Ойниҳол Бобоназарова: Тожикистондаги қийноқлар ҳақида АҚШ мулозимларига маълумот бердим
Шу йилнинг 4 март куни АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёл” мукофотини олган тожикистонлик мухолифатчи, таниқли ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова Тожикистонга қайтди.
У 17 мартгача Америкада қолиши режалаштирилгани, аммо оилавий сабаблар туфайли эртароқ қайтишга мажбур бўлганини айтди. “Жараён” мухбири Ойниҳол Бобоназарованинг сафар таассуротлари билан қизиқди.
– Феврал ойи охирида АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси Давлат департаменти таклифи билан Вашингтонга боришим кераклигини маълум қилди, аммо улар менинг у ерда мукофотланишим ҳақида ҳеч нарса дейишмади. Бу мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Сафарим қисқа, аммо жуда мазмунли ўтди. У ерда мендан бошқа дунёнинг 9 давлатидан борган аёлга ҳам шу мукофот берилди. Улардан бири – ҳиндистонлик аёл тақдиридан роса таъсирландим. У 12 ёшида кекса бир одамга турмушга чиқишга мажбурланган, таклиф рад этилгач, юзига кислота сепилган.
Шундан кейин бу аёл яшаб турган шаҳрида ўзидек ночор вазиятга тушиб қолган қизлар ҳуқуқлари учун курашишга киришган. Инсон ҳақлари йўлида курашиши натижасида Ҳиндистонда сульфат кислотасини эркин савдодан олиб қўйишга эришган. Мен, шунингдек, америкалик мулозимларнинг одамларга муносабати, самимийлигидан жуда таъсирландим. Сиз тожик мулозимларининг одамлар билан самимий, очиқ чеҳра билан суҳбатлашганини ҳеч кўрганмисиз? – дея савол ташлайди суҳбатдошимиз.
65 ёшли Ойниҳол Бобоназарова Тожикистондаги илк сиёсий маҳбус. У ўтган асрнинг 90-йиллари бошида давлат тўнтаришни тайёрлаганлик ва Ватанга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган. Бир оз муддатдан сўнг халқаро ташкилотлар босими остида озодликка чиқарилган эди.
Озодликка чиққач, у ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият бошлади ва қарийб 10 йил ЕХҲТнинг Тожикистондаги ваколатхонасида инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажарди.
Айни пайтда “Перспектива+” жамоатчилик ташкилотига раҳбарлик қилиб келаётган Ойниҳол Бобоназарова асосан республика қамоқхоналарида маҳбусларга қийноқлар қўлланилишининг олдини олиш, болалар ва аёлларнинг оилада зўровонлик қурбони бўлишига қарши кураш, шунингдек, Россия ва Қозоғистондаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш масалалари устида иш олиб бормоқда.
Ойниҳол Бобоназарова АҚШ Давлат депортаменти уни айнан шу хизматлари учун тақдирлаганини айтди.
– Асосан инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланганим учун бу мукофот берилди, деб ўйлайман. Кўп йиллардан бери жазони ўташ колонияларида қийноқлар қўлланилишига барҳам бериш, меҳнат муҳожирларини ҳимоялаш масалалари билан шуғулланаяпмиз. Бошқа томондан ўтган йилги президентлик сайловларида номзодлигим кўрсатилгани ҳам “Жасоратли аёл” мукофотини олишимга туртки бўлган бўлиши мумкин, – дейди Ойниҳол Бобоназарова.
2013 йилнинг ноябрида Тожикистонда бўлиб ўтган президентликка сайловларда Ойниҳол Бобоназарова мухолифатдан ягона номзод сифатида кўрсатилган эди. Аммо унинг штаби етарли имзо тўплай олмагани сабабли сайловга қўйилмаган.
Ўшанда сиёсий таҳлилчилар Бобоназарова хонимнинг президентликка номзодлар рўйхатидан тушиб қолиши амалдаги президент Имомали Раҳмонга сайловда ҳақиқий рақибсиз курашиш имконини берди, деган хулосага келишган эди.
Бошқа томондан тожик жамиятида президентлик учун илк бор аёл номзодлигининг илгари сурилиши жуда кўп баҳсларга сабаб бўлганди. Тожикистонлик дин уламолари аёл кишининг давлат раҳбари этиб тайинланиши Ислом қонунларига зид эканини иддао қилган эдилар.
– Аммо Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий Қуръондан келтирилган оят билан бу иш мумкинлигини исботлаб берди, – дер экан Ойниҳол Бобоназарова АҚШга сафари чоғида америкалик мулозимлар ва дунёнинг турли давлатидан борган меҳмонларни айнан шу мавзу қизиқтирганини айтди.
Бобоназарова АҚШ расмийлари билан юзма-юз суҳбатларда Тожикистонда қийноқларнинг мунтазам қўлланилаётгани, унинг қурбонлари ва бошқа шу каби жамият учун дардли муаммолар ҳақида ҳам суҳбатлашганини маълум қилди.
– АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё масалалари бўйича масъуллари билан суҳбатларимизда республика қамоқхоналарида маҳкумларга нисбатан мунтазам қийноқ қўлланилаётгани, бунинг натижасида қамоқдан маҳбусларнинг ўлиги чиқаётгани, болалар ва аёлларнинг оилада, жамиятда зўровонлик қурбони бўлаётгани ҳақида ҳам маълумот бердим, – деди Ойниҳол Бобоназарова.
Суҳбатдошимиз АҚШ Давлат департаменти мукофотини Мишель Обама хоним қўлидан қабул қилиб олар экан, ўзида тожик жамиятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш учун келажакда бор маҳоратини ишга солиш учун янада кучлироқ масъулият ҳис этганини айтди.
– Тожикистонда жасур аёлларимиз жуда кўп. Масалан, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланаётган аёлларимиз, журналистлар орасида ҳам бундай аёллар кўплаб топилади. Мен келажакда улар билан ёнма-ён туриб, ҳамкорлик қилиш, ўз тажрибаларим билан ўртоқлашишни ният қилдим. Мукофотни қабул қилиб олар эканман, шундай бир масъулиятни ич-ичимдан ҳис этдим, -дейди Ойниҳол Бобоназарова.
Тожикистонлик мухолифатчи аёл ҳозирда минтақа мамлакатларидан фақат Қозоғистон ва Қирғизистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорликни йўлга қўйганини қўшимча қилди.
Ўзбекистон Тожикистоннинг энг яқин қўшниси бўлса-да, Бобоназарова хонимга кўра, бу мамлакатдаги ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилишнинг имконияти деярли йўқ.
– Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан фақат Мўътабар Тожибоевани яхши танийман. У инсон ҳуқуқлари масаласида ҳавас қилса арзигулик ишларни қилиб келмоқда, биз у аёлдан ўрнак олишимиз керак, деб ўйлайман, – деди суҳбатдошимиз.
Cуҳбат сўнгида Ойниҳол Бобоназарова Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали ўзини табриклаган юртдошлари ва минтақа мамлакатларидаги ҳамкорларига миннатдорчилик изҳор қилди.
– Қўшни республикаларда яшаётган ҳуқуқ фаоллари, матбуотчилар, ҳатто мени таниган айрим мансабдорлар ҳам мукофот билан табриклашди. Бироқ Тожикистон давлат нашрлари бу борада ҳеч бўлмаса, тўрт энлик хабар ҳам беришмади. Юқоридагиларнинг топшириғисиз, ўзи мустақил ишлай олмаётган ҳукумат журналистларга ичимдан ачиндим, – деди Ойниҳол Бобоназарова.
Дарҳақиқат, 2007 йил Америка Давлат департаменти томонидан таъсис этилган ва ҳар йили дунё аёлларидан 10 кишига насиб қиладиган мукофот ўтган шу давр ичида илк бор тожикистонлик аёлга берилди. Аммо ҳукумат рўзномалари ва давлат телевидениеларида бу борада икки оғиз ҳам гапирилмади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish