Шунингдек, Халқаро жиноят судининг 1998 йил 17 июлидаги Рим статутининг 7-моддаси 1-қисми «а» бандида қийноққа солиш фактининг ўзи халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойил ва меъёрларини бузувчи оғир ҳуқуқбузарлик, инсонга қарши жиноят сифатида тан олинган. Ва, алоҳида таъкидлаш керакки, ана шу халқаро меъёрлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноқ қўлловчига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда қийноқлар, зўраки иқрорликлар билан боғлиқ вазият жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солиб келмоқда. “Жараён” хатқутисига куни кеча фуқаро Фахриддин Оққўзиев томонидан йўлланган бир видеолавҳа (мазкур видеолавҳа билан қуйида танишишингиз мумкин) мавзуга қайтишимизга баҳона бўлди. Мазкур лавҳада Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида содир этилган ғайриинсоний муомала, қийноқ кишининг этини жунжиктиради, изтиробга солади.
Нашримиз ўз вақтида бу ҳодисаларга оид хабарларни чоп этган, аммо муҳтарам муштарийларимизга воқеаларнинг кейинги ривожи ва оқибатлари, зўравонларнинг жавобгарлиги масаласи ноаниқ бўлиб қолаётганди. Шу мақсадда Қашқадарёда қийноқ қурбони бўлган икки фуқаро иши билан бевосита шуғулланган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Абдураҳмон Ташановни суҳбатга тортдик. Суҳбат асносида унга Қашқадарёдаги ҳодисалар, умуман, мамлакатда қийноқ билан боғлиқ вазият борасида саволлар бердик.
Жараён: Абдураҳмон, аввало Қашқадарёда содир этилган хунрезлик, қийноқ ҳодисасини муштарийларимиз ёдига солсак.
Абдураҳмон Ташанов: Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Чордара қишлоғида яшовчи 32 ёшли Ҳусниддин Оққўзиев Чироқчи тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлланилган ваҳшиёна қийноқ қурбони бўлганди. Шу йилнинг 17 майида содир бўлган бу ҳодиса жамоатчиликни ларзага солди, дейиш унчалик ҳам тўғри бўлмайди. Таассуфки, ўзбеклар айни кунда ўзгалар тақдирига анча бефарқ, “сен менга тегма, мен сенга” қабилидаги ҳафсаласизликка мубтало бўлишган.
Қийноқ факти бўйича марҳум Ҳусниддиннинг акаси Фахриддин билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Президент, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигига бир қанча шикоятлар ёздик. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани прокуратураси томонидан шу туман ИИБ бўлимининг бир неча ходимларига нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) ва 207-моддаси (Совуққонлик) бўйича жиноят иши 2013 йилнинг 14 июнига келибгина қўзғатилди.
Тергов материалларига кўра, милиция ходимлари безориликда гумон қилинувчи марҳумни назоратсиз қолдириб, совуққонликка йўл қўйишган. Моҳиятга эътибор беринг, яъни қийнаган эмас, “эътиборсиз қолдирган” ва натижада марҳум ўзини бўғиб ўлдирган. Демак, жиноятни яшириш, қийноқ фактини тан олмаслликка уриниш терговнинг бошидан бошланган.
Энг даҳшатлиси, ҳатто Ҳусниддин ўлганидан сўнг ҳам милиция ходимлари унинг телефон аппаратини олиб, бир неча кун давомида фойдаланиб келишган. Бу воқеага ҳуқуқий ёндошилса, милиция ходимларини марадёрликда, мурдани таҳқирлашда ҳам айблаш мумкин.
Иккинчи ҳодиса, яъни 2012 йилнинг ноябрида ана шу туманнинг милиция ходимлари 30 ёшли Алмардон Бердиқуловни қийнаб ўлдирган ва мазкур ҳолат юзасидан терговчи Анвар Холиёров жавобгарликка тортилганди. Бу ҳодисада ҳам худди шу каби ҳолат – гўё терговчилар совуққонликка йўл қўйган ва Алмардон Бердиқулов гўё иродасизлик қилиб, ўз жонига қасд қилган.
Бироқ ўтказган суриштирувларимиз ва текширувлар жараёнида ҳар икки ҳолат ҳам тумани ИИБнинг жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан содир этилгани аниқланди. Зўравон милиция вакиллари жавобгарликка тортилиш ўрнига бири ишдан бўшатилди, яна бири пенсияга чиқарилди ва ҳодиса юзасидан очилган жиноят иши очиқлигича қолиб кетди.
Менинг назаримда, бу ҳолатлар, яъни жиноят ишининг ёпилиши ва айбдорларнинг жазоланмаслиги бевосита ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбариятининг назорати ва бевосита кўмагида рўй берди. Агар айбдорлар жазоланса ва бу фактлар бизнинг қўлимизга тушса, Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлар, хусусан, БМТ структураларида ўтказиладиган даврий тингловларда жуда қалтис вазиятда қолган бўларди.
Жараён: Гапларингиз яқинда БМТнинг Қийноқлар бўйича қўмитасида кузатилган воқеаларни эслатади. Ҳамма биладики, Ўзбекистон ҳукумати номидан БМТ мутасаддилари сўроқларига жавоб берган таниқли ҳуқуқбон Акмал Саидов конкрет жавоблар ўрнига стол муштлади, ўзини идора қилолмай қолди. БМТ мулозимларини қийноқлар масаласида ҳам Ўзбекистоннинг миллий модели борлигига ишонтиришга ҳаракат қилди. Бу жуда кулгили эмасми?
Абдураҳмон Ташанов: Мен инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори, таниқли олим ва дипломат Акмал Саидовнинг тушган вазиятини кўпроқ аянчли, деб баҳолаган бўлардим. Аввало, Леонардо Винчининг ҳикматомуз гапларини эслаш лозим: “Қаерда мулоҳазали гаплар тугаса, ўша ерда бақир-чақир бошланади”. Ўзбекистон ҳукуматининг айнан қийноқлар масаласи бўйича мулоҳазали гаплари аллақачон битган.
Сабаби мамлакатда систематик қийноқларнинг қўлланилишига доир фактлар шунчалик кўпки, буни инкор қилган шахс масхарабоздан бошқа нарса эмас. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан ҳам қийноқларни бартараф этмоқчи бўлса, бу борада ижобий одим ташламоқчи бўлса, аввало муаммонинг борлигини тан олиши ва бу борада кескин ислоҳотлар бошлаши керак.
Албатта, ислоҳотларнинг ўзи билан ҳам кўзланган мақсадга эришиши мушкул. Яъни, мамлакатдаги қийноқнинг омиллари жуда ҳам кўп. Турли воситалар билан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, жиноят қидирув бўлимлари вакиллари ҳамда терговчиларнинг руҳий, дунёқараш, билим ва малака билан боғлиқ ҳолатларига эътибор қаратиш лозим. Яъни, қийноққа қарши курашни таълим тизимидан бошлаш керак. Сўнгра тергов ва сўроқлар билан боғлиқ жараёнларни жамоатчилик учун очиқ (доступний) қилишга ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Бевосита адвокатура тизими мустақиллиги, суд-ҳуқуқ идораларининг қонунга мувофиқ ишлаши ҳам шулар жумласидандир. Таассуф билан таъкидлаш керакки, суд органи ҳозирда зўраки йўллар билан олинган иқрорликларни қонунлаштирувчи идорага айланиб қолди. Масалан, ўнлаб суд маҳкамаларида ҳатто қийноқ ҳолатлари суд баённомаларига ҳам киритилмайди, бу борада хусусий ажримлар чиқарилмайди.
Шу йил ёзида Бухорода Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ички ишлар ходимларининг руҳий ҳолати ва улардаги депрессия ҳолатларини бартараф этиш учун ўқув семинарлари ташкил қилди. Ҳозирда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент ваколатхонаси билан биргаликда шу хилдаги фойдали семинарлар ўтказилмоқда. Худди шу хилдаги машғулотлар ички ишлар идоралари ходимларининг дунёқараши ва билим-кўникмаларини, оз бўлса-да, оширишга хизмат қилади.
Мен оддий бир ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ички ишлар идораларининг кўплаб ходимларини ҳам ҳимоя қилганман. Ана шу жараёндан биламанки, қийноқ қўлловчиларнинг ўзига қийноқлар қўлланилади. Яъни, жиноятни очишга жуда қисқа фурсатлар қўйилган. Терговчилар оддий криминалистика ашёлари, транспорт ва воқеа жойини тадқиқ этишга кўмаклашувчи технологиялар билан таъминланмаган. Демоқчи бўлганим, вазият, талаблар, нормативлар фақат гумонланувчи ёки ҳибсга олинган шахсни тезроқ иқрор қилишга қаратилган.
Албатта, бу билан мен қийноқ қўлловчиларни бечора, ваколатсиз ва имконсиз шахслар сифатида кўрсатмоқчи эмасман. Аксинча, қийноқнинг келиб чиқиши, уни қўлловчиларда жазоланиш ҳиссининг йўқлиги омилларига тўхталмоқчиман. Мамлакатда ана шу омиллар туфайли қийноқ кўламининг ўсиб бориши, БМТ минбарларида мулзам бўлиб қолмоқдамиз, энг ёмони – фуқароларимиз онгига қийноқ оддий бир ҳол каби сингиб бормоқда, кўникиш пайдо бўлмоқда.
Жараён: Шу кунларда Ўзбекистонда Конституциянинг 21 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 65 йиллиги юбилейи тантаналари нишонланмоқда. Анъанавий ялтироқ тадбирларга бой бўлувчи мазкур ой ҳуқуқ ҳимоячилари учун ҳар ўзига хос сарҳисоб давридир. Ғалвир сувдан кўтарилса, айнан қийноқлар вазияти борасида бу йил ҳам жиддий ҳисоботларни кутиш мумкинми? Ўзингизда бу борада нималар бор?
Абдураҳмон Ташанов: Албатта қийноқлар масаласида ҳамкасбларим билан биргаликда халқаро ташкилотлар учун муқобил ҳисоботлар тайёрламоқдамиз. Чунки қийноқлар масаласи доим биз учун долзарб бўлиб келган. Бундан ташқари, ҳамкасбларимиз билан БМТнинг Қийноқлар бўйича қўмитаси ва махсус маърузачисига муайян ишлар бўйича индивидуал шикоятлар ёзаяпмиз.
Аммо бу йил ҳисобот, шикоят ва хабарномаларнинг ўзи билан чекланиб қолмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинг қилиш институти, Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш институти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Парламент палаталарига ўз фуқаролик позициям нуқтаи назаридан мавжуд қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини тайёрлаяпман.
Менимча, қийноққа солиш дунё ҳамжамияти томонидан халқаро ҳуқуқнинг асосий принцип ва меъёрларини бузувчи оғир ҳуқуқбузарлик, инсонга қарши жиноят сифатида тан олингани ҳамда оғир жиноят эканини эътиборга олиб, бундай жиноят содир этганлик учун жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Жумладан, Жиноят кодексининг 235-моддаси 1-қисми санкциясида 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Назаримда, ушбу жиноят санкциясида ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг кўзда тутилиши мақсадга мувофиқ эмас. Бу турдаги жиноятларни содир этганлик учун фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши керак. Бундан ташқари, ЖКнинг 235-моддаси барча қисмлари санкциясида ушбу жиноятни содир этганлик учун муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазоси қўшимча муқаррар жазо сифатида киритилиши лозим.
Бу тахлит таклифлар барча ҳамкабларимиз томонидан билдирилиши лозим. Чунки бундай таклиф билдириш учун аввало қонунчилик, уни қўллаш амалиёти билан кишининг ўзи чуқур танишган бўлиши керак. Ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги ҳуқуқий саводхонлик масаласида оқсашади. Шу боисдан ҳам кўпгина ишларимиз ҳисобот ва мониторинглардан нарига ўтмаяпти.
Албатта бугун мен тилга олган фактлар мамлакатдаги умумий манзаранинг бир кўриниши, холос. Образли қилиб айтсак, бир неча ўлим ҳолати ва қийноқ фактлари айсбергнинг бир учи — унинг каттагина қими сув остида. Ишонаманки, бу муаммо яқин келажакда жиддий ўрганилади ва айбдорлар жазога ҳам тортилади.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Абдураҳмон.
Интервьюни Раҳмон АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.
Fikr bildirish