Мўътабар Тожибоева: Андижон фожеасининг акс-садоси
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси раиси жаноб Клаудио Гроссманга
Муҳтарам жаноб Клаудио Гроссман 2013 йилнинг 18 ноябрь куни Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) ўзбек хизмати Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги 64/47-пенитенциар муассасасида қамоқ жазосини ўтаётган 36 ёшли Таваккал Ҳожиевнинг ўлими ҳақида хабар ва унинг ўлимидан икки ой аввал – сентябрь ойи бошларида мамлакат расмийларига ёзилган мурожаатидан парча эълон қилди.
Хатда колония маъмурияти томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқ ва зўравонлик қўллаш фактлари батафсил баён қилинган. Ўлим билан тугаган мунтазам қийноқлар, аёвсиз ва ғайриинсоний муомаланинг кенг тарқалгани қатъий тартибдаги колония маҳкумини ўзбек расмийларига мурожаат қилишга ундаган.
Бу мазмундаги мурожаатлар мамлакат раҳбариятига етиб бормаслигини билган Таваккал Ҳожиев хатни Марказий Осиё мамлакатлари муаммоларини ёритиш билан шуғулланадиган оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши учун ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда, уни ўз яқинлари орқали Европа мамлакатларидан бирига чиқариб юборган. Шу йўл билан у жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзбекистонлик маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқсиз вазиятига жалб қилмоқчи бўлган.
(Таваккал Ҳожиевнинг мактуби ва унинг ўлими тафсилотлари билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин:
http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/413-o-ldirilganmahbuslar211113, http://jarayon.com/ru/index.php/2012-04-04-14-31-53/item/612-za-poslednij-mesyats-v-uzbekskikh-tyurmakh-ot-pytok-skonchalis-dvoe-zaklyuchjonnykh, http://www.ozodlik.org/content/article/25173566.html, http://www.catsindrag.co.uk/news/news.php?href=/uzbek/uzbekistan/2013/11/131118_tavakkalbek_hojiyev_died.shtml).
Шу йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Таваккал Ҳожиевнинг катта акаси, ҳозирда Швецияда яшаётган Дилшод Ҳожиев ўзининг яқин дўсти орқали укасининг хатини “Адолат ва Тараққиёт” ташкилоти раҳбари Нурилло Мақсудовга етказиб берган. Бу ташкилот 2009 йили, Андижон фожеасига тўрт йил тўлганда ташкил этилган бўлиб, “Андижон – Адолат ва Тикланиш” деб номланарди ва унинг ташкил этилишидан мақсад Андижон воқеалари қурбонларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш эди.
Укасининг хатини “Адолат ва Тараққиёт” ташкилотига берар экан, Дилшод Ҳожиев ташкилот вакиллари уни қисқа муддат ичида нуфузли оммавий ахборот воситаларида чоп этишларига ҳамда БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи даврий ҳисоботи тингланиши арафасида БМТ Қийноқларга қарши қўмитасини ўзбек қамоқхоналаридаги қийноқлардан хабардор этишларига умид қилган. Бироқ бизга тушунарсиз бўлган сабабларга кўра Таваккал Ҳожиевнинг хати етарлича эътибор берилмаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг шу йил сентябрь ойида Женевада ўтган ва Ўзбекистон ҳукуматининг универсал даврий обзор бўйича ҳисоботи тингланган 24-сессиясида 64/47-колониясидаги ҳақ-ҳуқуқсиз тутқунлар фарёди очиқланмаган. БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг шу йил 29-30 октябрь кунлари Женевада бўлиб ўтган ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси бажарилиши бўйича тўртинчи даврий ҳисоботи тингланмиш 51-сессиясида ҳам сабрсизлик билан кўмак кутаётган колония маҳкумларининг хати эълон қилинмаган. Қариндошлари билан телефон орқали сўнгги сўзлашувида Таваккал Ҳожиев ўз мурожаатномаси тақдири билан қизиққан ва улардан хатни имкон қадар тезроқ халқаро оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга ҳаракат қилишларини сўраган.
Таваккал Ҳожиев ва унинг тақдирдош дўстлари кун сайин зўравонлик, зулм, қийноқ, ғайриинсоний ва киши қадр-қимматини ерга урувчи муомала тўхтатиши кутиб яшаганлар. Улар бор-йўғи жазосизликдан эсини йўқотган колония ходимлари жавобгарликка тортилишини истаганлар, холос. Бироқ кўмак ўрнига 64/47-қатъий тартибли колония маҳкумлари янада аёвсизроқ ва янада манфурроқ қийноқ ва уқубатларга дучор қилинган.
Шу йилнинг 15 ноябрь куни Таваккал Ҳожиевнинг яқинларига унинг гўё юрак хуружи туфайли кутилмаганда ўлиб қолгани ҳақида хабар келган. Қариндошлар 36 ёшли Таваккалнинг ўлими бўйича расмийлар версиясига ишонмаяптилар, чунки у жисмонан жуда бақувват йигит бўлган ва ҳеч қачон юрак оғриғидан шикоят қилган эмас. Улар Таваккал Ҳожиевнинг ўлимини ўзбек расмийлари номига йўлланган ва мустақил халқаро оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши лозим бўлган мурожаатнома билан боғламоқдалар.
Шу йилнинг 29 октябрь куни БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси мажлисида ўзбек делегациясининг масъулиятсизларча чиқишини ҳаммамиз эслаймиз. Ўшанда делегация раҳбари Акмал Саидов Ислом Каримовнинг авторитар режимини уятсизларча оқлашга уринганди. “Ўзбекистонда қийноқларга қарши кураш бўйича қатъий ва конкрет чоралар кўрилмоқда. Шундай вазият барпо қилинганки, бу вазиятда қийноқ ёки бошқа аёвсиз муносабатлар бўйича бирор-бир факт жазосиз қолмаяпти.
Республика конституциясининг 26-моддаси қийноқнинг ҳар қандай шаклини қатъиян маън қилади. Жиноят-процессуал кодекс ҳам жиноят иши бўйича далил-исботлар йиғиш чоғида қийноқ қўлланишига йўл қўймайди. Агар қонунчиликда қийноқ қўлланиши маън қилиб қўйилган бўлса, бу қонунни ким ҳам буза оларди?” дея билдирганди ўзбек делегацияси раҳбари виждонсизларча.
Саидовнинг БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси мажлисидаги шаллақиларча чиқишидан икки ҳафта ўтар-ўтмай Ўзбекистон пенитенциар муассасаларидан бирида содир этилаётган жиноятларни кенг оммага ошкор қилишга урингани учунгина Таваккал Ҳожиев қийноқ ва уқубатли ўлимга гирифтор этилди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистондаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича мониторинг ўтказиш бўлиб ҳисобланади, шундан келиб чиққан ҳолда, биз мамлакатда қийноқлар мунтазам равишда қўлланилиб келинаётганига оид муаммони бир неча бор кўтаргандик. Таваккал Ҳожиевнинг азоблаб ўлдирилгани ҳам Ўзбекистонда мунтазам қийноқлар мавжудлигини навбатдаги далилларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Шу йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Таваккал Ҳожиевнинг моматалоқ жасадини Андижон шаҳридаги ота-онасининг уйига олиб бориб берганлар. Миллий хавфсизлик хизматининг бир неча ходими дафн маросимини тўлалигича назорат қилиб, майит ерга қўйилгунича унинг жасади олдидан бир дақиқага нари кетмаганлар.
Майитни сувга олиш чоғида Таваккалнинг яқинлари унинг жасадидаги даҳшатли қийноқ асоратларини кўриб қолмасликлари учун махсус хизмат ходимлари бу ишни олдиндан тайинланган одамларгагина қилдирганлар. Фақат Таваккал Ҳожиевнинг онасигагина ўғли билан видолашиш учун бир неча дақиқа берганлар, шунда ҳам унга ўғлининг юзинигина кўрсатганлар.
Таваккал Ҳожиевнинг яқинлари унинг жонсиз жасадини бир тасодиф билан суратга олиб қолишга муваффақ бўлганлар. Бу суратда унинг юзидаги кўплаб қийноқ излари очиқ-ошкор кўриниб турибди. Пешонанинг устки қисмида ва бош суяги атрофида сиртмоқ излари бор.
Бундай из кишига нисбатан қурбоннинг боши ва оёғи арқон ёрдамида бир қилиб боғланиб, қийноқ қўлланилганда қолади. Чап қулоқ чаноғининг тепа қисмида қон уюлиб қолган, гематома излари бор. Ўнг қулоғининг пастки қисмида (солинчакда) ўзига хос куюк асоратлари бор. Бош суягининг ўнг томони юқори қисмида эзилган жой бор, бу ерда бош чаноғи синган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Муҳтарам жаноб Клаудио Гроссман!
Ўзбекистон қийноқлар мунтазам равишда қўлланиладиган, инсон ҳуқуқлари бузилиши эса оммавий характерга эга бўлган авторитар мамлакат бўлиб ҳисобланади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитасидан қуйидагиларни сўрайди:
– Ўзбекистонга Андижон фожеаси қурбони Таваккал Ҳожиевнинг ўлим ҳолатини аниқлаш учун қийноқлар бўйича махсус маърузачини юбориш ва пенитенциар муассасанинг уни қийноққа солишга алоқадор барча ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш;
– 64/47-пенитенциар муассасасини комплекс текширувдан ўтказишни бошлаш ҳамда Таваккал Ҳожиевнинг хатида исмлари келтирилган ва бошқа маҳкумларга нисбатан мунтазам равишда қийноқ қўллаб келган колония мансабдор шахслари ва маъмурият билан ҳамкорлик қилувчи маҳкумларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат этиш;
– 2005 йил майида содир бўлган фожеали Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказиш.
Шу билан бир қаторда, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Таваккал Ҳожиевнинг ўлим ҳолати билан шуғулланиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ҳамда унинг қамоқда бўлган икки акаси ва уларнинг оилалари тақдирини кузатиб боради.
Мўътабар Тожибаева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
2013 йилнинг 27 ноябри
Париж, Франция
Fikr bildirish