Қаюм Ортиқов Украинадан АҚШга руҳшунос ҳамроҳлигида кетди

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси собиқ ходими, ўзбек қамоқхонасида шафқатсиз қийноқ қурбони бўлган Қаюм Ортиқов Америкадан сиёсий бошпана олди.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси хавфсизлик хизмати собиқ ходими Қаюм Ортиқов Америкадан бошпана олди ва Ўзбекистондаги таъқибдан қочиб, оиласи билан икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида яшаган Украинани шу йилнинг 20 февраль куни тарк этди.

Қаюм Ортиқовнинг рафиқаси Моҳира Ортиқова сўзларига кўра, 20 февраль тунида улар Ҳаррисберг шаҳрига етиб келганлар (Harrisburg АҚШнинг Пенсильвания штати маъмурий маркази бўлиб ҳисобланади – «Жараён»), бу ерда уларнинг оиласи учун уй ажратилган эди.

– Ҳаррисбергда бизни Жаррид исмли йигит ва асли ўзбекистонлик бўлган Мансур ака кутиб олди. Биз кутиб олувчилар орасида юртдошимиз бўлганидан жуда севиндик. Соат 23 ларда бизни уйимизга олиб боришди. Уч хонали уй жуда шинам, озода экан, бизга жуда ёқди. Уйда биз учун зарур бўлган нарсаларнинг ҳаммаси – озиқ-овқатдан тортиб чойшабларгача муҳайё қилиб қўйилган экан.

21 февраль куни тонг отмасдан уйқудан турдик. Бу бизнинг Ҳаррисбургдаги биринчи тонгимиз эди. Теварак-атрофни кўриш истаги жуда кучли. Кўп ўтмай тонг ота бошлади. Ётоқхона деразасидан оппоқ музлик кўринди, музликни нариги томонида ҳам чиройли уйлар кўриниб турарди. Кейин музлик устида учиб юрган балиқчи қушлар пайдо бўлди. Бутун ер юзини ёруғлик қоплагач, уйимиз ёнгинасида Саскуеханна дарёси оқиб ўтишини, фақат у совуқда музлаб қолганлигини билдик.

Аммо музлаганлигига қарамасдан, жуда гўзал манзара касб этарди. Айниқса қуёш чиқаётганида ва ботаётганида нурлар дарё музларида жуда гўзал товланиб, кишига завқ бағишлайди, шу билан биргаликда, руҳий осойишталик бахш этади. Бу муҳит Қаюм акамнинг соғлиги ва руҳий тетиклиги учун жуда фойдали, – дея ўзининг АҚШдаги илк таассуротлари билан ўртоқлашди Моҳира Ортиқова.

Эслатиш жоизки, ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Женевада БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг бажарилиши бўйича Ўзбекистон делегациясининг ҳисоботи кўриб чиқилганди. Ўшанда ўзбек расмийлари қўмита халқаро экспертларининг Қаюм Ортиқов иши бўйича саволига жавоб бераркан, бу одамнинг қийноқ қурбони эмаслигини айтиб, бу иш бўйича саволларни эътиборсиз қолдиргандилар.

Бироқ Моҳира Ортиқованинг айтишича, Украинада Қаюм Ортиқовни кўздан кечирган шифокорлар уни қийноқ қурбони, дея эътироф этганлар. Аёл турмуш ўртоғи Қаюм Ортиқовга Украинадан АҚШга келгунча руҳшунос ҳамроҳлик қилганини ва эҳтиёж туғилгудек бўлса, Ортиқовга зарур ёрдам кўрсатиш учун самолётда ҳар ярим соатда унинг руҳий ҳолатини назорат қилиб борганини айтади.

– Ўтган йилнинг октябрь ойида тиббий кўрикдан ўтганимизда Қаюм акамни Киев шаҳридан АҚШдаги охирги манзилгача руҳшунос кузатиб боришини айтишган эди. 20 февраль куни “Борисполь” халқаро аэропортига руҳшунос шифокор Ирина Поклад келиб, бизни Ҳаррисберггача кузатиб борди. Иринанинг биз билан биргалиги бизга руҳий мадад бўлди, бизга берган ёрдами ва эътибори учун ундан жуда миннатдормиз, – дейди Моҳира Ортиқова.

Моҳира Ортиқованинг бу сўзлари Акмал Саидов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўллаш ҳолатлари йўқлигига оид Женевада берган баёнотлари ёлғонлигини яна бир марта исботлайди.

Қаюм Ортиқовнинг қамоқдан озод этилиши ва унинг учинчи давлатга кўчирилиши жараёнида фаол иштирок этган «Ҳюман Райтс Вотч» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги вакили Стив Свердлов «Жараён»га Қаюм Ортиқов посттравматик стрессдан азият чекаётганини айтади.

– Қаюм Ортиқовдаги бу ҳолатларнинг барчаси у бир неча йил мобайнида Ўзбекистон қамоқхонасида ўтирганида бошидан кечирган қийноқлар туфайли юзага келганини бир неча шифокор тасдиқлаган. У шу кунгача ҳам жиддий гуманитар ёрдам ва тиббий кўрикка муҳтож бўлиб қолмоқда.

“Ҳюман Райтс Вотч” номидан айтишим мумкинки, биз Қаюм Ортиқовнинг қийноқлар тўғрисидаги гувоҳликларини ишончлигина эмас, балки жуда яхши асосланган гувоҳлик, деб биламиз. Бу гувоҳликлар биз кўп йиллар мобайнида ўрганиб келаётганимиз Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар ишларидаги қийноқ амалиётига жуда мос тушади, – дейди Стив Свердлов.

Эслатиб ўтамиз, Қаюм Ортиқов қамоқдалик пайтида ва қамоқдан озод бўлганидан кейин Моҳира Ортиқова эрининг судланиши Буюк Британия элчихонасидаги иши билан бевосита боғлиқ бўлгани учун унга ёрдам бериш илтимоси билан Британия расмийларига бир неча марта мурожаат қилган. Бироқ бу мамлакат расмийлари Қаюм Ортиқов иши ва рафиқасининг барча мурожаатларини эътиборсиз қолдирганлар.

Британия расмийларининг Қаюм Ортиқов ишига муносабатига изоҳ бераркан, Стив Свердлов бу ишни олиб бориш жараёнида нафақат Ортиқовлар оиласи жасоратига, балки Британия томони сусткашлигига ҳам гувоҳ бўлганини айтди.

– «Ҳюман Райтс Вотч» бу иш бўйича турли масалаларни кўтариб, Британия расмийларига бир неча бор мурожаат қилган. Биринчидан, Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси бу одамни озод қилиш масаласида нима учун фаоллик кўрсатмади? Иккинчидан, бу оила Украинага келиб, жиддий инсонпарварлик ёрдамига жуда муҳтож бўлганида ҳам нима учун уларга бундай бюрократларча ва совуқ муомала қилинди? Учинчидан, унинг қамоққа ташланиши Британия элчихонаси билан бевосита боғлиқ бўлгани ҳолда нима учун уларнинг Буюк Британияга кўчирилиши ва уларга қочқинлик мақоми берилиши имконияти қараб чиқилмади?

Афсуски, бу саволларга жавоб ололмадик. Ташкилотимиз учрашувлар, хатлар ва ниҳоят, халқаро матбуотга мурожаатлар орқали Британия расмийларидан кўпроқ маълумот олишга уринди. Биз Буюк Британия расмийлари нима учун бу ишга бошқа эътибор қаратмай қўйганларини ҳалигача тушунолмаяпмиз.

Биз Ортиқовлар оиласи учун ҳам, Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликларнинг ҳозирги ва келажакдаги қурбонлари учун ҳам, Британия-Ўзбекистон алоқалари учун ҳам бу ишни жиддий текшириш жуда муҳим, деб ҳисоблашда давом этаяпмиз, – деди «Жараён»га «Ҳюман Райтс Вотч» ташкилотининг Марказий Осиёдаги вакили Стив Свердлов. 

44 ёшли Қаюм Ортиқов собиқ ҳарбий бўлиб, аввал Чирчиқ ва Қарши гарнизонларида ҳарбий комендант ўринбосари бўлиб ишлаган.

Соғлиғи туфайли заҳирага чиқарилганидан кейин Қаюм Ортиқов Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси хавфсизлик хизматига қўриқчи бўлиб ишга кирган ва бу ерда 2003 йилдан 2009 йил февралигача ишлаган.

2009 йили Ўзбекистонда Ортиқовни одам савдоси бўйича уйдирилган айблов билан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганлар. Шу ўринда қайд этиш жоизки, судда Қаюм Ортиқовнинг айби исботланмаган. 

Ҳукм ўқилганидан кейин ўтган тўққиз ой мобайнида Қаюм Ортиқов Тошкентдаги тергов ҳибсхонасида ноқонуний равишда тутиб турилган, бу вақт оралиғида унинг оила аъзоларидан ҳеч ким у билан учрашолмаган. 

Тергов ҳибсхонасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари у Британия элчихонасида ишлаган пайтида Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганлигига иқрор бўлиши учун Ортиқовга нисбатан шафқатсиз қийноқларни қўллаганлар. Шунингдек, ўзбек махсус хизмати ходимлари Қаюм Ортиқовдан Буюк Британия ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихоналарида ишлаган ўзбекистонлик ҳамкасбларини ноҳақ айблашни талаб қилганлар.

Қаюм Ортиқовнинг хотини Моҳира Ортиқова эрининг ҳимояси учун адвокат ёллашга мажбур бўлган ва адвокат ўз ҳимояси остидаги киши билан учрашган пайтда Қаюм Ортиқовдан тўққиз ой мобайнида Тоштурмада МХХ ходимлари томонидан даҳшатли қийноқларга солинганини эшитган.

Қаюм Ортиқовнинг рафиқаси Моҳира Ортиқованинг фаоллиги туфайлигина бутун дунё Ўзбекистон қамоқхоналаридаги даҳшатлардан хабар топган. Қаюм Ортиқов қамоқхонада бўлган пайтда унинг хотини маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳамда мустақил журналистларга эри қамоқхонада дуч келган зўравонлик ва таҳқирлашлар ҳақида тўхтовсиз гапираверган.

2011 йили Қаюм Ортиқовни муддатидан олдин озод қилишган. Бироқ қамоқдан озод бўлганидан кейин ҳам ўзбек махсус хизматлари уни таъқиб қилишни тўхтатмаганлар. Пировардида 2012 йили Қаюм Ортиқов ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилган ва Украинага кетган. Бу ерда хотини ва тўрт боласи билан икки йил яшаганидан кейин у оиласи билан АҚШга кетишга муваффақ бўлган.

 

Мубина САФАРОВА 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.