Васила Иноятованинг айтишича, Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Марказига (РШТТЁМ) олиб борилган Жавоҳирнинг аҳволи ҳозирда қониқарли. Шифокорларнинг таъкидича, қуролли ҳужумдан ҳимояланган Жавоҳирнинг чап оёғи сон қисмига ўткир тиғли предмет билан чуқур жароҳат етказилган.
“Номаълум шахслар эҳтимолий талончилик мақсадида Жавоҳирдан телефон аппаратини беришни талаб қилишган. У телефонини бермагач, ҳужумга ўтишган. Муштумзўрлик билан мақсадга эришолмагач, улардан бири Жавоҳирга пичоқ урган. Уни 17-сонли шифохонага элтдик, аммо шифохонадагилар керакли тиббий ёрдам кўрсатмай, уни РШТТЁМга йўллашди”, – дейди Васила Иноятова.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг шу муносабат билан тарқатилган бугунги матбуот варақчасида Шайхонтоҳур ва Олмазор тумани ИИБ ходимлари ҳуқуқбузарларни қидириш ўрнига, ишни тааллуқлилик бўйича кўриб чиқиш юзасидан ўзаро сансалорлик қилишгани, шифохонада илк тиббий ёрдам олмаган болани Шайхонтоҳур туман милиция ходимлари зўрлик билан сўроққа тутишгани тилга олинади.
“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова Жавоҳирга нисбатан содир этилган мазкур ҳодиса ортида милиция органи турганини иддао қилмоқда. Унга кўра, милиция “Эзгулик” раҳбаридан қўшиқчи Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими билан боғлиқ материаллар, опа-сингил Соатоваларга қўлланилган зўрликни ёритгани учун ўч олмоқда. “Айни ҳодисаларда айбдорларнинг топилмаётгани ва милициянинг суст ҳаракати ҳам бунга мисолдир”, дея хулоса қилинади жамият матбуот варақчасида.
Раҳмон АБДУЛЛАЕВ
Fikr bildirish