Зубайд Мирзораҳимовнинг яқинлари унинг Ўзбекистонда авф этилишига умид қилмоқдалар

Шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон чегарасида божхоначилар мобил телефонида Қуръон оятлари бўлган Тожикистон фуқароси Зубайд Мирзораҳимовни қўлга олганлар.

Тожикистонлик Зубайд Мирзораҳимовнинг яқинлари унинг Ўзбекистонда тез орада амнистия қилишига умид қилмоқдалар, дея хабар қилди қароргоҳи Ослода бўлган «Форум-18» ташкилотининг ахборот хизмати шу кунларда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Сенати республика Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида қарор қабул қилган. Мазкур қарорга мувофиқ, бу йил Ўзбекистон ҳудудида судланган чет эл фуқаролари ҳам жазодан озод қилинишлари лозим.

Ўзбекистон парламентининг амнистия тўғрисидаги қарори келажак уч ой мобайнида амалга оширилиши айтилган.

«Форум-18» хабарига кўра, шу йилнинг 20 сентябрь куни Душанбе шаҳрида яшовчи Зубайд Мирзораҳимов ўз мобил телефонида Қуръон оятларини сақлагани учун Бекобод шаҳрида Ўзбекистон божхона хизмати ходимлари томонидан ушланган. Айтиш жоизки, Мирзораҳимов тадбиркорлик билан шуғулланган ва ўша куни у Ўзбекистон орқали Жанубий Кореяга кетмоқчи бўлган.

Кейинроқ Ўзбекистон томони тожикистонлик Зубайд Мирзораҳимовни контрабандада айблаб чиққан.

«Шу йилнинг 30 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246/1-моддасида (Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) кўзда тутилган жиноятда айбдор, деб топган», – деб ёзади «Форум-18».

Ўзбекистон суди Зубайд Мирзораҳимовни шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилиш ўрнига икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. «Бундай шафқатсиз ҳукм дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланаётган ўзбекистонлик мусулмон учун нормал ҳукм бўлиб ҳисобланади», – деб ёзади «Форум-18».

13 декабрь куни ахборот хизмати вакили Бекобод туман суди раисининг ёрдамчиси Сарвар Абдурасулов билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлган. Ўз навбатида, раис ёрдамчиси: «суд Мирзораҳимов иши юзасидан тўғри ҳукм чиқарган ва уни айбдор деб топган», дея билдирган. Бу гапдан кейин у батафсил маълумот беришдан бош тортган ва «Форум-18»дан бу борада судга расмий хат билан мурожаат қилишни сўраган.

Аввалроқ Зубайднинг отаси Холмурод Мирзораҳимов ҳам Тожикистоннинг «АзияПлюс» ахборот агентлигига ўғлининг телефонидан Қуръон оятлари ёзуви чиққанидан кейин Ўзбекистонда уни ушлашганини маълум қилганди.

«Ўғлим беш йилдан буён бизнес билан шуғулланади. Унинг ёнида йигирма минг АҚШ доллари бор эди, аммо чегарада у божхоначилар томонидан ушлаб қолинган. Сўнгги марта у билан гаплашганимда, у менга ўзини телефонида Қуръон оятлари ёзилгани учун ушлашганини айтганди, шунинг учун ҳам ўзбек божхоначилари уни тутиб қолишган ва бу мамлакат миллий хавфсизлик идораларига топширишган. Биз ўғлим қанақа жиноят содир этганини ҳалигача тушунолмаяпмиз», деган ўзининг «АзияПлюс»га берган интервьюсида Холмурод Мирзораҳимов.

Холмурод Мирзораҳимов сўзларига кўра, ўғли қўлга олинганидан кейин у ёрдам сўраб Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Бу мамлакат дипломатик муассасасида унга 1 октябрь куни Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси орқали Ўзбекистон томонига нота жўнатилгани, бироқ Тожикистон томони бу борада ҳали жавоб ололмаганини айтишган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломатлари сўзларига кўра, Зубайд Мирзораҳимов билан содир бўлган воқеа Ўзбекистон божхоначиларининг мобил телефонидаги ёзувлар туфайли тожикистонликларни тутиб қолишига оид биринчи ҳодиса эмас.

Расмий Тошкент ва Душанбе ўртасидаги таранг муносабатлар икки халқнинг кундалик турмушида ҳар доим ўта салбий равишда акс этиб келган. Авваллари ўзбек-тожик чегарасида икки республика чегара ва божхона хизматлари Тожикистонга кетаётган ўзбекистонликлар ва Ўзбекистонга кетаётган тожикистонликлар учун чегарадан ўтиш пайтларида сунъий тўсиқлар барпо этардилар.

Қайд этиш жоизки, олдинлари Ўзбекистон божхоначилари ўзбек мигрантларининг мобил телефонларида «таъқиқланган диний аудио ва видео материаллар» бор-йўқлигини диққат билан текширган ҳолатлар бўлган. Шу сабабли кўп муҳожирлар мамлакатга кириш олдидан милиция томонидан қўлга олинишдан қўрққанлари учун ўз мобил телефонларидан Қуръони Карим сураларини ўчириб ташлардилар (ваҳоланки, мамлакат қонунлари буни маън қилмайди).

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.