Шу важдан “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва “Жараён” веб-сайти Ўзбекистон Чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш республика бўлими раҳбариятига мурожаат қилиб, ўзбекистонлик документалистнинг чиқиш визаси олиши таъқиқланган фуқаролар рўйхатига нима сабабдан киритиб қўйилганини ўрганмоқчи.
Ҳозирча эса биз Абдулазиз Маҳмудовнинг Ўзбекистон ташқарисига чиқиш учун зарур бўлган визани олиш бўйича кўплаб уринишлари ҳақида унинг ўзи йўллаган ҳикояни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Қариндошларимни зиёрат қилмоқчи эдим
Шу йил ёзида мен МДҲ таркибига кирувчи қўшни республикаларда яшайдиган қариндошларимни кўриб келмоқчи эдим. Бироқ бунинг учун янги паспорт олишим зарурлигини айтишди. Икки ойдан ортиқроқ вақт мобайнида ақл бовар қилмайдиган навбатларда сарғайиб туриб, биометрик паспорт олишга муваффақ бўлдим. Маълум бўлишича, у Европа стандартларига тўғри келмас, бир-икки йилдан кейин алмаштирилиши керак экан…
Янги паспорт билан мен ОВИРга мурожаат қилдим ва 2000 йилдан буён менинг хорижга чиқишимга таъқиқ қўйилганини ўргандим. Ва Франс Кафка қаҳрамонидек, ғалати бемаъниликка дуч келдим. Ишларим ҳанузгача бир қадам ҳам олдга силжимабди… Мен тўрт ойдан буён чиқиш-кириш хизматининг турли муассасаларига бориб келаяпман.
Тегишли жойларга хатлар ёзаяпман ва ҳатто умидбахш жавоблар ҳам олаяпман. Масалан, 11 октябрь куни ёзганим мактубимга 8 ноябрь куни жавоб олгач, 9 ноябрь тонгида ОВИРнинг Республика идорасига бордим.
Бу ОВИР мутахассислари ҳафтасига бир марта Ўзбекистонни тарк этиш маън қилинмиш “жазога мустаҳиқлар”ни қабул қиладиган ажойиб шанба куни эди. Ҳар доимгидек, у ер одам билан гавжум эди… Аммо тез орада одамлар қабул қилинмаслиги маълум бўлди…
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси доимий мизожларининг айтишларича, шанба, 2 ноябрь куни тушгача одамлар қабул қилинган… Ундан олдинги шанба – 26 октябрь куни эса умуман қабул қилишмабди… Қабул кунлари қайд этилмиш лавҳадаги ёзувга қарамасдан, 19 октябрь (аввалги шанба) ҳам қабул куни бўлмаган… “Ҳойнаҳой, милиционерларни пахтага юборишган бўлса керак”.
Шунинг учун ҳам юракни ғижимлаб яна бир ҳафта кутишга тўғри келди ва 16 ноябрь, шанба куни эрталабки соат бешда яна Ўзбекистон кўчаси, 49-а уйда жойлашган Республика ОВИРига (тел.: 231-37-10, 232-65-70) бордим. Тонг эндигина ёриша бошлаганига, қабул эса, кун тартибига мувофиқ, эрталабки соат 9 да бошланишига қарамай, бу ерга Ўзбекистонни тарк этиш иштиёқида ёнаётган эллик чоғли одам йиғилиб бўлибди. С
амарқанд, Бухоро ва Фарғонадан келганлар 15 ноябрь, жума куниёқ навбат олиб, бино қаршисида ўз автомобилларида тунабдилар. 16 ноябрь куни эрталабки соат олтида мен навбат рўйхатидаги фахрли 51-ўринни эгалладим. Соат 9 дан 15 дақиқа ўтганда дастлабки бешликни ичкари киритишди. Қолганлар ҳовлида ғуж бўлиб турар ёки йигирмата одам аранг сиғадиган тор айвончада ўтиришарди.
Аммо кўп ўтмай «осойишталигимиз» ҳовли супуришга киришган ва чор-атрофни чанг-тўзонга тўлдирган фаррошлар томонидан бузилди… Шу сабабли йиғилганлар (бу пайтга келиб эса навбатдагилар сони 79 кишига етганди) фаррошлардан норози бўлиб тўнғиллаганларича, ОВИР девори ортига – тоза ҳавога чиқиб кетдилар ва роса икки соат йўлакда қаққайиб турдилар. Тушгача, яъни соат 12 дан 45 дақиқа ўтгунича 21 нафар омадли навбатдошимиз қабулга киришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг учинчи қават ойнасидан бир амалдор бошини чиқариб, тушлик учун танаффус эълон қилди…
Виза олиш иштиёқида ёнаётганларнинг кўпчилиги ўз имкониятини бой бериб қўйишдан хавфсираб, тушликка бормай қўяқолди. Аммо улар бекорга хавотирланган эканлар, милиционерлар жуда пунктуал бўлиб чиқмади. Тушлик танаффуси соат 14 дан 25 дақиқа ўтгунча давом этди. Сўнг яна идора эшиклари очилиб, орзиқиб кутилган қабул бошланди.
Соат 17 дан 30 дақиқат ўтгунча яна 15 нафар омадли қабул қилинди… Бу орада қош қорайиб, қабулхона эшиклари ёпилди. Навбатда турган одамлар хавотирга тушишди, норози оҳанглар эшитила бошлади. Кимдир: «Асосий эшикдан таниш-билишларини навбатсиз қабул қилишяпти», деб қичқирди. Бу вазиятни янада таранглаштирди. Аммо шу пайт учинчи қават ойнасидан амалдор бошини чиқариб: «Биз овқатланаяпмиз! Кимга керак бўлса, кутиб турсин! Ҳаммангизни қабул қиламиз!» деб қичқирди.
Мени амалдорнинг «Кимга керак бўлса, кутиб турсин» дегани танг қолдирди. Демак, бу уларга керак эмас экан-да? Улар роппа-роса бир ойдан бери ўз хизмат бурчини адо этмаганлар, республиканинг турли бурчакларидан қабулга келишга мажбур бўлган, Республика ОВИРи девори олдида тунаган ва на ичишга суви, на ейишга овқати, на ҳожатхонаси бўлган кўчада турган одамлар эса уларнинг касбий масъулиятсизлиги жабрини тортиши керак экан.
Шунга қарамай, соат олтига бориб сийраклашиб қолган навбатдагилардан визага даъвогар энг саботли 30 чоғли киши тишини тишига қўйиб, кечки овқатланиш маросими тугашини кута бошлади. Кечки овқатдан сўнг – бу 19.30 лар чамаси эди, идора ходими кириш эшигини очиб: «Биринчи навбатда аёлларни қабул қиламиз… Эркаклар эса кутиб турсин», дея бақирди. Бу сафар ёзилмаган қоидага хилоф равишда беш киши ўрнига бирданига ўндан зиёд аёлни ичкарига қўйишди. Эркаклар соат 21 гача кутиб ўтиришди…
Аммо аёллар қайтиб чиқишган пайтда бизга: «Бошқа ҳеч кимни қабул қилмаймиз», дейишди. Шунга қарамай, ўзини алданган деб ҳисоблаган беш нафар ўжар (улар орасида мен ҳам бор эдим) асосий эшик томон йўналди, зеро, яна бир ҳафта кутишга тўғри келиши ва шанба куни тонгги соат бешдан бўлиш-бўлмаслиги номаълум «қабул» ҳақидаги ўй кишининг жигар-бағрини эзиб юборадиган даражада оғир эди…
Олдимизга ҳеч ким чиқмагани учун Муҳаммадалиев Румий исмли ёш йигит телефон орқали ё майор Улуғбек Жамилов, ё капитан Рустам Қодиров, ё балки подполковник Баҳодир Усмонов билан телефон орқали музокара олиб бора бошлади. «Балки» деганимнинг сабаби бор, чунки бизга қабул уюштириб бермоқчи бўлган милиционернинг ваъдасига биноан 18 ноябрь, душанба куни эрталаб Ўзбекистон кўчаси, 49-а уйга келганимизда ва навбатчи, кичик сержант Абдуллаев воситасида 232-65-69, 231-55-22 орқали юқорида исмлари келтирилган мансабдор шахслар билан алоқа боғлашга уринганимизда бизга ҳеч нарсани билмасликлари ва навбатдаги қабул, одатдагидек, 23 ноябрь, шанба куни бўлажагини айтишганди.
Бундан ОВИР Ўзбекистон фуқароларига яроқсиз паспортлар бераётган Ички ишлар вазирлигининг паспорт бўлими каби рисоладагидек ишламаяпти, масъул мутахассислар эса ўз мансабига лойиқ эмас, деган тасаввур пайдо бўлади. Балки дунёдан иҳота қилишнинг ўзидир Ўзбекистон йўли деганлари? Ўз манфаатини кўзлайдиган ҳукмрон элита томонидан танланган йўл. Ўрта асрлардаги қуллик ва жаҳолатпарастликка элтувчи йўл. Аммо менинг амалдорлар орасида аҳоли фаровонлиги учун қайғурадиган фикрли ва виждонли одамлар йўқлигига ишонишим қийин. Балки биз уларни тушунолмаётгандирмиз? Балки улар бу ишларни Юртбоши томонидан тасдиқланган маҳфий режа асосида қилаётгандилар? Устоз Маонинг «Қанча ёмон бўлса, шунча яхши!» деган гапига эргашган ҳолда…
«Буюк Келажак» келишини тезлатиш учун инсон ҳуқуқлари эътиборсиз қолдирилаётгандир балки? Олий ҳокимият легитим эмас, давлат идоралари ўзлари истаганча иш тутаяпти. Уйдирилган баҳоналар билан диндорлар, мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қамоққа тиқаяптилар. Уларни қамоқларда чиритаяптилар, қийноққа солаяптилар ва ўлдираяптилар.
Шу важдан ҳам юрагини олдириб қўйган аҳоли шафқатсизларча эксплуатация қилинаяпти. Нархлар ошиб бораяпти. Газ ва электр ўчирилаяпти. Яъни расмийлар сунъий равишда чидаб бўлмайдиган шарт-шароитни вужудга келтирмоқда. Энди одамларни турар-жойлари бўйича қайдга олиш институти ва ОВИР идорасини йўқ қилиш қолди, холос.
Шунда ишга яроқли одамларнинг ҳаммаси пул топиш учун ташқарига отилади… Ўзбекистонга беш миллиард эмас, йигирма беш миллиард доллар оқиб кела бошлайди. Мардикорларнинг оилалари: ота-оналарининг, хотину бола-чақаларининг қорни тўқ, усти бут бўлади… Ҳукмрон табақа муаммолар устида бош қотириб ўтирмайди, Ўзбекистон айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли фаровонлик ичра ва давлат оммавий ахборот воситалари ўйлаб топган ер юзининг «жаннат»ида яшаяпти, деган фарахбахш ишонч билан юраверади.
Кечаги фақирлар ниҳоят «Боғи Эрам»нинг бой-бадавлат фуқароларига айланадилар, Маккага кўпроқ борадиган, қимматбаҳо автомобиллар сотиб оладиган, масжид ва муҳташам уйлар қурадиган, серҳашам тўю маъракалар ўтказадиган, ўзлари билан ўзлари бўлиб яшайдиган бўладилар. Юртбоши орзу қилган Буюк Келажак деганлари ана шу бўлади.
Абдулазиз Маҳмудовнинг республика ОВИРига ёзган ва бу идорадан олган ҳужжатлари билан мана бу ерда танишишингиз мумкин: (1,2,3,4)
Fikr bildirish