Диктаторнинг қариндошлари жон сақлашга жой излаяпти

Туркия Республикаси адлия вазири жаноб Саъдуллоҳ Эргинга (Sadullah Ergin)

Муҳтарам жаноб Саъдуллоҳ Эргин,

Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари масалалари, мониторинг ва журналистик тадқиқотлар ўтказиш, бу мамлакатлардаги фуқаролик жамиятини ривожлантиришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан Сизга самимий ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга рухсат этинг.

Бу каби нуфузли идоранинг раҳбари сифатида Сиз замонанинг энг шафқатсиз диктаторларидан бири Ислом Каримов ва унинг яқинлари йигирма беш йилдан буён бошқариб келаётган Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятдан хабардор бўлсангиз керак. Улар ўзбек халқини эзиб, мамлакат бойликларини виждонсизларча талаб келмоқдалар.

Мамлакатда қонун эмас, балки зулм, шафқатсизлик, қонунсизлик ва коррупция устиворлик қилмоқда. Тошкентнинг «… мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида сармоя ётқизиш учун қулай шароит, чет эллик инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат ва имтиёзларнинг кенг тизими яратилгани…» ҳақидаги расмий баёнотларига қарамай, воқеликда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви туфайли Ўзбекистонда инвестициялар учун хавф мавжуд бўлиб, пировардида бу чет эллик сармоядорлардан бизнеснинг тортиб олинишига олиб келади.

Расмий Тошкентнинг Ўзбекистондаги турк ширкатларига қарши қаратилган хатти-ҳаракатлари бунга бир мисол бўла олади. 2009-2012 йилларда солиқ ва божхона қонунчилиги бузилганлиги баҳонасида мамлакатда олтмишдан зиёд ўзбек-турк қўшма корхонаси ёпилган, уларнинг раҳбарлари эса маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, турк тижорат тузилмаларининг айрим раҳбарлари радикал диний ташкилотлар фаолиятини тарғиб қилувчи таъқиқланган адабиётлар тарқатганликда айбланган. Туркия фуқароларининг баъзилари Ўзбекистон махсус хизматлари тергов ҳибсхоналарида тутиб турилиб, у ерда қийноқ, зўравонлик ва таҳқирлашларга дучор этилганлар. Туркия Ўзбекистонни ўзининг дўсти ва ҳамкори деб ҳисоблайди, бироқ ўзбек расмийлари турк тадбиркорларини террорчи ўлароқ кўрсатиб, уларнинг корхоналарини ёпаяпти, Туркия фуқароларини мамлакатдан бадарға қилаяпти.

Ўзбекистондаги ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринган “Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd” ва “Federal Elektrik Yatırım ve Ticaret A.Ş.” каби турк бизнес тузилмалари 2013 йилнинг сентябрь ойида Инвестицияга оид тортишувларни ҳал қилиш бўйича Халқаро марказга (ICSID, АҚШ, Вашингтон) даъво аризасини топширганлар.

Жаҳон ҳамжамияти ўзбек расмийларига ишонмай қўйди. 2013 йил учун “Иқтисодий эркинлик индекси”(Index of Economic Freedom 2013) рейтингида Ўзбекистон 177 мамлакат орасида 162-ўринни эгаллаб, “иқтисоди эркин бўлмаган мамлакатлар” қаторидан жой олди. “Transparency International” ташкилотининг 2012 йил учун якуний ҳисоботида Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича мавжуд 174 ўриндан 170-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонда коррупция кўлами шу даражага етдики, Россия, Швеция, Швейцария, Франция ва Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан молиявий фирибгарлик, пора ва йирик миқдорда пул ювиш бўйича жиноий ишлар очдилар. Бу ишлардаги асосий фигурантлар президентнинг оила аъзолари бўлиб ҳисобланади. Ислом Каримов оиласидаги кенг оммага ошкор бўлган жанжалли воқеалар президентнинг қариндошларида аҳлоқ ва анъанавий динга риоя қилиш йўқлигини тасдиқлаб турибди.

Шу йилнинг 22 октябрь куни ташкилотимиз “Каримовнинг қайнсинглиси хориждан қимматбаҳо мулклар сотиб олаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилган ва у ерда президент хотинининг синглиси Тамара Собирова (Tamara Sabirova) Истанбулдан қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олгани қайд этилганди. Ташкилотимизга Собирова томонидан Истанбулнинг Қадикўй (Kadıköy) мавзеида сотиб олинган 496 квадрат метрли квартира энг камида 3,8 миллион АҚШ доллари туриши маълум бўлди. (Мазкур мақола билан бу ерда батафсил танишиш мумкин: http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-01-57/item/391-tamarasobirova221013).

Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Тамара Собирова Туркиянинг муҳташам мавзелари ва дам олиш жойларидан нархи ўнлаб миллион АҚШ долларини ташкил этадиган қимматбаҳо кўчмас мулк объектларини сотиб олган.

Президентлик сайлови арафасида мамлакатда давлат раҳбари лавозими учун аймоқлар ўртасида кураш кучайиб кетди, бунинг натижасида Тамара Собированинг ўғли, Ўзбекистон аҳолисининг 45 фоизи истиқомат қиладиган Фарғона водийсидаги бутун иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жабҳани назорат қилиб турган Акбарали Абдуллаев октябрь ойида ҳибсга олинди.

Муҳтарам жаноб Саъдуллоҳ Эргин,

Коррупция у ёки бу даражада барча мамлакатларга таъсир кўрсатувчи мураккаб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳодиса бўлиб ҳисобланади. Коррупция демократик институтларни барбод қилади, иқтисодий тараққиётни сустлаштиради ва давлатчилик асосларини емиради. Коррупция сайлов жараёнларини сохталаштириш, қонун устиворлиги тамойилини тасқаралаштириш ва пора ундириш каби ягона ният билан бюрократик тўсиқлар барпо қилиш орқали демократик институтлар асосини еб битиради.

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Сизни турк адлиясининг ҳушёр нигоҳи Тамара Собированинг Туркияда амалга ошираётган молиявий операцияларига ҳамда унинг пул маблағлари келиб чиқиш манбасининг машруълиги бўйича ҳужжатли далилларга қаратилишига чақиради.

Турк жумҳурияти диктаторлар ва уларнинг қариндошлари учун қўнимгоҳга айланмаслиги лозим, чунки уларнинг мамлакатингизга ётқизаётган катта-катта сармояларига миллионлаб одам қони қорилган. Туркия Европа Иттифоқига қўшилиш остонаси турибди ва катта аҳамиятга молик бу воқеага бунингдек нохуш фактлар соя солмаслиги керак. “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти илтимосимизга тушуниш билан ёндошишингизга умид қилади ва бу халқаро коррупция тизимига қарши курашда Сизнинг улкан ҳиссангиз бўлади, деб ишонади.

Мўътабар Тожибаева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
2013 йилнинг 30 ноябриПариж, Франция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.