Тожикистонлик аскар зўравонлик қурбони бўлди
Душанбе шаҳрига туташ Рудакий туманидаги 2026-ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган 23 ёшли аскар Шаҳбол Мирзоев айни пайтда шифохонада, оғир аҳволда қолаётир.
Аскарнинг бутунлай тузалиб, оёққа туриб кетиши учун Германияда 63 000 евролик амалиётни бошдан кечириши лозимлиги айтилмоқда.
Шаҳбол Мирзоевнинг отаси Нўъмон Мирзоевнинг гапига қараганда, шу йилнинг 6 март куни ўғли тиш оғриғи билан ҳарбий қисм шифокори кўригига борган. У ердан қайтаётиб, ҳовлида фельдшер Усмон Ғайратовга дуч келган ва ҳеч бир асоссиз у томонидан таҳқирланган, сўнгра эса калтакланиш натижасида бўйни синган, чап оёғи фалажланиб, қўллари шикастланган.
Ўшандай аҳволда бўлган аскарга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига Ғайратов ва яна шу горнизоннинг бир нечта зобити Шаҳбол Мирзоевнинг оёқ ва қўлларининг сезувчанлигини текшириб кўриш мақсадида унинг оёқларига қайноқ сув қуйиб, игна санчиб кўришган.
Воқеадан 15 соат ўтиб, фельдшер Усмон Ғайратов аскар Шаҳбол Мирзоевга: “Агар докторларга ўзим йиқилиб тушдим, десанг, шифохонага олиб борамиз, акс ҳолда, шу ерда қоласан”, дея таҳдид қилган. Ниҳоят аскар айбни ўз бўйнига олишини айтиб, она сути билан қасам ичгач, Душанбе шаҳридаги “Қарияи боло” шифохонасига ётқизилган. Аммо шифокорлар Шаҳбол Мирзоевга ҳарбий хизматга қайтиш имконияти деярли қолмаганини айтишганидан кейин у фельдшер Усмонов ва “дед” томонидан калтакланиб, шу аҳволга тушганини гапириб берган.
Тожикистон шимолидаги Хўжанд Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган ва ихтиёрий равишда етти ой аввал ҳарбий хизматга борган Шаҳбол Мирзоев, шифокорларга кўра, агар операция қилинмаса, бир умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин.
– Германиялик шифокорлардан олган жавобимизда ўғлимнинг бўйин умуртқаларининг 5- ва 6-дисклари сингани, натижада орқа мия жароҳатлангани айтилган. Бу ҳолатда операция зарурлиги ва у 64 минг 400 еврога тушиши таъкидланган. Албатта менда бундай катта пул йўқ. Оиламни Россиядан топган пул эвазига боқиб турган эдим. Ўғлим Шаҳбол шу аҳволга тушганини эшитиб, ишни ҳам ташлаб келдим, – дейди томография натижаларини Германия клиникаларидан бирига юборган Нўъмон Мирзоев.
Унинг айтишича, ҳарбий горнизон ўғлининг амалиёти учун лозим маблағни бера олмаслигини билдирган.
– Бунча пулни ҳеч ким қарзга бермайди. Ўғлимнинг саломатлигини тиклаш учун яшаб турган уйимни савдога қўйдим, – дейди аскарнинг отаси Мирзоев.
Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, Тожикистон қонунларига мувофиқ, ҳарбий хизматга жалб қилинган ҳар бир йигит давлат томонидан суғурта қилинади.
– Ҳарбий хизмат чоғида бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолса, ёки дейлик, бирор оғир хасталикка учраса, у ҳолда, ўша аскар албатта давлат бюджети ҳисобидан тўла даволаниши шарт. Шаҳбол Мирзоевнинг ҳолатида ҳам ким айбдор бўлса, албатта қонун доирасида жазосини олиши керак, аммо даволаниш масаласида, ҳали айтганимдек, унинг операцияси учун албатта давлат маблағ ажратиши керак бўлади, – дейди “Сипар” адвокатлар уюшмаси раҳбари Бузургмеҳр Ёров.
Бошқа бир гуруҳ ҳуқуқшунослар: “Мамлакат қонунчилигига кўра, агар аскар калтакланиш оқибатида ишга яроқсиз бўлиб қолса, у ҳолда, маҳкама шу ҳодисада айбдор деб топилган фуқарога бир умрлик товон тўлаш мажбуриятини юклаши белгиланган”, демоқдалар.
Мамлакат ҳарбий прокуратураси масъулларидан бири Дилшод Исмоилов Шаҳбол Мирзоевнинг даволаниши ва амалиёти учун ким маблағ тўлашини фақат маҳкама ҳал қилишини айтган.
Шаҳбол Мирзоев хизмат қилган ҳарбий қисм қўмондони Зафар Мирзоев: “Аскарнинг даволаниши ва операцияси учун ким пул тўлайди – билмайман, бу борада аниқ бир нарса деёлмайман ҳам”, деган.
Айни пайтда Тожикистон ҳарбий прокуратураси Рудакий туманидаги 2026-ҳарбий горнизон фельдшери Усмон Ғайратов нисбатан мамлакат Жиноят Кодексининг 373-моддаси билан жиноят иши очган, тергов давом этаётир.
Аммо Нўъмон Мирзоев Усмон Ғайратовга нисбатан очилган жиноят иши натижасиз қолиши мумкинлигини, зеро, прокурор отаси уни ҳимоялашига шубҳа қилмаслигини айтади.
– Ғайратнинг отаси республика Бош прокуратурасида ишлайди. У барибир ишни ёпишга ҳаракат қилади. Менимча, бу ишни президентимиз шахсан назорат қилсагина, натижа бўлади, – дер экан Нўъмон Мирзоев фельдшер Усмон Ғайратов билан бирга ўғлини калтаклаб, ногирон қилиб қўйган шахслар қонун доирасида жазоланишини сўраб, Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон номига мактуб йўллагани, аммо ўшандан буён икки ҳафта вақт ўтган бўлса-да, Президент девонидан жавоб олмаганини қўшимча қилди.
Бу орада Тожикистон омбудсмани Зариф Ализода ўз идораси аскар Шаҳбол Мирзоев билан боғлиқ воқеани яқиндан ўрганишга киришганини маълум қилган.
Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Ампаро” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аскар Шаҳбол Мирзоевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун уни адвокат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган.
Айни кунларда тожик жамиятида Шаҳбол Мирзоев билан боғлиқ ҳодиса жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда.
Ёшларни ҳарбий хизматга чақириш баҳорги кампанияси арафасида аскар Мирзоевнинг армияда зўровонлик қурбони бўлганига оид хабар кўпчилик ота-оналарни ўйлантириб қўйган.
Расмий маълумотларда Тожикистон армиясида ҳар йили 16 мингдан зиёд йигит икки йиллик мажбурий хизматни ўташи айтилади.
Қайд этилишича, Тожикистон армияси сафини фақат кам таъминланган оилалар фарзандлари тўлдириб келади.
Кузатувчилар тожик армиясида шўро замонларидан мерос қолган “дедовшчина”, турли ҳуқуқбузарликлар ёшларни ҳарбий хизматдан бездирганини айтмоқда.
“Шу сабабли чақириқ қоғозини олган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган фуқароларнинг кўпчилиги Россияга чиқиб кетаётир”, дейди мустақил кузатувчилар.
Бироқ Тожикистон Мудофаа вазирлиги расмийси Ибодов мамлакат армиясидаги шарт-шароит ўтган йилларга нисбатан анча яхшилангани ва бунинг ортидан ихтиёрийлар сони ортиб бораётганини таъкидлайди.
Унинг гапига қараганда, бу йил тожикистонлик йигитларни муддатли ҳарбий хизмат жойларига юбориш муҳлати 31 майда ниҳоясига етади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish