Ўзбекистонлик тартиб посбонлари версиясига кўра, аллақандай “жиҳодчилар” хайрия фаолияти баҳонасида кўзи ожиз тўрт ногиронни пайпаслаб китоб ўқиш ва оргтехникада ишлашга ўргатганлар.
Кейинчалик бу ногиронларни компьютер ва нусха кўчирувчи техника билан таъминлаган “жиҳодчилар” уларнинг малакасидан радикал Ислом мафкурасини ташвиқ қилувчи адабиётлар, китоблар, брошюралар ва варақалар чиқаришда фойдалана бошлаганлар. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари версиясига кўра, кўзи ожизлардан ҳеч бирининг қандай мазмундаги адабиётларни босиб чиқараётганидан мутлақо хабари бўлмаган.
Бу ерда томонларга ҳуқуқий баҳо бериб ўтирмоқчи эмасман, бироқ бу мақолани ўқигандан кейин менда: “Жисмоний имконияти чекланган одамларни узоқ йилларга ўз эркидан ажрашга рози бўлишдек бундай иложсиз қадам ташлашга қандай куч ундади?” деган савол пайдо бўлди. Бу саволга жавобни, эҳтимолки, жисмоний имконияти чекланган одамларнинг кераксиз матоҳдай четга суриб қўйилганидан, уларнинг чорасизлиги, муҳтожлиги ва қашшоқлигидан қидирса тўғри бўлар. Болаликдан кўзи ожиз, иккинчи гуруҳ ногирони Дилшод Пўлатовнинг тақдири бунга бир мисол бўла олади.
Дилшоднинг ёши 37 да, у уйланган ва икки фарзанди бор. У ўз оиласи билан Ўзбекистоннинг энг кўп аҳоли яшайдиган Андижон вилоятида истиқомат қилади. Ҳеч қаерда ишламайдиган Дилшод 179 минг сўм (тақрибан 66 АҚШ доллари – муаллиф) миқдорида ногиронлик нафақаси ҳамда икки боласига 63 минг сўм (тақрибан 25 АҚШ доллари – муаллиф) миқдорида пособие олади. Дилшод ўз оиласи билан қишлоқ жойда яшайди. Ёппасига ишсизлик, газ йўқлиги, электр энергиясининг ҳар куни узиб қўйилиши ёш ногироннинг шунингсиз ҳам осон бўлмаган турмушини янада оғирлаштириб юборган.
Болаликдан ногиронлик ҳамда меъёрида ва тўйиб овқатланмаслик унинг саломатлигида салбий акс этган. Дилшоднинг иммунитети жуда заиф ва у тез-тез турли касалликларга чалиниб туради. Оиланинг ойига 91 долларни ташкил қиладиган бор даромади асосан унинг касалини тузатишга сарфланади.
Қонун бўйича ва шифокорлар тавсиясига кўра, Дилшод йилига икки марта касалхонада ётиб даволаниши лозим, бироқ маблағ йўқлиги боис у ўзининг бу конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум. Ўзбекистонда медицина бепул бўлиб ҳисобланишига қарамай (Конституциянинг 40-моддаси эса малакали тиббий хизматни кафолатлайди), мамлакатда томир отган коррупция фуқароларни бепул ва малакали тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум қилади.
Дилшод учун 2013 йил айниқса оғир келди. Сифатли тиббий ёрдам олиш имконияти йўқлиги туфайли у жуда кўп касал бўлди. У бор-будини керакли дориларни сотиб олишга сарфлаб битирди. Натижада у коммунал тўловлардан 235 АҚШ долларига тенг миқдорда пул қарз бўлиб қолди, бу эса унинг оиласи учун жуда катта сумма бўлиб ҳисобланади. Бирор-бир ёрдам олиш умидида у жуда кўп жойларга, ташкилотларга мурожаат қилди, бироқ ҳамма ерда унга рад жавобини беришарди.
Маҳаллий ҳокимият идоралари ва ногиронларнинг жамоатчилик ташкилотлари унга ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмадилар. Дилшод бирор янги касб ўрганиш мақсадида ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқарув ҳайъатига, БМТ тараққиёт дастури ва бошқа тузилмаларга мурожаат қилди, бироқ улар шу кунгача андижонлик ногиронга ёрдам қўлини чўзмадилар.
Ҳар йили “Наврўз” байрами ва Ўзбекистон мустақиллиги куни арафасида, мамлакат ҳукумати буйруғига кўра, умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштиришдек хайрли мақсад баҳонасида мамлакат ҳукумати меҳнаткаш халқдан тўрт кунлик маошни йиғиб олади. Хайрия учун, яъни Дилшод сингари муҳтож ва касалларга ёрдам бериш учун сарфланиши лозим бўлган маблағлар “Маҳалла” жамғармасига келиб тушади. Бироқ бу пулларнинг катта қисми ўз жойига сарфланмайди.
2009 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси “Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тўғрисида”ги низомни қабул қилган, бу эса мамлакат фуқаролари томонидан ногиронлик гуруҳи олиш бўйича оммавий текширувлар ўтказилишига сабаб бўлганди.
Бутун мамлакат бўйлаб пенсия тўловини тўхтатиб қўйиш таҳдиди билан ногиронлар тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига (ТМЭК) қайта кўрикдан ўтиш учун чақирилган. 2010-2011 йилларнинг ўзида Ўзбекистонда 110 минг ногирондан ногиронлик бўйича гуруҳлар олиб ташланган.
Бу каби ноанъанавий усулни ишга солиш билан мамлакат расмийлари бир неча мақсадни кўзлагандилар:
Биринчи мақсад – Ўзбекистонда ногиронларнинг маълум бир қисмини қисқартириш билан “ислоҳотчилар” мамлакат раҳбариятига соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ижобий натижалар ҳақида ҳисобот топширганлар. Яъни, уларга кўра, муайян вақт оралиғида мамлакатда 110 минг ногирон тамоман соғайиб (!) кетган.
Иккинчи мақсад – бюджет маблағларини тежаш. Ўзбекистонда тор доирадаги кишилар бойишига қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётини марказдан режалаштириш республикада чуқур иқтисодий бўҳрон юзага келишига сабаб бўлди. Мамлакат бюджетида юзага келган танқисликни қоплаш учун ҳукумат ногиронларнинг пулини тортиб олишдек ноанъанавий усулга қўл урди. Йил давомида 110 минг ногиронга нафақа тўламаслик билан давлат ҳар йили ўртача 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тежаб қолади.
Учинчи мақсад – бу коррупция қарши ёлғондакам кураш. ТМЭК ҳалигача мамлакатдаги энг коррупциялашган муассасалардан бири бўлиб ҳисобланади. Ногиронликни расмийлаштириш учун бериладиган пора миқдори, гуруҳига қараб, 500 доллардан 1000 долларгача етади. Бироқ бу ерда калтак яна ҳокимият идораларида ўз ҳимоячисига эга бўлмаган бечора ногиронлар бошида синди. Ногиронлигини ўз ҳомийлари ёрдамида пора эвазига расмийлаштирган одамларнинг ногиронлик бўйича гуруҳи ўзгаришсиз қолди ва улар ҳали ҳам мўмайгина нафақа олиб ётибдилар.
2011-2012 йилларда мустақил интернет нашрларида Ўзбекистон расмийларининг ногиронларга нисбатан олиб борган репрессив сиёсати қизғин муҳокама қилинган, бу ногиронлик гуруҳини олиб қўйишнинг вақтинча тўхтатилишига сабаб бўлганди. Бироқ 2013 йилда ТМЭК яна қайта кўрикдан ўтиш амалиётини қўллай бошлади.
Шу йил баҳорида Дилшод Пўлатов ҳам ногиронлик гуруҳи бўйича қайта кўрикдан ўтиш муаммосига дуч келди. Маҳаллий ТМЭК нафақа тўловини тўхтатиб қўйиш таҳдиди билан уни қайта кўрикдан ўтишга мажбур қилди. Комиссия кўригидан ўтиш учун ногирон олдин камида 10-15 кун тиббий муассасада даволаш курсидан ўтиши лозим. Тиббий муассасада даволаниш учун пул керак, бунақа пул эса Дилшодда йўқ. Шу билан у ўзи мустақил равишда чиқа олмайдиган боши берк кўчага кириб қолди.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор қатлами ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш учун тузилган ногиронларнинг турли хил жамоатчилик ташкилотлари ташкилот низомидаги вазифаларини бажаришдан жуда йироқлар ва ўзларининг моддий муаммоларини ҳал қилиш билан машғуллар. Маҳаллий ҳокимият органлари ҳам хира “арзгўйлар”ни ногиронлар жамиятига йўллаб, уларни ўзидан нари қилиш ҳаракатидалар.
Дилшод бир пайтлар тадбиркорлик билан шуғулланган бўлиб, унинг кундалик эҳтиёж моллари сотиладиган савдо дўкони бўлган. У шу дўкондан тушган пул билан оиласини боқиб келган. Бироқ давлатнинг маҳаллий тадбиркорларга нисбатан сиёсати кескинлашиб кетиши Дилшод бошлаган ишларни йўққа чиқарди. Бугунги кунда унинг олдида қандай кун кечириш бўйича қатор мураккаб вазифалар турибди. Тўрт кишидан иборат оилани 91 АҚШ доллари билан қандай боқиш керак? Коммунал тўловлар бўйича 235 долларлик қарзни қандай узиш керак? Газ ва электр йўқ уйини, ўтин ва кўмир сотиб олишга пул йўқ бўлса, қандай иситиш керак?
Ўзбекистон расмийлари турли ютуқлар билан мақтанишни жуда яхши кўрадилар. Бунга 1991 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий жиҳатдан ҳимояланганлиги тўғрисида”ги қонунни мисол сифатида келтириш мумкин. Қонунда ногиронларга жамият турмушида бошқа фуқаролар билан бир хил имкониятлар яратилишига давлат томонидан кафолат берилиши қайд этилган.
Қонун ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам, реабилитациянинг барча турлари, дори-дармон билан таъминланиш ҳамда касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарликдан ўтиш, давлатнинг соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш тизими муассасаларида бепул тиббий-санитария ёрдами олиш ва уйда парваришланиш каби ҳуқуқларни беради. Кўзи ожиз ногиронларга ўз имкониятларига мос шароитли жойларда ишлаш бўйича имтиёзли ҳуқуқ берилган.
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий жиҳатдан ҳимояланганлиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси жойлардаги давлат ҳокимият органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар зиммасига уйда ишлайдиган ногиронлар ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланувчи ногиронларга фаолият юритиш учун бинолар тақдим қилиш, хом ашё сотиб олиш ва маҳсулотларни сотишда зарур ёрдамни кўрсатиш мажбуриятини юклайди.
Аммо, минг афсуски, Ўзбекистонда қонунлар ишламайди, ишлаган тақдирда ҳам алоҳида тоифадаги одамлар учун ишлайди, холос.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти 1932 йили тузилган бўлиб, улкан моддий-техник базага эга эди. СССР тарқаб кетганидан кейин Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига бутун мамлакат бўйлаб маиший моллар ишлаб чиқарувчи кўплаб ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари (ЎИЧК) шаклида катта мерос қолган. Ҳар бир ЎИЧК маҳобатли маъмурий, ишлаб чиқариш бинолари ва омборхоналарга эга эди, жамиятнинг умумий моддий капитали эса бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этарди. Бу корхоналар учун мамлакат ҳукумати ҳалигача кўзи ожиз ногиронларга жуда паст баҳода сотилиши керак бўлган линт ва кўмир учун фонд ажратиб келади.
Моддий бойликлар устидан зарур назоратнинг йўқлиги ва ҳар ёққа томир отган коррупция ана шундай йирик тузилманинг таназзулга юз тутишига асосий сабаб бўлди. Ташкилот раҳбарияти мамлакатдаги ўн минглаб кўзи ожиз одамни ишдан мосуво қилган ҳолда, жиҳозлар, маъмурий бино ва омборхоналарни сотиш ҳисобидан бойиб борарди. Ҳукумат томонидан ишлаб чиқаришни қўллаш учун ажратилган хом ашё тижорат тузилмаларига сотиб юбориларди. Бу жабҳада ташкилотнинг аввалги раҳбари, кейинчалик йирик миқдорда маблағ ўмарганлик учун судланган Ёқуб Жавлонов алоҳида ажралиб туради.
Жамиятнинг ҳозирги раиси Абдуқаюм Абдунабиев ҳам ўз атрофидаги одамлар билан биргаликда Ўзбекистондаги 35 минг чоғли кўзи ожиз одамга мўлжалланган маблағ ва имкониятлар ҳисобидан бойлик орттиришда давом этмоқда. Жамиятга кўмир учун ажратилган фондлар аллақачон тижорат тузилмаларига сотиб юборилган.
Мақола муаллифининг: “Нима учун оғир аҳволда қолган кўзи ожиз одам ногиронлар жамоатчилик ташкилоти эътибори ва ёрдамидан четда қолмоқда?” деган саволига Абдуқаюм Абдунабиев тўмтоққина қилиб ва сурбетларча ўз президентининг: “Дангаса доим баҳона қидиради” деган сўзини иқтибос сифатида келтирди. Ногиронларга мўлжалланган хайрия маблағлари ҳисобига кун кечирувчи қашшоқ ташкилот раҳбари ўзи каби кўзи ожиз одамни “дангаса” деб аташ орқали меҳнатсевар ўзбек халқини очиқдан-очиқ ва жирканиш билан ҳақорат қилган пири Ислом Каримов каби ногиронларга нисбатан кин ва нафратини намойиш қилди.
… Келажак ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, Дилшод ўкинч билан ўзи каби кўзи ожиз бўлган дўсти ҳамроҳлигида Тошкентнинг катта бозорларида тиланчилик қилиш учун пойтахтга жўнаб кетмоқчи эканини айтди…
Али МИРЗО
Fikr bildirish