Меҳнат муҳожирларига қарши зўравонлик учун ким айбдор?
Сўнгги пайтларда Россияда марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайди. Зўравонликнинг авж олиши миллатчилик ва ксенофобиянинг кучайиши билан бевосита боғлиқ. Россияда уйғониш мафкураси ғалати бир алфозда миллатчилик ва ксенофобия мафкурасига айланиб кетди.
Бу ишлар қандай қандай содир бўлаяпти?
Келинг, интернетга мурожаат қилайлик. Истаган қидирув порталида “рус миллатчилари сайти” (“сайт русских нацистов”) жумласини терсангиз, қидирув сайти Россияни бегоналардан тозалашга чорловчи ўнлаб ксенофобча сайтлар ишоратини мониторга чиқариб беради. Бу сайтларнинг айримлари миллатчилик ғоялари билан йўғрилган мақолалар чоп қилса, бошқалари очиқдан-очиқ амалий ишга ўтишга даъват қилади. Амалий ишга ўтиш эса ўлдириш, калтаклаш, талаб-тўнаш демакдир.
Рус миллатчилари жанговар ташкилоти сайтида ҳатто жанггарилар рўйхатга олинмоқда. У ерда истаган одам рўйхатдан ўтиб, мазкур ташкилотнинг муҳожирларга қарши зўравонлик ҳаракатларида иштирок эта олади. Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат (Движения против нелегальной миграции) сайти эса очиқ-ошкор ксенофобча сайтдир. Бунга ҳаракатнинг Интернетдаги саҳифасига кириб, амин бўлиш мумкин. http://www.dpni.org/articles/dokumenti/13256/.
Ташкилот шиорларидан бири “оқ бирдамлик” бўлиб, бу мазкур сайтнинг ирқчилик йўналишидаги сайт эканидан далолат беради. Ҳаракат Рус марши деб аталган тадбирларни ўтказиб туради ва бу тадбирлар одатда талончилик ва тартибсизликлар билан тугайди.
Бундай сайтлар кўп бўлиб, бу ресурсларга ташриф буюрган ёшлар зарарсиз деб бўлмайдиган маълумотларни олади. Бу сайтлар Россиядаги муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши, уларга қарши зўравонлик юзага келиш сабабларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Рус тилидаги турли миллатчилик сайтларида сиз қатор-қатор даҳшатли фотосуратларга дуч келишингиз мумкин. Бу мудҳиш суратлардан ташқари, мазкур сайтларда зўравонликка чақириқлар, одамларни ўлдириш мумкин бўлган турли-туман қуролларнинг расмларидан тортиб қотилликни қай йўсинда амалга оширса, яхшироқ бўлиши ҳақидаги ўгитларгача топиш мумкин.
Миллатчилар сайтларидан бирида пичоқдан қандай фойдаланиш кераклиги, тиғни қаерга урса яхшироқ бўлиши ҳақида батафсил йўл-йўриқ берилади, бошқа бир сайтда эса одамни (ўлдириш учун бўлса керак) чиллак билан қандай уриш кераклиги баён қилинади.
Бу сайтларнинг ҳаммаси бошқа миллатга мансуб одамлардан нафратланадиган кимсалар томонидан яратилган. Бу сайтларга кўпинча ёшлар киради ва у ердан нафратга тўйиниб, одам ўлдириш бўйича тажриба орттириб чиқади.
Биз ксенофобия бўйича ижтимоий тармоқларда кичик билан тадқиқот ўтказдик. “В Контакте” ижтимоий тармоғи мисолида хулоса қилиш мумкинки, миллатчилар ўз ғоялари ташвиқоти учун ижтимоий тармоқлардан жуда фаол фойдаланмоқда эканлар. Улар ўз мафкурасининг омма орасида кенг тарқалишини истамоқдалар. Айни пайтда улар миллий адоват қўзғаётганлари учун ҳеч қанақа жавобгарликка тортилмаяптилар. Биз “В Контакте” ижтимоий тармоғи маъмуриятига зўравонликка даъват ва миллатчилик ғоялари акс этган саҳифаларни ёпиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилдик, аммо улар мурожаатимизни эътиборсиз қолдирдилар.
Миллатчилик сайтлари, ижтимоий тармоқлар жойлашган Россия Федерацияси ва Украина ҳукуматлари бу муаммога жиддий эътибор қаратишлари зарур. Улар бу саҳифаларни ёпиб қўйиш билан кифояланмай, бу ҳолатлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилишлари ҳам лозим бўлади.
Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот идоралари Интернетдаги миллатчиликка қарши фаолроқ курашишлари зарур. Қуйида “В Контакте” ижтимоий тармоғидаги миллатчилик саҳифаларидан айримларини келтирмоқдамиз:
(http://vk.com/club62026132, http://vk.com/rusnac1, http://vk.com/pycckoe_no_pyccku, http://vk.com/oosov, http://vk.com/ein_volk_ein_reich_ein_fuhrer, http://vk.com/leben_nationalsozialismus, http://vk.com/id230992066, http://vk.com/14eicke88).
Марина ПИКУЛИНА – “1000 нафар аёл тинчлик учун” халқаро ташкилоти мувофиқлаштирувчиси, Исроил, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аёллар коалицияси” Таъсис Кенгашининг аъзоси.
Fikr bildirish