Нельсон Мандела хотирамизда
Агар сизда бир орзу бўлса, токи таслим бўлмас экансиз, уни рўёбга чиқаришга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмайди. (Нельсон Мандела)
Узоқ давом этган касалликдан сўнг 95 ёшида ХХ асрнинг афсонавий инсон ҳуқуқлари курашчиси, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) собиқ президенти ва Нобель тинчлик мукофоти лауреати Нельсон Ролиҳлаҳла Мандела оламдан ўтди. Бу ҳақда 2013 йилнинг 5 декабрь куни марҳумнинг шахсий сайти (www.nelsonmandela.org) орқали хабар тарқатилди.
Нельсон Мандела 1918 йили Жанубий Африка Республикасида туғилганди. Таълимдан сўнг у ўзининг бутун ҳаётини апартеид режимига, яъни мамлакат туб аҳолиси ҳақ-ҳуқуқларининг чекланиши ва ҳудудий жиҳатдан изоляция қилинишида акс этмиш ирқий камситишнинг ўта ёмон шаклига қарши сиёсий курашга бағишлади. Жанубий Африканинг оқ танли бўлмаган аҳолиси ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш сиёсати 1917 йилда бошланиб, 1994 йилгача давом этган.
ЖАРдаги апартеид мамлакатнинг қора танли аҳолисига чоққина ҳудуддаги (ЖАР майдонининг тақрибан 12 фоизи) махсус резервацияларда истиқомат қилишни буюрган. Резервациядан чиқиш ва йирик шаҳарларда пайдо бўлиш фақат махсус рухсатномага кўра ва иш жойи бўлган тақдирдагина (маҳаллий аҳоли кўпроқ хизмат кўрсатиш соҳасидаги эътиборсиз ва паст маошли ишлардагина ишлай оларди) мумкин бўлган. Апартеид тизимини жорий қилиш чоғида ЖАРнинг қора танли аҳолиси қарийб барча фуқаролик ҳуқуқлари ва сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум бўлган.
ХХ асрнинг 40-йиллари бошида Нельсон Мандела Африка миллий конгресси ташаббуси билан ўтказилган оммавий намойишларда илк бор қатнашган. Мандела ўз сафдошлари билан Африка миллий конгресси қошида Ёшлар лигасини ташкил қилган ва унинг бошчилигида бўйсунмаслик кампаниялари уюштирилган.
1953 йили ЖАР расмийлари Нельсон Манделага оммавий тадбирларда чиқиш қилишни таъқиқлаб қўйганлар, 1956 йилнинг 5 декабрь куни эса Мандела ва яна 150 киши давлатга хиёнат қилганлик ва ҳокимиятни куч билан ағдаришга тайёргарликда айбланиб, ҳибсга олинган. Беш йил давом этган маҳкама чоғида айбланувчиларнинг барчаси оқланган. Бироқ 1962 йилнинг август ойида Нельсон Мандела яна ҳибсга олинган ва кейинчалик умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Судда сўнгги сўзини айтар чоғида Мандела: “Умрим давомида мен ўзимни тўлалигича Африка аҳолиси учун курашга бағишладим. Мен “оқлар” ҳукмронлигига қарши курашганим каби “қоралар” ҳукмронлигига ҳам қарши курашдим. Мен барча фуқаролар ўзаро аҳил яшайдиган ва тенг имкониятларга эга бўлган демократик ва эркин жамият идеалини улуғлаб келдим. Бу мен яшашга ҳозир бўлган ва мен интилган идеалдир. Аммо агар лозим бўлиб қолса, бу идеал учун мен ўлишга ҳам тайёрман”, деганди.
ХХ асрнинг 70-80-йилларида апартеид режимига қарши кураш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устивор вазифаларидан бирига айланди ва бу курашга кўплаб бошқа халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳам қўшилдилар. Ҳибсда бўлишига қарамасдан, Нельсон Мандела фаол иш олиб бораётган диссидентлик ҳаракатига таъсир кўрсатган ҳолда, қамоқда ҳам ўз сиёсий фаолиятини давом эттирди.
1985 йили ЖАР президенти Манделага озод қилиниш эвазига ўз сиёсий фаолиятидан воз кечишни таклиф қилди, бироқ миллий ҳаракат лидери расмийлар таклифини рад этди ва қуйидагиларни айтди: “Халқ ташкилоти таъқиқланганича қолаётган пайтда менга қанақа озодликни таклиф қилаяптилар? Фақат озод одамларгина музокара юритиши мумкин. Тутқун шартномалар тузолмайди”.
Дунё жамоатчилиги ва ички қаршилик ҳаракати таъсири остида 1990 йилнинг февраль ойида Нельсон Мандела озодликка чиқди. Умумий ҳисобда, у умрининг 27 йилини қамоқда ўтказди, бундан 18 йили апартеид режими тимсоли ҳисобланган ва минглаб сиёсий маҳбус сақланган “Роббен-Айленд” қамоқхонасидаги бир кишилик камерада ўтди.
Апартеид режими қулаганидан кейин 1997 йили “Роббен-Айленд” ороли ва қамоқхонаси очиқ осмон остидаги музейга айлантирилди ва миллий обида, деб эълон қилинди. Ҳозир бу қамоқхона ЖАРнинг туристик жиҳатдан энг диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб ҳисобланади ва истаган ҳар бир киши сиёсий маҳбуслар сақланган камераларга кириб кўриши мумкин.
1993 йили Нельсон Мандела “апартеид режимининг тинч йўл билан тугатилишидаги иши ва Жанубий Африкада янги демократия учун замин ҳозирлагани учун” Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлди, 1994 йили эса ЖАР президенти этиб сайланди ва 1999 йилгача бу мамлакатни бошқарди. Ўз ҳукмронлиги даврида у новаторлик ғояларини амалга оширган ва ижтимоий-иқтисодий тенгсизликни бартараф қилган ҳолда, мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшди.
Ўз истеъфосидан кейин Мандела қитъада ОИТС ва ОИТВ тарқалиши муаммосига эътибор қаратган ҳолда, жамоатчилик фаолияти билан шуғулланди.
Нельсон Мандела бу дунёни ўзгартирди ва бугунги кунда биз истеъфода этаётган инсон ҳуқуқларининг барпо этилишига кўмаклашди. У инсон ҳуқуқлари ҳимоясига жон-жаҳди билан киришган, чунки бу ҳақ-ҳуқуқларсиз тинч-осойишта ҳаёт кечириш ва тараққиётга эришиш мумкин эмаслигини яхши англарди. Мандела бизни халқ озодлиги учун ўз ҳаётини қурбон қилароқ энг қийин вазиятларда курашиш ва ғалаба қозонишга ўргатиб кетди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Нельсон Манделанинг яқинларига самимий ҳамдардлигини изҳор қилади ва у бошлаб берган кураш давом эттирилажагига умид қилади.
Шунингдек, биз Ўзбекистондаги мудҳиш қамоқхоналарда сақланаётган минг-минглаб виждон тутқунлари узоқ кутилмиш озодликка эришадиган, эл орасида “Жаслиқ” деб аталмиш УЯ 64/71 қаттиқ режимли колонияси эса ёпилиб, сайёҳлар бориб кўрадиган ва Каримов режимининг шафқатсизликларини ёдга солиб турувчи объектга айланадиган кунлар келишига умид қиламиз.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
2013 йилнинг 6 декабри
Париж, Франция
Fikr bildirish