Ҳуқуқ фаоли Курамшинга юқоридан босим ўтказилмоқда
Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Вадим Курамшиннинг хотини Екатеринага кўра, колония ташқарисидан кимдир унинг қамоқдаги эрига руҳий босим ўтказаяпти.
Екатерина Курамшинанинг оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, ўтган йилнинг 28 декабрь куни у ҳуқуқ фаолининг онаси Ольга Колтунова билан бирга Вадимни кўргани Петропавловскдаги колонияга борган.
Курамшина сўзларига кўра, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячисининг аҳволи яхши эмас.
– Вадим жуда озиб кетган. Кўзидаги томирчалар ёрилиб кетган. Унинг силласи қуригани шундоқ кўриниб турибди. Бош оғриғи туфайли уйқусизлик соб қилибди уни. Бу муаммо билан Вадим тиббий бўлимга бир неча марта мурожаат қилибди, аммо улар елка қисишдан нарига ўтишмабди, – дейди Екатерина Курамшина.
Аёл журналистларга колонияда Вадим Курамшин атрофидаги вазият жуда танг экани ҳақида ҳам маълум қилган.
– Уйқусизлик туфайли ҳечам ухлолмаётган экан. Навбатдаги уйқусиз тунлардан бирида “подъём” деган буйруқ янграбди. У ўрнидан туриб, жойини тўғирлаб, чой ичиб, яна каравотига ўтирибди. Шу пайт каравоти устида ўткир чироқ чарақлаб ёнибди, у кутилмаган қаттиқ оғриқдан кўзларини юмиб олибди. Шу пайт қамоқхона маъмурияти ходими кириб, “Курамшин, ҳалиям ухлаяпсанми?” деб бақирибди.
Бунга жавобан Вадим унинг олдига, эътибор қилинг, тўла кийинган ҳолда бориб, уйқусирамаётганини айтиб, “жон деб ухлаган бўлардиму уйқусизлик ҳатто тунда ҳам бунга имкон бермаяпти”, дебди. Ўша пайтда у шунчаки каравотида ўтирган экан. Кейин қамоқхона ходими гўё ухлагани учун унга жарима ёзишга кетаётганини айтибди. Эртаси куни қилмаган иши юзасидан тушунтириш хати ёздириб олиш учун уни тезкор бўлимга чақиришибди, – дейди Екатерина Курамшина.
Айни пайтда аёл қамоқхона маъмурияти турли уйдирилган баҳоналар билан ҳуқуқ фаолини исталган пайтда жазо изоляторига (ШИЗО) қамаб қўйиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.
– Уни бирор номаъқул иш устида тутишга уринаяптилар, сайр ҳовлисига чиқаётган пайтда унинг ортидан том маънода видеокамера кўтариб юришибди. Афтидан, кейинчалик уни жазолаш имконини берадиган йўқ деганда кичик бир қонунбузарлик содир этишига умид қилаяптилар шекилли. Бу видеоёзувлар қаерга кетаётганини фақат тахмин қилиш мумкин, холос.
Вадимнинг айтишича, бу бориб турган васваса бўлиб, афтидан, колония ташқарисида бўлган юқоридаги кимдир унинг одатий шароитдаги колонияга чиқишини ҳечам истамаяпти. Агар яна битта жарима ёзилса, уни яна бир йил қонуний асосда қаттиқ режимда қолдириб қўйишлари мумкин экан, – дейди эрининг вазиятидан ташвишланган Екатерина Курамшина.
Шу йилнинг март ойида Вадим Курамшин Бур баракда (қаттиқ режимли барак – “Жараён”) тутиб турилганига бир йил тўлади ва, Екатерина Курамшинага кўра, бу вақт оралиғида ҳуқуқ ҳимоячиси кўп нарсалардан чеклаб қўйилган.
– Вадимнинг ўзи Бур баракда қолишга ҳам тайёр, “фақат оилам билан учрашишдан маҳрум қилмасалар бўлгани”, деяпти. Уни том маънода маҳв қилаётганлари йўқ, унинг баданида калтак излари, кўкарган жойлар йўқ, унга руҳий босим ўтказишга қарор қилганлар. Ахир ўз оиласини ойлаб кўрмаслик психологик жиҳатдан жуда азобли ҳолат. Учраштирилган тақдирда ҳам, бу учрашув муассаса раҳбарининг хоҳишига қараб, бир неча соатгина ўртасида ойна бўлган хонада ўтказилаяпти. Биз унга бандероль қилиб жўнатган дори-дармонларни ҳам беришмаётган экан, аниқроғи, у ёққа боришимиздан бир кун олдингина беришибди.
Аҳмоқона баҳоналар билан унга ойлаб газета беришмаётган экан, телефон қилишга рухсат этишмаётган экан, ваҳоланки, бошқа маҳкумлар бунга ҳақли эканлар. Бунақа найрангларни санаб адоғига етолмайсиз. Бундан манфаатдор кимса ҳаётимизни заҳарлашдан тийилмагунича маъмурият ходимлари ҳам, Вадимнинг ўзи ҳам, унинг яқинлари бўлган бизлар ҳам ҳеч нарса қилолмайдиганга ўхшаймиз, – деди ўз сўзи якунида ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Екатерина Курамшина.
Эслатиб ўтамиз, Вадим Курамшинни товламачиликда айбдор деб топган Қозоғистон суди мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу муддатни у махсус режимли колонияда ўташи кераклиги белгиланган.
Вадим Курамшин устидан ўтказилган маҳкамадан сўнг қозоғистонлик кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари буни жасоратли фаолни жамиятдан ажратиш учун амалга оширилган навбатдаги сиёсий буюртма ўлароқ баҳолаганлар.
Озодликда бўлган пайтда Вадим Курамшин асосан маҳкумлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва Қозоғистондаги қамоқхоналар ходимлари томонидан судланганларга нисбатан содир этиладиган жиноятларни фош қилиб келган.
Гўзал АҲМЕДОВА
Fikr bildirish