Москва миграция идоралари ўзбек қочқинларидан ҳуқуқ фаоли Ганнушкинага туҳмат қилишни талаб қилмоқда
Россия Федерал муҳожирлик хизматининг Москва шаҳар бошқармаси ходимлари ўзбекистонлик адвокатнинг фарзандларини қўлга олиб, улардан таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкинага қарши ариза ёзиб беришни талаб қилаётир.
Шу йилнинг 27 ноябрь куни Москвада полиция ўзбекистонлик икки фуқаро – 24 ёшли Хайринисо ва 23 ёшли Чингиз Формановларни қўлга олган. Бу ҳақда “Жараён”га 28 ноябрь куни қўлга олинганларнинг онаси, самарқандлик адвокат Назира Қаршиева маълум қилди.
2008 йилдан буён икки боласи билан бошпана олиш мақсадида Россия ҳудудида юрган Қаршиевага кўра, чоршанба куни фарзандлари Хайринисо ва Чингиз Федерал муҳожирлик хизматининг Москва шаҳар бошқармасига қочқинлик мақомини олиш учун ариза бергани борганлар, бироқ миграция хизмати ходимлари уларнинг аризасини қабул қилишдан бош тортишиб, оғзаки равишда қочқинлик берилиши рад этилганини айтганлар.
– Россияда бирор кор-ҳол содир бўлса, доим ўзбеклар айбдор бўлиб чиқади, – дейди кўзига ёш олган адвокат Назира Қаршиева “Жараён” журналистига. – Менинг ўзимда қочқинлик гувоҳномаси бор. Бир неча кун олдин Федерал муҳожирлик хизматидан менга: “Болаларингиз ҳам қочқинлик мақомини олиш учун ариза беришга келишсин”, дейишганди. Ўғлим билан қизим уларнинг олдига боришганда эса уларни эшитиб ҳам ўтиришмабди. Миграция хизмати биносидан чиқишда қаердандир пайдо бўлган полициячилар болаларимни ушлаб, участкага олиб кетишибди. Ўғлим мобиль телефони орқали менга қўнғироқ қилиб, опаси билан ўзини ушлаб кетишаётганини айтишга улгуриб қолди.
Назира Қаршиеванинг айтишича, ўзи ва икки фарзанди уч йил мобайнида россиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкина бошчилик қиладиган “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) ташкилотида расман волонтёр (кўнгилли) бўлиб ишлаганлар.
Қаршиевага кўра, бу ўтган давр ичида Светлана Ганнушкина ўзбекистонлик қочқинларга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилган.
– Энди эса Москва миграция хизмати вакиллари мендан Ганнушкинага туҳмат қилишимни талаб қилишаяпти, бунинг эвазига болаларимни ҳибсдан озод этиб, уларга қочқинлик беришни таклиф қилишмоқда. Кеча мен ва Светлана Алексеевна уларни полиция участкасидан топдик, тунги иккигача ўша ерда ўтирдик. Светлана Алексеевна бизга адвокат топиб берди. У менга: “Назира, агар сендан менга қарши ариза ёзиб беришни талаб қилишаётган бўлса, ёзиб беравер, асосийси, болаларингни озод қилишса бўлди”, деди. Аммо мен ҳеч қачон бунақа иш қилмайман, бунга виждоним йўл қўймайди, менга ҳам, болаларимга ҳам бунақа қочқинлик керак эмас, – дейди Назира Қаршиева.
Самарқандлик адвокат Федерал муҳожирлик хизмати ходимлари унга: “Болаларингизни яқин орада Ўзбекистонга депортация қилиб юборамиз”, деб таҳдид қилишаётганини ҳам айтади.
– Ҳаммаси Светлана Ганнушкинанинг суриялик, ливиялик ва мисрлик қочқинлардан Россияда қочқинлик гувоҳномаси бериш эвазига сурбетлик билан пора талаб қилаётган Россия расмийлари, хусусан, Федерал муҳожирлик хизмати ходимларини танқид қилганидан кейин бошланди. Россия бу мамлакатлардан қочқинларни таклиф қилиш орқали ўз зиммасига муҳим вазифани олганди, энди эса улар ана шундай оғир вазиятга тушиб қолганлар.
Федерал муҳожирлик хизматининг Москва шаҳар бошқармаси бошлиқ ўринбосари Капустина бугун менга: “Агар болаларингизни Ўзбекистонга депортация қилишларини истамасангиз (у ерда бошқа мамлакатлардан бошпана сўраган одамларга қандай муомала қилишларини ўзингиз яхши тушунасиз), Ганнушкинага қарши ариза ёзиб беринг, бўлмаса, у бизни порахўрликда айблаб, ўз зиммасига ўта катта вазифани юклаб олибди”, деди. Шу тариқа Москва миграция идоралари биз орқали Светлана Алексеевнадан ўч олмоқчилар, – деди адвокат Назира Қаршиева.
Ҳозир Назира Қаршиеванинг фарзандлари полиция участкасида ушлаб турилибди. Унинг айтишича, тез орада ўзбекистонлик адвокат аёл болаларининг бундан буён Россия ҳудудида қолиш-қолмаслиги юзасидан қарор чиқарадиган суд бўлиб ўтиши керак.
Қайд этиш жоизки, Назира Қаршиева Самарқанд шаҳрида адвокат бўлиб ишлаган ва у ерда касбий вазифаларини виждонан адо этгани учун таъқибга учраган. У ўз мижозларини таъмагирликдан, уйдирилган жиноий айблов ва қийноқлардан ҳимоя қилган. Бу иши учун Назира Қаршиеванинг ўзи ҳибсга олиниб, бир неча кун силга чалинган эркаклар билан битта камерада ўтиришга мажбур бўлган. Унга нисбатан ҳужум уюштирилган. Бироқ бу ҳам унинг ўз мижозларини ҳимоя қилишдан воз кечишга мажбур қилолмаган. Шундан сўнг ўзбек расмийлари Назира Қаршиеванинг адвокатлик лицензиясини бекор қилишган ва моҳиятан унга мамлакатни тарк этишни таклиф қилишган.
Ҳужжатлар билан асосланган яхши далиллар бўлишига қарамай, Россия миграция идоралари узоқ вақт Қаршиевалар оиласига мамлакат ҳудудидан бошпана беришни рад этиб келишган.
Бу орада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотларни ўз ҳамкасблари Светлана Ганнушкина ҳимоясига чиқишга чақирди.
– Биз Федерал муҳожирлик хизмати Москва шаҳар бошқармаси ходимларининг фитнаси қурбонига айланаёзган Светлана Ганнушкина ҳимоясига чиқишимиз зарур. Чунки у Россия ҳукуматининг муҳожирларга қарши олиб бораётган сиёсатига қарши тура оладиган ва ўз сўзини дадил айта оладиган кам сонли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан биридир.
Эндиликда Россия расмийлари унинг овозини ўчириб қўйиш ва унга қарши жиноят ишлари қўзғатиш мақсадида ўзбекистонлик муҳожир Назира Қаршиеванинг қизи ва ўғлини ҳибсга олиб, уларни Ганнушкинага қарши шикоят аризаси ёзишга мажбур қилмоқдалар. Бу Кремлнинг муҳожирлар ва қочқинларга қарши худди расмий Тошкент сингари сиёсат юритаётганини англатади, – деди Мўътабар Тожибоева.
Эслатиб ўтамиз, “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина неча йиллардан буён муҳожирлар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Россиядаги демократия ривожида муҳим роль ўйнаб келмоқда. Светлана Ганнушкина Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги саботли ва матонатли меҳнати учун бир неча бор турли халқаро мукофотлар билан тақдирланган.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish