Дилмурод Саййид: Ўтган умримдан хотиржамман

Шу кунда қамоқда бўлган ўзбекистонлик мустақил журналист Дилмурод Саййид амнистия бўйича озодликка чиқишдан мутлақо умидини узган.  

Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидовнинг айтишича, у сўнгги бор Қарши колониясидаги акасини ўтган йилнинг 14 декабрида зиёрат қилиб қайтган. Бир муддат “Сангород”да (Тошкентда жойлашган УЯ 64/18 қамоқхона касалхонаси – “Жараён”) сақланган мустақил журналист кейин Қаршидаги колонияга кўчирилганди.

“Жараён” мухбири билан суҳбат чоғида Обид Саидов Дилмурод Саййиднинг аҳволи яхши эмаслигини айтди.

– Декабрь ойида акам билан Қаршидаги колонияда учрашишга муваффақ бўлдим. Менга тўрт соатли учрашув беришди. Октябрь ойида уни флюорография қилишибди, врачлар натижа яхши чиққанини айтишибди. Шунинг учун ҳам Сангороддан кейин уни Навоийдаги силга чалинганлар колониясига қайтаришмасдан, Қаршидаги колонияга кўчиришибди. Сўнгги учрашувимизда овқат қилдим, кейин гаплашиб ўтирдик.

У деярли ҳеч нарса емади. Акам жуда озиб кетган, 55-56 кило келса керак. Кичкинагина бўлиб қолибди, соч-соқоли бутунлай оқариб кетибди. Акам колонияда ишлаётганини айтди. Мени сиқилмасин, деди шекилли – ўзига оғир бўлмаган ишларни беришаётганини айтди, – дейди Обид Саидов.

Ўтган йилнинг октябрь ойи бошида “Жараён” мустақил журналист Дилмурод Саййид Навоийдаги силга чалинган маҳкумлар колониясидан (Дилмурод Саййид сил касали билан оғрийди – “Жараён”) Тошкентга этап қилингани ҳақида хабар берганди. Ўшанда сайтимиз журналистлари билан суҳбатлашган Обид Саидов акасининг тез орада озод қилинишига умид билдирганди.

– Ҳозир акамнинг бутунлай руҳи тушиб кетган ва ўзининг амнистия бўйича озодликка чиқишига мутлақо ишонмай қўйган. Доим касал онаси, ҳалок бўлган хотини ва қизи ҳақида ўйлайди. Учрашувларимизнинг бирида акам ўзи учун ҳаёт тугагани айтиб, менга видо хатини ҳам берганди, – дейди Обид Саидов.

Бу хат парчасини Обид Саидов сайтимиз журналистига ҳам тақдим қилди.

Унда Дилмурод Саййид қуйидагиларни ёзади:

“…ўтган умримдан хотиржамман. Буёғининг эса, ҳозирда деярли қизиғи йўқ! Мабодо шу жойларда қазоим етса, ўша гап, яъни овора бўлиб Тошкентга олиб кетманглар, Булунғурга – Барно ва Рухшонанинг ёнига қўйинглар!!!”.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййиднинг 34 ёшли хотини Барно Жуманова ва унинг 6 яшар яккаю ягона қизи Рухшона 2009 йили автоавария туфайли нобуд бўлишган. Энг ачинарлиси, ўшанда журналистнинг хотини ва қизи у билан учрашиш учун Тошкентдан Навоийга кетаётганди.

Дилмурод Саййиднинг ҳамкасблари бўлган мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари уни сохта айбловлар билан ноҳақ судлаган, аммо хотини ва биттаю битта фарзандининг дафн маросимига қатнашишга рухсат бермаган ўзбек расмийларининг раҳмсизлигини бир неча бор қайд этганлар.

Дилмурод Саййиднинг узоқ йилга озодликдан маҳрум қилиниши унинг қари онасига жуда ёмон таъсир қилган. Бу йил онахон 89 ёшга тўлади. Аввалроқ кўплаб оммавий ахборот воситалари Дилмурод Саййид судланаётган пайтда унинг онаси суд залига пичоқ олиб келиб, агар ўғлини озод қилишмаса, ҳамманинг кўзи ўнгида ўзини ўлдиришини айтгани ҳақида ёзиб чиққандилар. Ўшанда журналистнинг онаси қўлидан пичоқни куч билан тортиб олганлар.

Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидов икки йил аввал онаси бахтсиз ҳодисага йўлиққани ва бу унинг сиҳатида салбий акс этганини айтади.

– 9 майда, Худо хоҳласа, онам 89 ёшга тўладилар. 2008 йили акам Султонмурод қўққисдан қазо қилдилар, кейин 2009 йили иккинчи акам – Дилмуродни қамашди. Ўшанда онам ҳар тўрт-беш кунда, ҳаммаси бўлиб 50 кун мобайнида жазирама авжига минган паллада Самарқандга суд мажлисига қатнадилар. 2009 йил охирида онам келини Барно ва невараси Рухшонани кўмдилар, буларнинг ҳаммаси онамнинг саломатчилигига ёмон таъсир қилди.

Аммо энг ёмони 2012 йил апрелида рўй берди – ўшанда у киши йиқилиб тушиб, бўкса суягини синдириб олдилар. Бу онам учун жуда қаттиқ зарба бўлди, даҳшатли оғриқлар мияларига ёмон таъсир қилди. Мен ўшандан бери ишламаяпман, уйда ўтириб, онамларга қараяпман. Онамлар ўзлари юролмайдилар, ёш боладай бўлиб қолганлар, қарийб ҳеч нарсани эслолмайдилар. Аммо баъзан хотиралари жойига келиб қолади. Шунақа пайтларда акамни сўрайдилар ва тинимсиз йиғлайдилар, – дейди Обид Саидов.

Айни пайтда, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ўзбек расмийларини маҳкум журналистнинг қари ва касал онасига нисбатан мурувватлироқ бўлиб, Дилмурод Саййидни амнистия асосида озод қилишга чақиради.

– Дилмурод Саййиднинг касали оғир экани, онасининг қарилиги ва хасталигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати катта ҳарфлар билан урғулайдиган ИНСОНПАРВАРЛИК ҳиссидан келиб чиқиб, уни амнистия қарорига биноан озод қилса, яхши бўларди. Чунки Дилмурод Саййиднинг ҳеч қандай жиноят содир қилмаганини, у ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун, коррупцияга қарши кескин курашгани учунгина ғайриқонуний равишда ҳибсга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини ўзлари ҳам билишади.

Дилмурод Саййиднинг турмуш ўртоғи Барно ва қизчаси Рухшона уни кўриш учун қамоқхонага кетаётган пайтларида автоҳалокатга учраб, воқеа жойида вафот этганларини Дилмурод Саййид учун «етарли жазо» деб ҳисоблаганларида, бўларди. Ўйлайманки, ҳозир Дилмурод Саййиднинг яқинлари ҳам у билан бирга жазо муддатини ўтаяптилар. Ўзбекистон ҳукумати бир фарзанди қамалган, дийдорлашишдан умидини узган, яна бир фарзанди ҳамда келини билан набираси нобуд бўлган бу онахоннинг арзи ҳолига қулоқ солиши, умрининг охирги йилларини фарзанди Дилмуроднинг дийдорига тўйиб ўтказишига имкон яратиб бериши керак, деб уйлайман, – деди Мўътабар Тожибоева.

Дилмурод Саййид 2009 йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Расмийлар уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айблаганлар. Маҳкама чоғида журналист ўзига қўйилган айбловларни батамом инкор қилган.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Дилмурод Саййидга нисбатан қўзғатилган жиноий иш уйдирилгани ва у касбий фаолияти туфайли қамоққа олинганини айтиб келадилар. Чунки Дилмурод Саййидга қарши гувоҳлик берган кишиларнинг бир қисми ҳукм ўқилгач, ўз кўрсатмаларидан воз кечган бўлсалар, бошқа бир қисми кўрсатмаларни ўзбек махфий хизматлари босими остида берганларини маълум қилганлар.

 

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.