Толиб Ёқубов: Жаслиқ қамоқхонаси қай мақсадда барпо этилган?

2013 йил октябрь ойининг охирида Женева шаҳрида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида жорий йил март ойида мазкур ташкилотнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистонда қийноқлар кўламига доир қўмита аъзоларининг берган ёзма саволларига Ўзбекистон ҳукумати ўз ёзма жавобларини тақдим этди.

Савол ушбу бўлган: “Қийноқлар масаласи бўйича Махсус маърузачининг фикрича, “ўзининг жойлашишига кўра ҳам маҳбуслар, ҳам уларнинг қариндош-уруғлари учун шафқатсиз, ғайриинсоний ва инсон шаънини таҳқирловчи муомала ёки жазолаш билан бир хил бўлган қамоқ шароити яратилган” Жаслиқ қамоқхонасини иштирокчи-давлат ёпиш нияти бор-йўқлиги ҳақида маълумот беришингизни сўраймиз”.

Бошдан-оёқ ёлғон жавоб

Қўмита аъзолари Қорқалпоғистондаги УЯ 64/71 қамоқхонаси ҳақида савол беришганда Ўзбекистон делегацияси бошлиғи Акмал Саидов: “Бу қамоқхона фақат Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида яшаган ва суд ҳукми билан қамоқ жазоси белгиланган одамлар учун қурилган, Ўзбекистоннинг бошқа регионларидан қамалганлар бу қамоқхонада деярли йўқ”, деб жавоб берган.

Ўзбекистон ҳукумати бошқача, ҳақиқатга мувофиқ жавобни тайёрлай олмайди. Ҳаққоний жавоб тайёрлай оладиган мутахассис йўқлигидан эмас – бундай мутахассислар мамлакатда етарлича кўп – буни англаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Жаслиқ посёлкаси (қўрғончаси) яқинида 90-йиллар охирида ташкил қилинган “УЯ 64/71 концентрацион лагери нима мақсадда қурилган?” деган саволга жавоб топиш лозим.

Ўзбекистон қандай давлат? 

Ўзбекистон постсовет ҳудудида сиёсий, диний, иқтисодий ва ижтимоий мухолиф (ўзгача) фикрлилар учун концентрацион лагерлар қурилган ягона давлатдир. Фақат шу давлатда демократик ва диний мухолифат вакилларини кенг кўламли ва узоқ муддатли қамоққа ташлаш амалга оширилди ва буни ҳукумат халққа ҳамда дунё жамоатчилигига мамлакатда барқарорликни сақлаш, деб айтиб келаяпти.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон уруш кетаётган мамлакатни эслатади: мамлакатнинг барча йўлларига беҳисоб блок-постлар ўрнатилган, оддий милиция бўлимидан тортиб Президент қароргоҳигача барча давлат идоралари уч метр баландликда темир панжаралар билан ўралган, мамлакат бўйлаб ҳар қадамда тўп-тўп бўлиб юрган милиция ходимларига кўзингиз тушади, ҳамма ерда паспорт текшириш, жамиятда умумий бир-биридан гумонсираш кайфияти ва давлат мулозимлари олдида қулларча итоатгўйлик ҳукм сурган ҳолат юзага келтирилган.

Ўзбекистонда коммунистик совет тузумига қарши дунёвий ва диний мухолифат мустақилликдан илгари пайдо бўлган эди, бироқ нураган совет тузуми Ўзбекистонга ўхшаш янги давлатлар бошқарувида коммунист раҳбарларни қолдирди. Коммунистик тузум ҳеч қандай мухолифатга йўл бермаган шароитда ўсган И.Каримов мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, Ўзбекистонга раҳбар бўлгач, у ҳеч иккиланмай мамлакатда худди ўша йўлни танлади. Мухолифат учун УЯ 64/71 каби концлагерлар қурдиришини унинг шаклланган дунёвий ва диний мухолифатга қарши тиш-тирноғи билан курашининг мантиқий давоми, деб қаралиши табиийдир.

 

Махфий концлагерь жойлашган ҳудуд 

1999 йил майигача УЯ 64/71 қаттиқ қўриқланадиган махфий, атрофидаги радиуси 30 километрлик ҳудуд чегарасида “Таъқиқланган зона” деган белги ўрнатилган объект бўлган. Қамоқхона жойлашган ҳудуднинг танланиши ҳар қандай инсонни ҳайратлантиради. Жаслиқ посёлкаси ери сувсиз, ўсимликсиз, қум ва тошдан иборат, шўрҳок, иқлими кескин континентал [ёзда ўта иссиқ, қишда ўта совуқ] бўлган Устюрт платосида жойлашган. Мазкур посёлканинг бевосита атрофи “Борса келмас” деб аталувчи шўрҳок ҳудуддан иборат.

Бу ҳудуд орқали Ўзбекистонни Қозоғистон ва Россия билан боғловчи ягона темирйўл ўтади, замонавий автомобиль йўли умуман йўқ. СССР пайтида Устюрт платосида ҳарбийлар жанговар бинар кимёвий бомбалар синовини ўтказишган. Бунинг сабаби оддий: Жаслиқ посёлкасига энг яқин аҳоли манзили жанубда Қўнғирот туман маркази бўлиб, у камида 200 километр, шимолда Мўйноқ посёлкаси бўлиб, у ҳам тахминан шунча масофададир. Жаслиқ посёлкаси Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридан 400 километр, Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридан салкам 1000 километр узоқликда жойлашган.

Жаслиқнинг жанубий-ғарби Қорақум, шимолий-шарқи Қизилқум саҳролари билан ўралган. Бошқача айтганда, Жаслиқ посёлкаси ва, демакки, УЯ 64/71 қамоқхонаси чўл-саҳронинг қоқ ўртасида жойлашган.

Табиий саволлар туғилади: УЯ 64/71 қамоқхонаси Ўзбекистоннинг икки ғарбий субъекти [Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси] учун қурилган бўлса, нега уни шу субъектларнинг аҳоли зич жойлашган, транспорт воситалари [автомобиль ва темир йўллари], почта, савдо марказлари, касалхоналар ва давлат идоралари [ҳокимият, прокуратура, суд, нотариал идора ва ҳ.] яқин ва бемалол бўлган ҳудудларда қурилган эмас? Нега қамоқхона ер тагидан тортиб олинадиган, ичиб ва овқатга ишлатиб бўлмайдиган шўр сувдан бошқа ичимлик сув бўлмаган ҳудудда ташкил қилинган?

Нега УЯ 64/71 дан бошқа қамоқхоналарнинг барчаси аҳоли зич жойлашган шаҳарлар [Тошкент (УЯ-18), Бекобод (УЯ-21), Қарши (УЯ-49), Навоий (УЯ-36), Олмалиқ (УЯ-45), Чирчиқ (УЯ-6) ва ҳ.], туман марказларида [Поп (УЯ-32), Косон (УЯ-51), Зангиота (УЯ-1), Товоқсой (УЯ-3) ва ҳ.] жойлашган-да, УЯ 64/71 аҳоли пунктидан юзлаб километр узоқликда, қип-қизил саҳрода бино этилган? Ҳудуди баҳайбат бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг аҳоли яшайдиган ҳудудларида қамоқхона учун бир неча ўн гектар бўш ер топилмасмиди?

Акмал Саидовнинг мантиқсиз иддаоси юқорида осон ва очиқ исботланди

1) УЯ 64/71 қамоқхонаси атайлаб Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси учун қурилган эмас! У бутун Ўзбекистон учун қурилган! 2) Жиззах вилоятилик менинг қизим Озода Ёқубова етти ярим йилдан бери УЯ 64/71 қамоқхонасига эри Азам Фармоновнинг олдига қатнайди ва ҳар сафар поездда Фарғона водийси вилоятлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва бошқа вилоятлардан оталари, ака-укалари ва эрлари билан учрашишга бораётган аёлу-эркак, болаю-чақа билан бирга кетади ва бирга қайтади. Акмал Саидов УЯ 64/71 қамоқхонаси нега Жаслиқда қурилганини жуда яхши билади, бироқ у Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг маддоҳи ва югурдаги бўлгани учун буни очиқ-ойдин айта олмайди!

Мен уни 1998 йилдан бери Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕҲХТ) халқаро учрашувларида [Варшава, Вена, Истанбул], БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари қўмиталарининг сессияларида [Женева, Нью-Йорк] кўплаб марта докладларини эшитганман. Мен баралла айтишим мумкинки, у ҳеч қачон тўғри гапирган эмас.

Махфий қамоқхона қандай ошкор бўлди? 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Хоразм вилояти бўлимининг (ЎИҲЖ ХВБ) аъзоси, газ станциялари бўйича инженер Комил Нуруллаев биринчи бўлиб 1999 йил майида мазкур қамоқхона мавжудлиги ҳақида бизга хабар берди. Бу маълумотни у Жаслиққа иш сафарига борганда маҳаллий одамлардан эшитган. 1999 йил ёзининг ўртасида бу маълумотни текшириш мақсадида ЎИҲЖ ХВБ раиси Ҳайитбой Ёқубов ва Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Тошкент офиси директори Акейша Шилдс хоним катта қийинчилик билан Жаслиққа бориб келишди ва бу факт тасдиқланди.

1999 йил 20 сентябрида ЎИҲЖ ўз баёнотида мазкур фактни эълон қилди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, шу пайтга қадар бу қамоқхонадаги маҳбуслар қайси қамоқхонада муддат ўтаётганлари уларнинг яқинларидан сир сақланган ҳамда уларнинг яқинларига Жаслиқ қамоқхонасидаги ўз одами билан учрашувга боришга рухсат берилмаган.

1999 йил 5 декабрида Ўзбекистонда парламент ва 2000 йил 9 январида президент сайловлари ўтказилиши мўлжалланган эди. Бу муҳим сиёсий тадбирлар арафасида ЎИҲЖнинг 1999 йил 20 сентябридаги баёноти ҳукуматни қаттиқ ташвишга солди. Ҳукумат томонидан сайловларга қадар икки масалани, яъни: 1) Жаслиқ посёлкасидан саккиз километр нарида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудидаги бир бинони таъмирдан чиқариш ва у ерга асосий зонадан 250-300 маҳкумни кўчириш ва 2) кўчирилган маҳбуслар яқинларига улар билан учрашувга боришларига рухсат берилгани ҳақида Ички ишлар вазирлиги томонидан 200 оилага телеграмма юборишни зудлик билан ҳал қилиш ҳақида махсус буйруқ берилган. 1999 йил 16 декабрида Жаслиқ қамоқхонасига биринчи бўлиб борганлар орасида ЎИҲЖнинг вакили ҳам бор эди.

Маҳбусларни унутиш ва жисмонан йўқ қилиш 

Қамоқхонанинг: (а) маҳфийлиги; (б) узоқ чўлу-саҳрода, шароити ўта оғир бўлган ҳудудда қурилганлиги; (в) маҳбуслар ҳақида оила аъзоларига ҳеч қандай маълумот берилмаслиги; ва, ниҳоят, (г) дунёвий, диний, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан мухолиф фикрдаги одамлар учун қурилганлигини эътиборга олсак, бундан ягона хулоса келиб чиқади: ҲУКУМАТ МУХОЛИФАТГА ҚАРШИ МИСЛИ КЎРИЛМАГАН, КЕНГ КЎЛАМЛИ ҚАНДАЙДИР ЖИНОЯТЛАР СОДИР ЭТМОҚЧИ БЎЛГАН. Қандай? Биринчи маҳбуслар УЯ 64/71 га 1997 йилда олиб борилган ва улар қайси қамоқхонада сақланаётгани 1999 йил майигача бирорта ҳам оилага маълум бўлмаган.

Комилжон Нуруллаевнинг олиб келган хабарини мен халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари вакилларига айтганимда улар бунга ишонишмади: “Қандай қилиб бутун бошли қамоқхонани шунча вақт давомида яшириб юриш мумкин?” дейишди улар. Фақат Жаслиққа Ҳайитбой Ёқубов ва Акейша Шилдс хоним бориб келишгандан кейингина улар ишонишди.

Кўз олдингизга шундай бир вазиятни келтиринг: вақт ўтиши билан ўлган ёки бедарак йўқолган ҳар қандай одам аста-секин ҳатто унинг энг яқин одамларининг эсидан чиқа бошлайди. Масалан, бир инсоннинг отаси ўлса, дастлабки пайтларда отаси унинг эсига тез-тез келаверади, у йиғлайди ва овунади, бироқ вақт ўтиши билан отаси унинг ёдига камроқ туша бошлайди, эсдан чиқиш эффекти борган сари кучаяверади. Бу психологик эффект олимлар томонидан яхши ўрганилган – бориб-бориб ўша одам яқинларининг ҳам хотирасидан деярли ўчиб кетади.

1958 йили бизга қўшни бўлган қишлоқда яшовчи Берди ака деган одам отишга ҳукм қилинди. Болалари улғайди, Берди аканинг хотини ҳам вафот этди. Бир одам “Берди ака ҳали тирик, у Россияда уран конларида ишлаяпти, менга адресини берди, бориб айт, деди” дейишига қарамасдан, йиллар ўтиши билан болалари отасини умуман унутиб юборишди – буни мен ўз кўзим билан кузатганман.

Мухолифатни киши билмас жисмоний йўқ қилиш режаси худди ана шу эффект билан боғлиқ бўлган. УЯ 64/71 қамоқхонасини озиқ-овқат, кийим-кечак, асбоб-ускуна ва бошқа ҳаётий зарур нарсалар билан таъминлаш йўлнинг ўта узоқлиги, автомобиль йўлларининг йўқлиги, бори ҳам ўта сифатсизлиги сабабли давлатга жуда қимматга тушади. Бу қамоқхонага сарфланаётган харажат аҳоли зич яшайдиган шаҳар ёки посёлкаларда қурилган иккита қамоқхонани таъминлашдан кам эмас.

Шундай бир факт: Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Жаслиқ қамоқхонасига бориши арафасида ҳар сафар бир неча маҳбусни Нукусдаги УЯ 64/ТИ-9 изоляторига “воронок” махсус машинасида олиб кетишган, улар қайтиб кетишгач, қайтариб олиб келишган – бу 800 километр йўл! Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар учун мўлжалланган махсус қамоқхона ҳам Жаслиқ яқинида қурилгани юқорида айтилган фикрнинг яна битта далилидир.

УЯ 64/71 дан қанча ўлик чиққанини биз билмаймиз – бизда бундай статистика йўқ. Бироқ дунёвий мухолифат вакили, Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати Андижон вилояти кенгашининг раиси Жўрахон Азимовнинг ўлиги айнан шу қамоқхонадан 1999 йил июль ойининг иккинчи ярмида уйига олиб келинган.  Бундан ташқари, бизга маълум бўлган маълумотлар қуйидагича: ярим йил ичидa Жaслиқ кoнцлaгeридa 89 нaфaр (фaқaт aниқлaнгaнлaри) мaҳбус миршaблaр тoмoнидaн уриб ўлдирилгaн.

Шулaрдaн баъзи бирлaрининг рўйxaти:

1. Мaннонoв Aбдумaлик, 6-кaмeрa, 1951 йилдa Нaмaнгaн шaҳридa туғилгaн, 4 бoлaси eтим қoлган.

2. Исмoилoв Ибрoҳимжoн, 2000 йил 30 июлидa «Жaслиқ»дaн Сaнгoрoдгa кeтишдa йўлда ўлган.

3. Пaрпиeв Шуҳрaт, 1969 йилдa туғилгaн, андижoнлик, «Бoзoрли» кўчaсидa яшaгaн, 4 бoлaси қoлди.

4. Обид, Aндижoндa туғилгaн, Нaмaнгaндa яшaгaн, 30-35 ёшлaрдa, уриб oшқoзoнини ёриб юбoришгaн, мия қaтиғини чиқaришгaн, 12 июндa ўлди.

5. Мaшрaб, Aндижoн шaҳридaн, касби шoфeрлик бўлгaн, 1999 йилдa ўлдирилди.

6. Турсунoв Aзим, Нaмaнгaн шaҳридaн, Жаслиқдан Сангородга кетишда йўлдa ўлди, 5 бoлaси қoлди.

7. Рaсулoв Aбдуҳaким Aбдуллaeвич, 30-35 ёшлaрдa, Жаслиқдан Сангородга кетишда йўлдa ўлди.

8. Қoдирoв Исрoил Исмoилoвич, Aндижoн вилoятидaн, шaҳрихoнлик, Жаслиқдан Сангородга кетишда йўлдa ўлди.

9. Дaдaмирзaeв Рустaм, Нaмaнгaн вилoятининг Уйчи тумaнидaн, oғир aҳвoлдa ўлди, 40-45 ёшлaрдa.

10. Бaҳрoм, Нaмaнгaн шaҳридaн, oғир кaлтaклaрдaн ўлди.

11. Ҳaмидуллo Нoсирoв, Ҳафизулло Носировнинг укаси, Дeнoв шaҳридaн.

12. Усмонов Фурқат, 1999 йилда ўлдирилган, Тошкент вилояти “Назарбек” посёлкасида яшаган.

13. Авазов Музаффар,  тошкентлик.

14. Алимов Ҳусниддин, тошкентлик.

15. Хўжаев Азимбой, хоразмлик.

Каримовнинг “террорчиликка қарши кураш” режаси

УЯ 64/71 асосан диний мухолифат вакиллари учун мўлжаллаб қурилган. Мазкур қамоқхонанинг ташкил этилиши билан 1999 йил 16 февралида Тошкентда уюштирилган портлашлар орасида бевосита боғлиқлик бор. Ҳукумат атайлаб уюштирган бу терактлар оддий намозхон мусулмонларни ёппасига қамоққа олиш ва УЯ 64/71 га жўнатиш учун йўл очди. Аслида мазкур қамоқхонанинг ташкил этилиши Ислом Каримов ва унинг махсус хизматлари 90-йиллар бошида ишлаб чиққан “террорчилик ва ислом экстремизмига қарши кураш” режаси занжирининг бир ҳалқасидир. Ислом динидан ўлгудек қўрқадиган дунёнинг баъзи етакчи давлатлари бунга ишонишди ва қўллаб-қувватлашди. БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен каби прогрессив инсонлар ишонишмади ва УЯ 64/71 қамоқхонасини ёпишни талаб қилишди.

Ҳозирги кунда УЯ 64/71 да кимлар сақланмоқда?

УЯ 64/71 қамоқхонасига олиб борилган ҳуқуқбонлардан биринчиси ва ҳозирча ягонаси Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Азам Фармоновдир. У мазкур қамоқхонага 2006 йилнинг июль ойида тушган. 90-йиллар ўртасида бу қамоқхонага таниқли иқтисодчи, иқтисод фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда биринчи марта хусусий банк (“Рустам-банк”) ташкил қилган Рустам Усмонов тушган – у ҳозир ҳам Жаслиқда сақланмоқда.

Мазкур қамоқхонада Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Аъзамхон Баҳромов, Жиззах вилоятининг собиқ прокурори, кейин президентнинг давлат маслаҳатчиси, Бош прокурор ўринбосари ва Тошкент вилоят прокурори бўлиб ишлаган Равшан Муҳитдинов, Фарғона вилояти Қўқон шаҳар собиқ ҳокими Ҳаётхон Каримов, Андижон вилояти Балиқчи туман собиқ ҳокими Атҳам Мамажонов, Бухоро вилояти Ромитан туман собиқ ҳокими Асқар Махмудович Нозимов, Тошкентнинг Дўмбробод маҳалласида улкан масжид қурдирган бизнесмен Шуҳрат, “Хоразмшоҳ” лақабли, Хоразм вилояти “Хоразмавтойўл” йўл қурилиши ҳудудий шўъба корхонаси ва “Магистрал йўллар бошқармаси” собиқ бошлиғи Валерий Ибрагимович Полвонов ҳам жазо муддатини ўташмоқда. Бироқ бу рўйхатда келтирилганларнинг Азам Фармонов ва Рустам Усмоновдан бошқалари мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

 

Толиб ЁҚУБОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.