Бироқ маълум вақт ўтгач, Гулнора Каримова Твиттер саҳифаси орқали эълон қилган мактубида Мўътабар Тожибоевага ўзининг собиқ ходими, Греция фуқароси Янис Галаносни озод қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик изҳор қилди.
Каримованинг ҳуқуқ фаоли Тожибоевага миннатдорчилик билдириши ўзбекистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифатчиларнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
“Жараён”га берган интервьюсида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева сўнгги бир ой ичида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан юзага келган муносабати, бунинг ортидан мухолифат ва фуқаролик жамиятининг айрим фаоллари томонидан ўзи томон отилаётган тошлар ҳамда Ўзбекистондаги вазиятни ёритиб борувчи баъзи бир сайтларда ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзбек махфий хизматлари билан яқиндан “ҳамкорлик” қилиши ҳақидаги иддаоларга оид саволларга жавоб берди.
Жараён: Мўътабар опа, суҳбатимизни Сизнинг яқинда Би-Би-Си радиосига берган интервьюингиздан бошласак. “Мўътабар Тожибоева: Гулнора ўз хатоларини тушуниб етган” дея номланган мақола мухолифатчилар, фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда баъзи мустақил журналистларнинг Сизга нисбатан салбий мулоҳазалар билдиришларига сабаб бўлди.
Адашмасам, Сизнинг Би-Би-Сига бундай интервью беришингизга Гулнора Каримованинг собиқ ҳамкори, Греция фуқароси Янис Галаносга ҳуқуқий кўмак кўрсатганингиз ортидан Каримованинг Сизга Твиттер саҳифаси орқали ўз миннатдорчилигини билдиргани сабаб бўлган. Ўқувчиларимизга ўзингиз ва Каримова ўртасидаги ҳозирги муносабат қандай юзага келгани тушунарли бўлиши учун ҳаммасини бир бошдан айтиб берсангиз.
Мўътабар Тожибоева: Жорий йилнинг8 декабрь куни Туркиядаги “Ҳуррият” газетасида чоп қилинган Гулнора Каримованинг интервьюсида унинг менга туҳмат қилгани ва ҳақоратлагани учун 13 декабрь куни сайтимизда “Гулнора ўз туҳматлари учун жавоб бериши керак” деб сарлавҳаланган баёнотим чоп қилинди. Ўша баёнотимда мен Гулнора Каримова ва “Ҳуррият” газетасидан менга нисбатан қилинган туҳмат ва ҳақорат учун жамоатчилик олдида кечирим сўрашни, агар бу талабим қаноатлантирилмаса, уларни маҳкамага беришим ҳақида огоҳлантиргандим.
Таъкидлаб айтаманки, “матбуот орқали кечирим сўрамаса, маҳкамага бераман”, деб айтганман. Шу билан биргаликда, мен ҳокимият учун курашаётган бу икки томонннинг ўзаро кураши авжига чиқиб бораётганини, Гулноранинг рақиблари қасддан менга туҳмат қилишини уюштирганликлари эҳтимоли борлигини ҳам айтгандим.
Чоп қилинган интервьюда “Ҳуррият” журналисти Асли Бориш Гулнора Каримовага: “Сиз томондан айтилган айбловларни бошқа бир шахслар рад қилиб келмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Твиттерда Янис Галаносни ўзбекистонлик махсус хизмат органлари вакиллари қийноққа солганликлари ҳақида хабар тарқатгансиз. У эса буни рад этган”, деб савол берган.
Гулнора Каримова эса жавобни мендан ёзғириш билан бошлаган: “Бунинг ҳаммасини Мўътабар Тожибоева уюштирган. Келинг, ҳаммасини бошидан муҳокама қиламиз. Нодавлат ташкилотлари, элчихоналар, хорижий оммавий ахборот воситалари ва блоггерлар Янис Галаносни Тошкент марказида таксида кетаётганда иккита автомобилдаги қуролланган гуруҳ томонидан ўғирлаб кетилгани, унинг оила аъзолари ва фарзанди ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги ҳақида хабар бердилар…”.
Мен Гулноранинг “Ҳуррият”даги менга нисбатан қилган туҳматларини исботлайдиган далилларни аниқлаш мақсадида интервьюдаги менга алоқадор бўлган ҳар бир сатрни синчиклаб текшириб чиқдим. Шунингдек, ҳеч қайси нодавлат ташкилотлари, элчихоналар ва хорижий оммавий ахборот воситалари Янис Галаноснинг ўғирлаб кетилгани ҳақида маълумот чоп қилмаганларини аниқладим.
Гулнора Каримова ўз Твиттерида бу ҳақда хабар тарқатишидан олдин 16 ноябрь куни фақат Центразия сайтида 13 ноябрь куни соат 11.30 да президент трассасида иккита автомашинада қуролли кимсалар келиб, Янис Галанос кетаётган таксини бурчакка қисиб, уни тутиб, ўғирлаб кетгани ҳақида қисқача хабар ёзилган экан. Ўша хабар «Ҳеч бўлмаганда, мана шу хабаримизни чоп қилиб, бизга ёрдам қилинглар» деб якунланган ва Яниснинг онасига тегишли мобил телефони рақами (+998911621313) эълон қилинган.
http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1384601820
Мен яна бу воқеаларни такрорлаб ўтирмоқчи эмасман, бу ҳақдаги барча тафсилотларга қизиққан кишилар кейинги содир бўлган воқеалар ҳақида “Жараён” веб-сайтда чоп қилинган “Гулнора ўз туҳматлари учун жавоб бериши лозим”, “Требую от Hurriyet daily news публичного извинения и опровержения”, “Родные Яниса Галаноса попросили помощи у Мутабар Таджибаевой”, “ Янис Галанос вышел на свободу”, “Министру иностранных дел Греции, господину Ставросу Димасу”номли материаллар билан танишиб, керакли маълумотларни олишлари мумкин.
Гулнора Каримованинг интервьюси ортидан мен Янис Галаноснинг тақдирига қизиқиб қолдим. Бу йигит ҳақида маълумот олиш учун юқорида кўрсатилган рақам орқали унинг оила аъзолари билан боғландим. Улар менга 13 ноябрь куни ҳибсга олинган ва 33 кун ичида оила аъзоларига кўрсатилмаган Яниснинг айни пайтда қаердалиги ўзлари учун номаълумлиги, аксинча ўзларига нисбатан босим ўтказилаётгани, оила аъзоларининг ва адвокатнинг Янис билан учраштириш юзасидан қонуний талабларини қондириш ўрнига ўзбек расмийлари уларни қўрқитишда давом этаётгани ҳақида маълум қилдилар.
Янис билан учрашиб, видеолавҳа тайёрлаб, уни тарқатишга умуман алоқам йўқлигини билганларидан кейин унинг яқинлари мендан Галаносни ҳимоя қилишда кўмак беришни сўрадилар. Керакли ҳужжатларни жўнатишлари учун уларга электрон почтам манзилини бердим ва улар билан мулоқот қила бошладик.
22 декабрь куни грециялик йигитнинг ҳимояси билан шуғулланишга қарор қилганимиз ҳақида “Жараён” сайтида “Янис Галаноснинг яқинлари Мўътабар Тожибоевадан ёрдам сўради” номли мақола чоп қилинди.
Бу мақола чоп қилинган куннинг эртасига – 23 декабрь куни “Жараён” веб-сайти бош муҳаррири ва менинг электрон почтамга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот марказидан хабарнома келиб тушди. Галаноснинг Грецияга жўнатиш масаласи муҳокама қилинаётгани ва у тез орада ватанига депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги бу хабарнома мазмуни ўз вақтида Ўзбекистондаги вазиятни ёритиб борувчи кўплаб нашрлар материалларида ўз аксини топган.
Янис Галанос ИИВ матбуот хабарида чоп қилинганидек 24 декабрь куни эмас, 25 декабрь куни Истанбул орқали Грецияга учириб юборилди. Шу куни Гулнора Каримова ўз Твиттерида унинг озодлиги учун курашган кишиларга миннатдорчилик билдирди. («Янис Галанос – европейский гражданин, находившийся в застенках СНБ, наконец-таки, на свободе! Спасибо всем, кто внёс свою лепту в его освобождение. Спасибо иностранным инфо агентствам, блогерам, Hurriyet, его ученикам, правозащитникам во главе с Мутабар Таджибаевой, Посольству Италии и др!»).
Бундан сал аввалроқ, аниқроғи, 23 декабрь куни Гулнора Каримова менга хат ёзди. У хат мазмуни Каримованинг икки кун кейин Твиттерда ёзган гаплари билан бир хил эди. Мен у хатга жавоб беришдан олдин ҳамфикрларим билан маслаҳатлашдим ва улар билан келишган ҳолда тайёрлаган жавобимни унга жўнатдим.
Гулнорага берган жавобимда менга нисбатан қилган туҳмати учун кечирим сўраши кераклиги, бу мен учун қанчалик муҳим бўлса, унинг ўзи учун ҳам шунча муҳимлигини айтдим, бундан ташқари, омма олдида кечирим сўрамаса, баёнотимда айтганимдек, уни маҳкамага тортишдан бошқа чорам қолмаслигини баён қилдим.
Мен унга ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида олиб борган фаолиятим давомида ўзимга ва издошларимга қилинган босимлар ва таъқиблар, қийноқлар ва адолатсиз судловлар ҳақида ёзиб, режим қурбони бўлган одамни МХХга малайликда айблаш, болалар меҳнатига қарши курашгани учун суиқасд уюштирилган ҳуқуқ фаолини пахта савдосидан фойда кўрувчи “жиноий уюшма”да муайян мавқени эгаллаганини иддао қилиш менга нисбатан ҳақсизлик экани баён қилдим.
Бу хат жўнатилган куннинг эртасига Гулнора Каримова Твиттер орқали мен ҳақимда ёзганларидан таассуфда эканини ёзди ва Яниснинг ҳимояси билан шуғулланганимиз учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда ҳам интернет нашрларида, шу жумладан, ББС радиосида материал чоп қилинди.
ББСдаги мақола ёзилишидан аввал радио журналистлари менга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдилар. Ҳақиқатан мен бу интервьюда бугунги кунда кўплаб мухолифатчилар, фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда баъзи мустақил журналистлар таъкидлаётганларидек, Гулнора Каримова хатосини тушуниб етгани ҳақида гапирдим. Лекин мен бу билан унинг “Ҳуррият”да чоп қилинган интервьюсида менга нисбатан қилган туҳмати юзасидан пушаймон эканинигина баён қилганман ва унинг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти юз тутган муаммоларни тан олаётганини айтганман, холос.
Шундан сўнг баъзи ҳуқуқ фаоллари, мухолифатчилар ва журналистлар менинг бу фикримни “Гулнорани оппоқ қилиб кўрсатишга уриниш” сифатида кўрсатишга шунчалик берилиб кетдиларки, натижада менинг ББСдаги интервьюмни тескари талқин қила бошладилар. Алломалардан бири П. Бомарше: “Бирон-бир нарсани таъкидлай туриб, уни қонуний равишда исботлай олмаслик туҳмат қилиш демакдир”, деган. Бугунги кунда танқидчиларимнинг “таъма иштиёқида Гулнора Каримова тарафига ўтиб олган”им ҳақидаги гумонлари менга нисбатан туҳматдан бошқа нарса эмас.
Улар ўз гумонлари асоссиз эмаслигини исботлаш учун Гулноранинг ўтмишдаги ножўя ишларини унутишга даъват қилганим ҳақида менга оид лоақал битта жумла келтира олсалар, “балли” деган бўлардим. Энг афсусланарли томони шундаки, шайтоний гумон билан (бунақа гумон нималардан айирмайди одамни) менга туҳмат қилиб ёзилган мақолаларни чоп қилаётганлар бу ерда ёзилган нарсаларнинг туҳмат эканлигини биладилар ва била туриб, шаънимни булғайдиган мақолаларни чоп қилмоқда.
Бугунги кунда устозларим, сафдошларим ва издошларим бўлмиш ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳаттоки мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган айрим мухолифатчилар менинг (фақат менинггина эмас!) ғалабамдан қувонганини кўриб, қанча хурсанд бўлган бўлсам, суҳбатлашганим айрим “ҳуқуқ фаоллари” Гулноранинг пушаймон экани ҳақида ўз Твиттерида чоп қилган хатини кечирим сифатида қабул қилганлигим ва энди маҳкамага тортиш масаласи тўхтагани, “Ҳуррият”нинг жавобини ва мен билан “Ҳуррият”да интервью беришларини кутаётганимни эшитиб, жазавага тушаётганларини, Гулнора билан судлашишим шартлигини уқтираётганларидан кўриб, шунча ҳайрон бўляпман.
Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов Муҳаммадсолиҳ Абутовга берган ўз интервьюсида (“Мухолифат хулоса қилишга шошилмаслиги керак” номли материал) Васила Иноятова, Мўътабар Тожибоева ва фуқаролик жамиятининг бошқа фаолларига ўзгалар ўйинининг бир қисмига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлишни, ўртага қўшилиш ёки бирор-бир баёнот қилишдан олдин ўйлаб кўришни тавсия қилди.
Бу ерда Суҳробдан фикрини, нотўғри бўлса-да, ўз номидан айтганидан миннатдорман, чунки бошқалар бу ишни қандайдир ёлғон фамилия ва исмлар ортига беркиниб олиб, амалга оширяпти. Лекин унинг: “Ўзимизни ичимиздаги ҳурмат қиладиган ҳуқуқ ҳимоячиларимизни баъзилари ҳам, ёки Галима Бухарбаева ҳам Гулнорани ҳозир аллақачон ўз хатоларини тушуниб етди, у битта ўзи аёл боши билан шунчалик катта ишларни очиқлаб ташлаяпти, у азият чеккан бир шахсга айланиб қолди деб, сал бўлмаса қаҳрамонга айлантириб қўя қолишди” деган гапи менга қаратилганини билсам-да, қачон Гулнорани қаҳрамонга айлантириб қўйганимни эслаёлмадим. Мен ўйиннинг бир қисмига айланиб қолганимни исботлайдиган аниқ далилларни келтирмасдан туриб, Суҳроб Исмоиловнинг нима учун бундай талқин қилганини тушунмадим.
Жараён: Баъзи кузатувчилар Гулнора Каримованинг мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар билан муносабати илиқлашганига президент тўнғич қизининг Ўзбекистон махфий хизматлари билан олиб бораётган жангда яккаланиб қолмаслик истагидан келиб чиққанини айтишмоқда. Бу фикрга Сиз қандай қарайсиз?
Мўътабар Тожибоева: Гулнора Каримова бу борада қандай фикрда эканидан бехабарман. Аммо айтишим мумкинки, шахсан менинг Гулнора Каримова билан алоқаларим ҳали “дўстона” деган мавқега чиқмаган ва яқин орада чиқмаса ҳам керак. Гулнора ҳам ақлсиз аёл эмас, ўзининг менга ёзган бир хати билан унинг тарафдорига айланиб қолмаслигимни яхши билади. Орадаги муносабат, ҳеч бўлмаганда, 51 фоизга илиқлашиши учун Гулнора Каримова Ўзбекистондаги режимга қарши тотал уруш эълон қилиши керак. Менимча, ҳозир Г. Каримова бундай қарорга келишга тайёр эмас. Чунки бу унинг ўз отасига қарши майдонга тушганини англатган бўларди.
Гулнора билан муносабатга тўхталар эканман, бир нарсани таъкидлашни истардим – мен кимнингдир олдида ўзимни оқлайдиган хатога йўл қўйганим йўқ! Жиддий вазиятларга алоқадор баёнотларни ҳам мен якка қарорим билан қабул қилмайман ва чоп қилмайман. Мен билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган дўстларимдан яширадиган сирим йўқ, биз Гулнорага ва ҳукуматга алоқадор ҳар бир масалани ўзаро муҳокама қилиб, бир қарорга келганимиздан кейингина баёнотни эълон қилмоқдамиз.
Менинг мана шу саволларга жавоб беришимни ҳам жамоамиз қарорига кўра амалга оширмоқдамиз. Бу билан мен бу қарор қабул қилинишига жамоамиз ҳам баробар айбдор, демоқчи эмасман, балки қийноқ қурбони, режимнинг танқидчиси сифатида бирор-бир фикрни шунчаки ҳиссиётга берилиб айтиб юбормаётганимни таъкидламоқчиман, холос.
Жараён: Яқинда Сиз Гулнора Каримованинг лойиҳаларида иштирок этган ва ҳануз ҳибсда қолаётган бир қатор ёшларни озод этиш кампаниясини бошлаш ниятида эканингизни билдиргандингиз. Сўнгги воқеалар Сизни бу шаштингиздан қайтармадими?
Мўътабар Тожибоева: Саволингиз жуда ўринли. Биз ҳуқуқ ҳимоячиси эканмиз, биз фақат оддий фуқароларни ҳимоя қилишимиз керак, сиёсий ўйинларда қайси бир томоннинг яқини, ҳамкори ёки ходими бўлгани учунгина қурбонга айланаётганларни ҳимоя қилишдан ўзимизни четга олишимиз керак, деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Уларнинг топталаётган ҳуқуқларини биз ҳимоя қилмасак, ким ҳимоя қилади? Икки томоннинг бир-бирига қарши курашида уларнинг жиноятларига шерик бўлган бўлмаган инсонларга нисбатан қийноқ қўлланишига, уларни ғариқонуний равишда ҳибсга олинишига чапак чалиб, қараб туришга қандай ҳаққимиз бор.
Янис Галаноснинг ишига ўхшаган шов-шувли ишлар билан олдин ҳам, ҳозирда ҳам шуғулланиб келмоқдамиз. Бунга мисол: Қозоғистонда ҳибсга олинган 29 нафар қочқиннинг иши билан шуғулландик. Уларни қутқара олмаган бўлсак-да, айнан бизнинг ташкилот саъй-ҳаракатлари билан қароргоҳи Парижда жойлашган АСАТ ташкилоти томонидан БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига шикоят топширилишига эришдик, худди шундай Хайрулло Турсуновнинг ва бугунги кунда Буюк Британия ҳукуматини Ўзбекистон ҳукумати билан тил бириктирганликда айблаётган Қаюм Ортиқовнинг иши билан шуғулландик. Бу ишларнинг барчаси БМТда кўрилмоқда. Нимагадир диний экстремизмда, террорчиликда айбланаётган инсонлар ҳимояси билан шуғулланганимизга ҳам салбий фикр билдирмаган кишилар бизни Гулнора Каримованинг ҳуқуқлари бузилаётган ходимлари ва бошқа ёшларнинг ҳақларини ҳимоя қилиш қароридан қайтаришга уринаётгандек кўринишмоқда менинг кўзимга.
Гулнора Каримованинг турли лойиҳаларида қатнашган бир қанча кишиларнинг нафақат ўзларига, балки уларнинг оила аъзоларига ҳам қаттиқ босимлар бўляпти. Бу борада уларнинг мамлакат президенти номига ёзган шикоятларини ўрганиш ўрнига ўзбек расмийлари томонидан уларга нисбатан босимлар кучайиб бормоқда.
Масалан: “Терра” компаниясининг менеджерига қидирув эълон қилганлари, кейин эса уни прокуратурага келишга мажбур қилиш мақсадида унинг касал ётган ўғли, Юридик институтнинг 4-курс талабаси Аббосхон Абосхўжаевни 15 суткага қамаганлари, маданият ҳақидаги журнални юритган, 5 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган журналист Сарвар Обиджоновни худди Янис Галаносдек таксида кетаётганида йўлда тутиб, номаълум томонга олиб кетганлари, ҳанузгача унинг қаердагилигини ҳеч ким билмаслиги, реклама устаси Алекс Цойни уйидан алдаб чақириб, ҳибсга олганлари, унинг ҳозир Тоштурмада сақланаётгани, дастлабки тергов давомида (бу эса 3-4 кун) унга ҳаттоки сув ҳам бермаганлари, унинг олдига адвокатни ҳам қўймаганлари каби ҳолатлар бошқа инсонларга қарши ҳам уюштирилаётгани нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг бу масалада Ўзбекистон ҳукуматининг жавоб беришини талаб қилиб чиқишларига асос бўлади, деб ўйлайман. Бугунги кунда ўзбек расмийлари томонидан таъқиб қилинаётган кишилардан қай бири бирор-бир жиноий ишда иштирок этган бўлса, қонун олдида, бироқ ҳуқуқлари таъминланган ҳолда жавоб беришлари керак, деб ҳисоблайман.
Жараён: Яқинда Ўзбекистондаги вазият ҳақида ёзиб борадиган айрим сайтлар Борис Саприкин исмли муаллифнинг “Каримова-Бухарбоева-Тожибоева: хайрихоҳлик учун ҳақ тўлаш, бирдамликни сотиб олиш” (“Каримова-Бухарбаева-Таджибаева: проплатить лояльность, купить солидарность”) сарлавҳали мақоласини чоп қилдилар. Унда муаллиф Сиз ва Uznews.net сайтининг бош муҳаррири Галима Бухарбоева аввалига президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулноранинг ашаддий танқидчиси бўлганларингиз, Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига берган интервьюсидаги туҳмати учун Сиз ҳатто Г. Каримовани судга бермоқчи ҳам бўлганингиз, аммо сўнгги пайтда ҳар икковингиз ҳам Каримова томонига ўтиб, бунинг эвазига ундан маълум бир моддий кўмак олаётганларингизни ёзган. Саприкиннинг бу иддаолари қанчалар асосли?
Мўътабар Тожибоева: Ўзларини Каримов режимига қарши деб билувчи ташкилотларга қарашли ва бошқа сайтларда чоп қилинган “сиёсатшунос” Борис Саприкин имзоси остида “Каримова-Бухарбаева-Таджибаева: проплатить лояльность, купить солидарность”, Андрей Самохвалов номидан чоп қилинган “Гульнара Каримова купила узбекскую оппозицию” номли мақолаларни ёзган кимсалар ўз номларини очиқ-ошкор айтишмаган.
Саприкин деган муаллиф “Будь я на месте Таджибаевой, я бы подумал о том, как же глупо выглядит человек, внезапно отказывающийся от принципиальных (казалось бы!) намерений судиться с другим человеком… Но я – просто Сапрыкин, который сидит и размышляет о женской (или людской в общем) непостоянности и идейной беспринципности” деб тугатган ўз мақоласини.
Ўзбек миллати фожеасига шунчалик жон куйдирувчи ва кечагина пайдо бўлиб қолган бу “рус сиёсатшуноси” Гулнора Каримова мендан матбуот орқали кечирим сўрамаса, маҳкамага беришимни айтиб берган баёнотларимни ўқимагандек тутади ўзини.
Менга нисбатан туҳмат қилганида Гулнора Каримова ўз номини яширмади ва хатосини тан олганини ҳам ўз номи билан эълон қилди. Ҳозирда қайсидир номаълум сиёсатшунослар ва бошқалар номидан туҳмат-бўҳтон ёзаётганлар эса Гулнора Каримовачалик мардлик кўрсата олмаяптилар. Агар улар мақолаларини ўз номлари билан ёзганларида эди, улардан туҳматларини исботлаб беришни талаб қилиш имконим бўларди.
Бу туҳматларни чоп қилганлар эса “Ҳуррият”дагилар каби бошқа инсонлар фикрларини ўз сайтларида чоп қилганларини (ваҳоланки, бу баҳона уларни масъулиятдан соқит қилмайди), қандай эътирозим бўлса, ўша “Саприкин” ёки “Самохвалов”ларга йўллашим лозимлигини айтиб, жавобгарликдан қочишлари табиий, албатта. Аслида мен ҳам муносиб рақиб билан беллашишни тарафдориман. Менга юзма-юз келишга юраги бетламаган, парда ортига яширинган туҳматчилар билан тенг бўлишни ўзимга эп кўрмайман.
Мен бу туҳмат мақолаларни ёзганлар аслида ўзимизнинг ўзбекларимиз, дея тахмин қиламан. Менимча, улар бу ёзганлари туҳмат ва бўҳтон эканлигини билганлари ҳолда, шу нарсаларни ёзганлар ва жамоатчиликни чалғитиш мақсадида Саприкин ва Самохвалов фамилияларини қўйганлар.
Бу мақолалар ва айрим шарҳларда мени ўз принципларимдан воз кечганликда, яъни принципсизликда, қандайдир таъма илинжида Гулнора Каримова билан дўст тутиниб олганликда ва ҳатто, энг кулгили жойи, МХХга жосусликда айблаганлар.
Туҳматчилар яна чайналавермасликлари учун бу айбловларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтаман ва буни истаган одам баёнот, истаган одам қасам, деб тушунсин. Таъкидлаб ўтишни истардимки, бу баёнот туҳматчиларга эмас (зеро, улар ўз ишларидан бундан буён ҳам воз кечмасликлари мумкин), балки уларнинг туҳматларидан кейин “наҳотки, шунақа бўлса” дея тараддудланиб қолган кўнгли тоза инсонларга қаратилган.
Биринчидан, мен ўз принципларимдан воз кечганим йўқ. Мен инсон ҳуқуқлари чинакамига ҳурмат қилинадиган адолатли бир жамият барпо бўлгунга қадар, ғайриинсоний режимга қарши курашни давом эттиравераман ва ҳақлари топталаётган одамларга инсондек муомала қилинишини (ҳатто бу инсонлар Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган бўлсалар ҳам) талаб қилавераман. Такрор айтаман, бу одамлар жиноят қилган бўлсалар, қилмишлари учун албатта жавоб беришлари лозим, аммо улар таҳқирланмаган, қийноққа солинмаган ва ҳуқуқлари топталмаган ҳолда жавобгарликка тортилишлари, жиноят қилмаган бўлсалар эса, тазйиқ, таъқиб ва таъналарсиз озод қилинишлари лозим. Одил бир жамият орзусида эканмиз, биз “баттар бўлсин” позициясидан туриб иш тутолмаймиз, чунки у ҳолда биз билан Каримов режими ўртасида фарқ қолмайди.
Иккинчидан, мен Гулнора Каримовадан бевосита ёки билвосита пул ва ё бошқа ваъда таклифини олганим йўқ ва бунақа таъмам ҳам йўқ. Ким билади, балки Гулнора Каримова айнан шундай таъмам йўқлиги учун узрхоҳлик қилгандир? Мени “Гулнора билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди” деб жазавага тушаётганларни хотиржам қилиш учун айтиб қўйишим керакки, бизнинг қарашларимиз “МХХ томонидан ҳуқуқлари топталаётган инсонлар ҳақларини ҳимоя қилиш” деган нуқтада бирлашади, бошқа кўп масалаларда фикрларимиз айри тушиши мумкин ва бу табиий ҳам.
Учинчидан, мен МХХ жосуси эмасман (аслида бу иддаога саприкину самохваловлар ҳам ишонмайдилар). Агар шундай бўлганида, менинг номимни, ҳеч бўлмаса, МХХ қора рўйхатидан чиқарган бўлардилар. Агар мен МХХнинг агенти бўлсам, нима учун МХХнинг ўнлаб жиноятлари ҳақида бонг урдим, нима учун Марғилон шаҳар МХХ бошлиғи Ҳамидхўжа Саидовга қарши курашдим, МХХнинг тезкор вакиллари Мирзаев Абдушукур ва Фозилов Бобирларнинг Дўрмон қишлоғидан бўлган Алимуҳаммад Мамадалиевни қийнаб ўлдиргани фош бўлишидан қўрқиб, МХХ ва бошқа маъмурий органлар Дўрмон қишлоғи аҳлига зуғум ўтказаётган пайтда қишлоқ аҳлини ҳимоя қилдим.
Нима учун Тошкентдаги Республика Ҳарбий судига журналистлар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналар ходимларини жалб қилган ҳолда, қийноқ қўллаб, қотиллик содир этган МХХ вакилларини 15 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинишига эришишларида (эътибор қилинг, бунақаси Ўзбекистонда камдан-кам бўлади) дўрмонликларга кўмаклашдим.
Андижон фожеаларидан 40 кун аввал Ўзбекистон президентига жўнатган телеграммам ҳам айнан “агент”лигим учун юборилганмиди?
Менга қарши бошланган фитналарнинг қанчалар тўғри-нотўғри эканини исботловчи барча-барча ҳужжатларни яқин орада шахсий блогимда эълон қиламан ва умид қиламанки, юртдошлар Мўътабар Тожибоеванинг кимлигига шу ҳужжатларни ўқиб, баҳо бераверишади.
Аслида саприкин-самохваловлар иддаосида мантиқ зидлиги бор. Бир томондан, улар мени МХХга қарши курашаётган Гулнора Каримовага хизмат қилаётганликда, иккинчи томондан, Гулнора Каримовага қарши курашаётган МХХга малайликда айблашга уринаяптилар. Моҳиятан, бу ҳар икки даъво асоссиздир.
Кимнингдек етовига юрмаганим, ўз мустақил фикримда қатъий турганим сабабли мени гоҳ МХХ айғоқчиси, гоҳ Гулнора Каримовага сотилган деб қилинаётган туҳматлар ва бўҳтонлар бизнинг амалга ошираётган ишларимиз натижасидан дарак беради. Демак, биз тўғри йўлдамиз. Мен ўзимга нисбатан тарқатилаётган туҳмат ва бўҳтонлар юзасидан бошқа баёнот бермоқчи эмасман.
Чунки бизнинг туҳматчи ва бўҳтончиларга жавоб беришдан кўра муҳим ишларимиз бор. Туҳматчилар бизга ишонмасликни ҳар қанча тарғиб қилмасинлар, халқимиз вакиллари ўзлари хулоса қилишади кимга ишониш ва кимга ишонмаслик кераклиги ҳақида.
Жараён: Мўътабар опа, интервью учун раҳмат.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish