри бошқа мамлакатга пул ишлаш учун кетган тақдирда ҳам, болалари билан биргаликда эрининг ортидан бегона юртга келган тақдирда ҳам ўта оғир.
Екатерина НАЗАРШОЕВА
(Екатерина Назаршоева Санкт-Петербургда жойлашган “Мемориал” аксилдискриминацион марказида юрист бўлиб ишлайди. У “Жараён” сайтида чоп этиб келинаётган Россияда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид кўплаб мақолаларнинг ҳам муаллифи бўлиб ҳисобланади.)
Fikr bildirish