Улуғбек Остоновнинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда

2011 йили қозоқ расмийлари Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилган 29 нафар ўзбек диндори орасида бўлган Улуғбек Остоновнинг яқинлари унинг тақдири юзасидан хавотир билдирмоқдалар. 

Куни кеча “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига 2011 йил ёзида қозоқ расмийлари Ўзбекистонга бериб юборган 29 нафар ўзбек қочқинидан бири Улуғбек Остоновнинг яқинлари мурожаат қилишди.

Уларга кўра, 2013 йилнинг декабрь ойида бери Улуғбек Остоновнинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

– 2013 йилнинг декабрь ойигача у “Жаслиқ” колониясида эди (64/71 рақамли колония Қорақалпоғистон мухтор республикасининг Қўнғирот туманидаги “Жаслиқ” посёлкасида жойлашган – “Жараён”). Сўнг биз уни Тошкентга олиб кетилганидан хабар топдик. Ўзбекистонда унинг катта опаси бор. Охирги марта Улуғбек опасига ўтган йилнинг декабрида қўнғироқ қилган ва “Менинг ёнимга бошқа келманг, бўлмаса, менга муаммо бўлади”, деб айтган.

Шундан сўнг ундан ҳеч қандай хабар бўлмаган. Биз унинг опасидан Улуғбекни қидиришни сўрадик, аммо у пули йўқлиги учун укасини қамоқма-қамоқ излашга имкони йўқлигини айтди. Улуғбекнинг ревматизми бор, соғлиги жуда ночор, биз унинг тақдиридан хавотирдамиз. Ахир инсон ҳеч кими, ҳаттоки унинг тақдири билан қизиққан қариндошлари ҳам йўқлиги учунгина қамоқда йўқ бўлиб кетолмайди. Бизга уни топишда ёрдам беринг, – дея илтимос билан мурожаат қилишган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага Улуғбек Остоновнинг яқинлари.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти 2013 йилнинг декабрь ойида Улуғбек Остонов катта опасига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонаси, оддий халқ орасида эса “Тоштурма” деб юритиладиган қамоқхонадан қўнғироқ қилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди, чунки ташкилотга бутун республикадаги барча қамоқхоналардан диний сабаблар билан қамалган маҳбусларни айнан ўша ерга олиб келиб, уларга қийноқ ва босим қўллаб, керакли кўрсатма олиш ҳолатлари аёндир.

Улуғбек Остонов, унинг турмуш ўртоғи Шаҳло Жалолова ва уларнинг уч нафар вояга етмаган фарзанди бир неча йил давомида Олмаота шаҳрида бошпана олиш истагида яшаб келганлар. Аммо оила бошлиғи Улуғбек Остонов қолган 28 нафар ўзбек диндори билан бирга Тошкентга экстрадиция қилингач, унинг турмуш ўртоғи Шаҳло Жалолова қозоқ махсус хизматларининг босими ва таъқиби туфайли уч нафар боласи билан Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда аёл фарзандлари билан демократик мамлакатларнинг бирида яшаб келмоқда.

Эслатиб ўтсак, Ўзбекистонда ўз диний қарашлари туфайли махсус хизматларнинг таъқиби ва босимига учраган 29 нафар ўзбек қочқини Қозоғистонда мажбуран, бошпана топиш истагида яшаб келганлар. Улар 2010 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг сўровига биноан Олмаота шаҳрида қўлга олингандилар.

Ўзбекистон томони уларни оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда, жумладан, террорчилик, айирмачилик, экстремизм, фундаментализм, таъқиқланган ташкилотларни тузганлик ва уларда иштирок этганлик, қотиллик содир этганлик ҳамда жиноий уюшмаларни тузиб, уларда иштирок этганликда айблаганди. Бироқ бу қочқинларнинг ўзлари мазкур айбловларнинг барчасини рад қилиб келганлар.

Бир йил давомида 29 нафар ўзбек қочқини Олмаота шаҳридаги тергов ҳибсхоналарида сақланганлар, бу вақт мобайнида Қозоғистон судларида уларнинг ишлари кўриб чиқилган. Қозоқ суди уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида ҳукм чиқарган ва шу тарзда уларга қарши жиноий ишларни  уйдирмиш Ўзбекистон томонининг жиноий шеригига айланган.

2011 йил ёзида эса 29 нафар ўзбек диндори Ўзбекистонга экстрадиция қилинди ва бу ерда уларнинг кўпи узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

2012 йил июнида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон ўзбек қочқинларини Тошкентга бериб юбориш орқали инсон ҳуқуқлари бўйича зиммасига олган ўз мажбуриятларини бузгани ҳақида қарор чиқарганди. Чунки бундан аввал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қанча нуфузли халқаро ташкилот Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ ва ғайриинсоний муносабат мунтазам характер касб этиши ҳақида бир неча бор таъкидлаган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси қозоқ расмийларидан экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқинини тегишли ҳимоя билан таъминлаш, хусусан, уларни Қозоғистонга қайтариб олиб келиш ва товон пули тўлашни таъминлаши кераклигини талаб қилганди.

Ўтган йилнинг август ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистонга ўз дипломатларини жўнатгани ва улар қамоқхонада Олмаотадан экстрадиция қилинган 29 нафар қочқиннинг 18 нафари билан учрашганларини маълум қилган. Қозоқ дипломатларининг айтишларича, қочқинлар қамоқда қийноқ ва бошқа инсон шаънини таҳқирловчи муомаладан шикоят қилмаганлар.

Ўша пайтда Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига қуйидаги маълумотни йўллаганди: “…экстрадиция қилинган бошқа 7 нафар шахс билан тергов ишлари олиб борилаётгани сабабли (улар орасида Улуғбек Остоновнинг исми ҳам келтириб ўтилган – “Жараён”), ўзбек томони илтимосига кўра, улар билан учрашув кейинроққа кўчирилган. Қозоғистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан керакли маълумотлар келиши билан уларнинг натижалари бўйича Қўмитага қўшимча маълумот тақдим этилади”.

Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига мазкур мактубни йўллаганидан буён орадан етти ой вақт ўтди. Аммо қозоқ расмийлари ҳалигача БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига юқорида айтиб ўтилган 7 нафар ўзбек қочқини бўйича маълумот бергани йўқ. Бундан кўриниб турибдики, Қозоғистон расмийларига экстрадиция қилинмиш ўзбек қочқинлари билан учрашув ўтказиши фақат БМТ қўмитасига ҳисобот бериш учунгина керак бўлган.

Қозоқ расмийларининг экстрадиция қилинган ўзбек қочқинлари билан учрашувидан аввал бу қочқинларнинг қариндошлари “Жараён”га мурожаат қилишиб, ўзбек қамоқхоналарида яқинларига нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилаётгани, уларнинг сақланиш шароитлари жуда оғирлигидан нолишганди. Ўзбек қочқинларининг қариндошлари ҳуқуқ фаолларидан қамоқдаги ўз яқинларининг оғир вазиятини БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига етказишни ҳам илтимос қилишганди.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева Улуғбек Остоновнинг яқинлари унинг қаерда эканини аниқлашда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилганлари, умуман олганда, унинг тақдири юзасидан хавотир билдиришларини жуда асосли, деб билади.

Ҳуқуқ фаоли БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва Қийноқларга қарши қўмиталари ҳамда Франциядаги АСАТ France (2010 йилда айнан АСАТ France ва “Ўтюраклар клуби” ташкилоти БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига 29 нафар ўзбек қочқинининг индивидуал шикоят аризаларини топширган эдилар – “Жараён”) ташкилотларига, ўз мандатларини ишга солган ҳолда, Улуғбек Остоновнинг қаерда экани ва унинг қай аҳволда эканини билиб бериш чақириғи билан мурожаат қилганини айтади.

– Ўз тажрибамдан шуни биламанки, агар Ўзбекистонда қамоқда ўтирган инсон тақдири билан қизиқилмаса, у ўша ерларда бедарак йўқолиб кетиши ва ҳатто унга нисбатан давомли қийноқ қўлланиши, ёмон озиқ-овқат берилиши, тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги, пировардида маҳбуслар орасида кенг тарқалган сил касаллиги туфайли ўлиб кетиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, Улуғбек Остоновнинг “чет элдан экстрадиция қилинган диний экстремист” каби мақоми бизни унинг кейинги тақдири юзасидан энг ёмон хавотирларимизни кучайтирмоқда, холос.

Шунинг учун мен БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Қийноқларга қарши қўмиталари Улуғбек Остонов сақланаётган жойни аниқлаб, унинг аҳволи қандай эканини ўрганишга ёрдам бериши керак, дея ҳисоблайман.

Улуғбекнинг яқинлари ва ҳуқуқ фаоллари Остонов 2011 йили Тошкентга экстрадиция қилинганидан сўнг Ўзбекистон Жиноий кодексининг қайси моддаси бўйича судлангани (ахир ўшандан буён қарийб 3 йил ўтди), ҳозир у қаерда сақланаётгани ва унинг ҳозирги аҳволини билишга ҳақли, Ўзбекистон ҳукумати эса ушбу саволлар бўйича уларга маълумотларни тақдим этишга мажбур, – деди “Жараён”га ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.