“Франция Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси яқинда Франциядаги инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар ролига бағишланган конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга борди. Қисқа муддатли бу сафар чоғида у ҳуқуқни муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотларининг турли вакиллари билан учрашди.
Шунингдек, у Ўзбекистондаги умумий вазият ҳақида сўзлашиш учун Сиз билан ҳам учрашишдан мамнун бўларди”, дейилганди шу йилнинг 18 ноябрь куни Патрициана Спарасино-Тиллай идорасидан Мўътабар Тожибоева олган мактубда.
Эслатиб ўтамиз, Франция Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Патрициана Спарасино-Тиллай Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази томонидан ташкил этилган “Мамлакатни модернизация қилиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг роли ва ўрни: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш доирасида шу йилнинг 23-25 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрганди.
Франция инсон ҳуқуқлари бўйича элчисининг Ўзбекистонга бу ташрифи ҳақида муштарийларимиз илк бор ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, маҳкум Ағзам Фармоновнинг рафиқаси Озода Ёқубованинг шу йил 30 октябрида “Жараён” сайтида чоп қилинган мурожаатномасидан билганлар.
Мазкур мурожаатномада Озода Ёқубова Патрициана Спарасино-Тиллайнинг мустақил ҳуқуқ фаоллари ва журналистлардан ҳеч қайсиси хабардор бўлмаган Тошкентга “яширин” ташрифини ҳамда унинг Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билангина учрашиб қайтганини танқид қилганди.
(Мазкур материал билан батафсил бу ерда танишишингиз мумкин: http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/400-elchigasavollar011113)
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг Франция Ташқи ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Патрициана Спарасино-Тиллай билан бўлиб ўтган учрашуви тафсилотлари ҳақидаги материал “Жараён” сайтида яқин кунларда эълон қилинади.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish