Ҳуқуқ фаоли: Лондон Қаюм Ортиқов ишида етарлича фаоллик кўрсатмади
Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси собиқ ходими, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қурбонига айланган Қаюм Ортиқовнинг хотини Моҳира Ортиқова Британия расмийларини ўзбек диктатураси билан тиғиз ҳамкорлик қилаётганликда айблайди.
Шу йилнинг 1 декабрь куни “Жараён” сайтимизда Тошкентдаги Буюк Британия элчихонаси собиқ ходими Қаюм Ортиқовнинг хотини Моҳира Ортиқованинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги парламентига йўлланган мурожаати чоп қилинганди.
Ўз мурожаатида Моҳира Ортиқова кейинги пайтда Ўзбекистон расмийлари билан фаол ва тиғиз ҳамкорлик қилаётган расмий Лондон хатти-ҳаракатларидан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақида ёзади.
“Мен жаҳонда катта обрў-эътиборга эга бўлган ва инсон ҳуқуқларига чуқур ҳурмат туйган Буюк Британия каби мамлакат дунёдаги етакчи давлатлардан бири ўлароқ ўз дипломатик муассасасида ишлаган одам тақдирига бефарқ бўлмайди, деган ишончда эдим.
Мен бу мамлакат Британия расмийлари шарафини ҳимоя қилароқ даҳшатли қийноқларни бошдан кечиришига тўғри келган инсонни ёрдамсиз ва эътиборсиз қолдиради, деб ўйламагандим”, деб ёзади Моҳира Ортиқова Буюк Британия ва Шимолий Ирландия парламентига йўлланган мурожаатида.
(Мурожаат матни билан бу ерда тўлароқ танишиш мумкин: http://jarayon.com/ru/index.php/2012-04-04-14-31-53/item/626-yavlyaetsya-li-velikobritaniya-podelnikom-uzbekskoj-diktatury/626-yavlyaetsya-li-velikobritaniya-podelnikom-uzbekskoj-diktatury#).
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Моҳира Ортиқова Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмеронга Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қурбонига айланган Қаюм Ортиқов ва бу мамлакатнинг барча фуқаролари ишига эътибор қаратиш илтимоси билан ёзма равишда мурожаат қилган ва британиялик амалдорга бу мамлакатнинг ўз дипломатик муассасаси ходимлари олдидаги масъулиятини эслатганди.
– Аммо ўшандан буён орадан олти ой ўтса ҳамки, Британия расмийлари томонидан ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. Эрим Қаюм Ортиқовнинг иши шу йилнинг октябрь ойи охирида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси қошидаги Қийноқларга қарши кураш қўмитаси томонидан кўриб чиқилди. “Хьюман Райтс Вотч” инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти эримга нисбатан қўлланилган қийноқларни сўнгги йилларда Ўзбекистонда қайд этилган энг даҳшатли қийноқ, деб ҳисоблайди.
Қийноқ қўллаш усулларининг айрим жиҳатлари ўзининг оригиналлиги ва ақлни шоширувчилиги билан ҳатто бу ташкилот экспертларини ҳам танг қолдирди. Эримнинг тарихи ҳақида мустақил оммавий ахборот воситалари 2009 йилдан буён ёзиб келмоқдалар, Британия расмийлари эса ҳалигача жимлар, диктатура ҳукмрон бўлган, оддий ўзбек халқи эзилаётган Ўзбекистондаги расмийлар билан тиғиз ҳамкорликка эса алоҳида эътибор қаратмоқдалар, – дейди Моҳира Ортиқова “Жараён” мухбирига таассуф билан.
Унинг сўзларига кўра, аввалроқ британиялик бир неча юқори лавозимли амалдор Ортиқовлар муаммосини ҳал қилиш бўйича уларнинг оиласига ёрдам беришни ваъда қилган.
– Бироқ ноябрь ойи ўрталарида Лондонда Британия-Ўзбекистон форуми бўлиб ўтди ва унда айрим ўзбекистонлик амалдорлар иштирок этди. Мен оддий ўзбек халқи муаммоларини ҳал қилиш устида бош қотирмайдиган Акмал Саидов ва Светлана Ортиқовани назарда тутаяпман. Улар ўзлари ва Ислом Каримов оиласининг чиройли ҳаёт билан таъминлашни ўйлайдилар.
Улар британиялик ҳамкасблари билан музокаралар чоғида Қаюм Ортиқов ишини тилга ҳам олмаганларига аминман. Чунки октябрь ойида Женевада бўлиб ўтган БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитаси сессиясида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси раҳбари Акмал Саидов эримнинг ишига оид халқаро экспертлар берган саволни шунчаки эшитмаганга олганди, – дейди Моҳира Ортиқова.
44 ёшли Қаюм Ортиқов Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 2003 йилдан 2009 йил февралигача қўриқчи бўлиб ишлаган. У 2009 йили одам савдоси бўйича сохта айблов билан судланганди. Судда унинг айби исботланмаганига қарамай, Қаюм Ортиқов олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
Хотини Моҳира Ортиқова сўзларига кўра, 2009 йилнинг 29 январь куни ҳукм ўқиб эшиттирилганидан сўнг ўтган кейинги тўққиз ой мобайнида у Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 64/1-сонли тергов ҳибсхонасида (“Тоштурма”да – “Жараён”) сақланган.
Эри қамалганидан тўққиз ой ўтгач, Моҳира Ортиқова уни ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга эришган. Ўз ҳимояси остидаги киши билан учрашув пайтида адвокат Қаюм Ортиқов “Тоштурма”да ўтказган бу вақт мобайнида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва лохмачлар (куч ишлатар идоралар терговчилари маҳбуслардан иқрорлик кўрсатмаси олиш мақсадида хизматидан фойдаланадиган алоҳида тоифадаги маҳбуслар қамоқхона жаргонида лохмач деб аталади – “Жараён”) томонидан даҳшатли қийноқларга дучор қилинган.
Қаюм Ортиқов ўз адвокатига Британия элчихонасида ишлаган пайтида Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганини тан олиши ҳамда Тошкентдаги Буюк Британия ва АҚШ элчихоналарида ишлайдиган ўзбекистонлик бошқа ҳамкасбларига туҳмат қилиши учун уни ўта мудҳиш ва ғайриинсоний қийноқларга дучор қилганларини айтиб берган.
– Эрим Ўзбекистон махсус хизматлари терговчилари билан “ҳамкорлик қилиш”дан бош тортгач, унга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланилган. Лохмачлар эримни махсус аппарат ёрдамида қийнаганлар, унинг лаблари ва жинсий аъзоларига электр симини улаб қўйганлар. Катта лейтенант Низом Шокиров шахсан ўзи эримнинг тирноқлари остига махсус игналарни суққан, – дейди Моҳира Ортиқова булар эри ҳибсдалик пайтида дучор қилинган кўплаб қийноқ турларининг озгина қисми эканини таъкидларкан.
2011 йили Қаюм Ортиқовни шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқарганлар. Бироқ Моҳира Ортиқова ҳатто эри қамоқдан озод бўлганидан кейин ҳам уни таъқиб қилиш тўхтамаганини айтади.
– Ҳуқуқ-тартибот органлари бармоқ изларини олиш учун уни ҳафтасига уч марта идорага чақиришиб, ярим кечасигача участкада тутиб туришарди. Уни доим кузатиб юришарди – қаерга бораяпти, ким билан гаплашаяпти… Бир куни уни “террорчиликка қарши кураш бўйича” бўлимга чақиришиб, у Америка ва Буюк Британияда ўқигани, Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлагани ҳақида анкета тўлдиришга мажбур қилишган, кейин эса учётга олиб қўйишган.
Бу эса уни истаган пайтда “террорчиликка алоқадорлик” баҳонасида қамаб қўйишлари мумкинлигини англатарди. Бунисига чидашнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун ҳам биз 2012 йилда ўз Ватанимизни тарк этиб кетишга қарор қилдик. Аввалига эрим кетди, орадан уч ой ўтгач, болаларим билан мен ҳам кетдим, – дейди Моҳира Ортиқова.
Ҳозир Қаюм Ортиқовнинг оиласи Украинада яшайди. Моҳира Ортиқованинг сўзларига кўра, Киевга келгач, улар БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасига ариза бериб (БМТ ҚИОКБ – “Жараён”), қочқинлик мақомини олганлар.
– Шу йилнинг апрель ойида эримга, июль ойида эса болаларим билан менга Украина “қўшимча ҳимоя” мақомини берди, бу “қочқинлик” билан тенг мақомдир, – дейди Моҳира Ортиқова.
Бироқ 18, 15, 8 ва 6 ёшлардаги тўрт боласи бўлган Қаюм ва Моҳира Ортиқова бегона юртда молиявий қийинчиликларга дуч келган.
– Қочқинларни қўллайган БМТ ҚИОКБ қошидаги “РОКАДА” хайрия жамғармаси бизга моддий ёрдам кўрсатиб турибди, аммо бу пуллар турар-жой ижарасига сарф бўлаяпти. Бу ерда ойлик жуда кам, яна биз расман эмас, ёлланма ишчи сифатида ойига 250-300 долларга ишлашга мажбур бўлаяпмиз. Қонун бўйича расман ишлаш ҳуқуқига эга эканимизга қарамай, биздаги ҳужжатлар билан бу мамлакатда ҳеч ким бизни ишга олишни истамаяпти. Табиийки, бунинг натижасида молиявий муаммоларга дуч келаяпмиз, бу эса болаларимизнинг тўлақонли ривожланиши ва бегона юртда нормал ҳаёт кечиришга салбий таъсир кўрсатаяпти, – дейди Моҳира Ортиқова.
Унинг сўзларига кўра, юқорида санаб ўтилган муаммолардан ташқари Украинада оила бошлиғи, икки йилдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон қамоқхоналарида жисмоний ва руҳий қийноқларга дучор этилган Қаюм Ортиқовнинг соғлиғи ёмонлашган.
– Эримнинг билагида уни шифтга осган пайтларидаги арқон изи ҳалигача сақланиб қолган. Чидаб бўлмайдиган қийноқлардан безган эрим икки марта ўзини ўлдиришга уринган, аммо мўъжиза туфайли тирик қолган. Бунақа қийноқлардан кейин одам бирданига соғайиб кетиши мумкин эмас, албатта. У қамоқдан озод бўлганидан кейин бизда тўла тиббий текширувдан ўтиш имкони бўлгани йўқ.
Украинада у икки марта психоневрологик касалхонада ётиб даволанди, чунки шифокорлар шундай қилиш зарурлигини айтишди. Унга антипсихотик, акашакка қарши ва ухлатадиган ҳапдорилар ёзиб беришган, эрим бу дориларни доим ичиб юриши лозим. “РОКАДА” хайрия жамғармаси эримни касалхонага ётқизишда ёрдам берди.
Биз бу жамғарманинг қочқинларни ҳимоя қилиш ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходимаси Алёна Мичеславовна Буркацкаядан масъулиятли ва ҳалол иши учун жуда миннатдормиз. Бундан ташқари, эрим юраги, жигари ва умуртқасидаги оғриқлардан шикоят қилаяпти. Унинг ўнг оёғида кўктомирлар кенгайиб кетган. Шу сабабли ҳар куни унинг ўнг оёғи шишиб кетади, чап оёғининг товони жиддий лат еган, у ҳалигача бу оёғи билан бемалол босиб юролмайди, – дейди Моҳира Ортиқова.
“Жараён” билан суҳбат чоғида аёл, бу барча қийинчиликларга қарамай, Ислом Каримовнинг диктаторлик режими билан курашни ва нафақат эрининг, балки Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қурбонига айланган барча фуқароларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни давом эттиришини айтади.
Бу орада Қаюм Ортиқов оиласи атрофидаги вазият юзасидан “Хьюман Райтс Вотч” инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги вакили Стив Свердлов хавотир изҳор қилди. Унинг фикрича, Британия расмийлари Қаюм Ортиқов ишида аввал-бошдан ўзини четга олиш позициясини эгаллаб олганлар.
– Бизнинг тушунишимизча, Қаюм Ортиқовга қарши айблов уйдириш бошланган энг қийин дамларда, кейин эса уни қамаб, қийноққа сола бошлаганларида британияликлар дипломатлар бу одам ҳолидан бирор марта ҳам хабар олмаганлар. Тўққиз ой мобайнида у Тоштурма ертўлаларида даҳшатли қийноқларга дучор қилинган пайтда элчихона қай бир босқичда бу вазият юзасидан ўз ташвишини изҳор қилиши мумкин эди. Аммо фактлардан ва бу оила билан ўтказганимиз интервьюдан келиб чиқсак, Лондон бу ишда фаоллик намойиш этганини кўрмаймиз. Яъни Қаюм Ортиқов қийноққа дучор қилинган пайтда у шунчаки ўша ерда қолаверган.
Фақат хотини Моҳира Ортиқованинг жасорати ва ғайрати туфайли дунё, шу жумладан, Буюк Британия ҳам бу даҳшатлардан хабар топди. У бундай даҳшатли воқеаларга дуч келаётган барча ўзбеклар кўрсатиши лозим бўлган фаолликни кўрсатди. Аввалига Ортиқовнинг хотини бу ҳақда маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларига айтиб бера бошлади, кейин эса бундан британиялик журналистлар хабар топишди. Британияда чиқадиган бир газета бу воқеа ҳақида танқидий мақола ёзишини айтиб, элчихонага тўғридан-тўғри таҳдид қилганидан кейингина Лондон бу одамни озод қилишга ҳаракат қила бошлади. Бу 2011 йилда бўлганди, – дейди Стив Свердлов.
У Британия расмийларининг Қаюм Ортиқов ишида сусткашлик қилиши Лондон ва расмий Тошкентнинг стратегик алоқалари билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.
– Лондон жуда сусткашлик қилди, Тошкент билан муносабатларни бузишни истамади шекилли. Унинг Афғонистон билан боғлиқ кўп геостратегик алоқалари бор. Табиийки, бу инсон ҳуқуқларига нисбатан, айниқса қийноқлар масаласига нисбатан нотўғри ёндошув. Қаюм Ортиқов иши юксак даражада, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги даражасида кўтарилиши билан, мен бу ерда ўша оиладан олинган маълумотга таянаяпман, уни анча тез озод қилишди. Бир йилдан сўнг у Ўзбекистондан қонунга мувофиқ равишда чиқиб кетиб, Украинага бориб, бошидан кечирган воқеалар ҳақида янада очиқроқ гапира оладиган бўлди. Ҳақиқатан, биз Лондон Украинадан сиёсий бошпана сўраётган ва муаллақликда қолган бу оилани яна қўллаб-қувватлашини кутгандик, – дейди Стив Свердлов.
“Хьюман Райтс Вотч” вакили Қаюм Ортиқов учун зудлик билан малакали тиббий муолажа зарурлигини ҳам айтади.
– “Хьюман Райтс Вотч” Қаюм Ортиқов саломатлигидан ташвишда ва унинг ўз вақтида малакали тиббий ёрдам олишини истайди. Бу мазкур оила учун жуда қийин бир даврдир. Қаюм Ортиқов энг даҳшатли қийноқларни бошдан кечирди, натижада у посттравматик стресс қурбонига айланди ва у тиббий ёрдамга ўта муҳтож. У Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, қийноққа тутилгани туфайли мен Лондон буларнинг ҳаммасини ҳисобга олиши ва унга ёрдам бериши лозим, деб ўйлайман. Ҳатто гап бу қочқинларни Буюк Британияга кўчириб кетиш ҳақида кетмаган тақдирда ҳам, улар энг камида Ортиқовлар Киевда юрган ва бу қийин вазиятдан чиқиш йўлини ахтараётган пайтда уларни ҳам молиявий, ҳам инсонпарварлик ёрдами шаклида қўллаб туришлари мумкин эди.
Ортиқовлар Буюк Британиянинг Киевдаги элчихонасига бир неча бор мурожаат қилганлар, аммо у ерда шу кунгача уларга фақат гап билан маънавий қўллов кўрсатганлар, холос. Бу одамни жуда танг қолдиради. Мен ҳаммамиз Қаюм Ортиқов ва бу оила масаласини фақат Лондон олдидагина эмас, барчанинг олдида, биринчи навбатда, Тошкент олдида кўтаришимиз лозим, деб ўйлайман.
Бу ерда гап қийноққа тутилган одам ҳақида кетаяпти ва бу сўнгги йиллар ичида “Хьюман Райтс Вотч” Ўзбекистонда қийноқлар бўйича қайд этган энг мудҳиш ишдир, – деди ўз сўзи якунида “Хьюман Райтс Вотч”нинг Марказий Осиё бўйича ходими Стив Свердлов “Жараён”га.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish