Маълум вақт ўтгач эса, АҚШдан Ш.Абдуллазода ва Швециядан М.Обутовлар оиласи “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳига қўшилиш ниятини билдирганлар.
“Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи ўз олдига қийноқ ва зўравонлик қурбонлари билан алоқа ўрнатиш, уларга нисбатан қўлланилган қийноқларни ошкор қилиш, қийноқлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва улар асосида тайёрланган материалларни Интернетда чоп қилиш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кўриб чиқиладиган халқаро анжуманларда қийноқ қурбонларининг шахсан иштирок этишини ташкил этишни мақсад қилган.
Шу билан бирга, мазкур гуруҳнинг ташаббускорлари келажакда қийноқ қурбонлари учун ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам ташкил этишни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб олганлар.
Ўзбек расмийларининг “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳининг ташкил этилганига нисбатан муносабатини кўп кутишга тўғри келмади. Ортиқовлар оиласининг инсон ҳуқуқлари муҳофазаси борасидаги позицияси ўзбек расмийларини берк кўчага киритиб қўйгандек туюлди. “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳига Буюк Британиянинг Тошкентнинг элчихонаси собиқ ходими, ўзбек қамоқхоналарида қийноқ қурбони бўлган Қаюм Ортиқовнинг турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқова раҳбарлик қила бошлагани эса беш йилдан буён барча халқаро тадбирларда обрўли экспертларнинг Қаюм Ортиқов бўйича барча саволларини эътиборсиз қолдириб келган Ўзбекистон ҳукуматининг сукунат деворини вайрон қилиб ташлаганга ўхшайди.
Масалан, 2013 йилнинг октябрь ойида Женевада бўлиб ўтган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида Ўзбекистоннинг БМТ Қийноқларни таъқиқловчи конвенциясига амал қилиши бўйича ўзбек делегациясининг ҳисоботи тингланаётган пайтда ҳам ҳукуматпараст Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг раҳбари Акмал Саидов Қўмита экспертларининг Қаюм Ортиқов ҳақида берган барча саволларини эътибордан четда қолдирганди.
Эслатиб ўтсак, 2013 йил кузида БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси Қаюм Ортиқовнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши ёзган шикоят аризасини 2317/2013 рақами остида қабул қилиб олган ва бу ишни кўриб чиқишни бошлаганди.
Куни кеча Ўзбекистон БМТ Қийноқларга қарши қўмитасига Қаюм Ортиқов иши бўйича саволларига ёзма жавоб йўллагани маълум бўлди.
Унда ўзбек расмийлари ўзларига хос асабийлик билан Қаюм Ортиқовга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги фактларни инкор қилганлар ва БМТ қўмитасини Қаюм Ортиқов кишилар қийноққа солинишини айтган Тоштурма тергов изоляторидаги ертўлалардан 2008 йилдан буён фойдаланмасликларига ишонтиришга уринганлар. Шунингдек, улар “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини Қаюм Ортиқов ҳимоясига чиққани учун суверен давлат бўлмиш Ўзбекистонни халқаро ҳамжамият олдида обрўсизлантиришга уринаётганликда айблаганлар.
Бундан ташқари, ўзбек расмийлари Интернетда Қаюм Ортиқовни қораловчи мақолаларни чоп этишни ҳам бошлаб юборганлар, баъзи мақолаларнинг муаллифлари Қаюм Ортиқовни ақл-ҳушини йўқотган кимса ўлароқ таърифлаганлар.
Шундан сўнг, табиийки, бизда бу буюртма мақолаларнинг муаллифлари ва уларни ўзларининг “мустақил” сайтларида чоп қилиб келаётган кишиларга савол туғилди: “Агар Қаюм Ортиқов ақл-ҳушини йўқотган кимса бўлса, у ҳолда, нима учун уни олти йилга озодликдан маҳрум қилишди? Ахир Ўзбекистон Жиноят кодексининг 18-моддасига кўра, ақл-ҳушини йўқотганлар жазога тортилмаслиги лозим эди-ку.
Ана шундай буюртма мақолалардан бирида муаллиф қуйидагича ёзади: “…касаллик варақчасини титкилаб кўрдик ва Ортиқов касал эканини аниқладик”. Биз мақола муаллифи Қаюм Ортиқовнинг касаллик варақчасини “титкилаб” ўтирмаганига аминмиз, чунки Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимларида Қаюм Ортиқов ва ўзбек куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан қийноққа тутилган ҳар бир диссидент ҳақида батафсил маълумот мавжуд.
Қаюм Ортиқов оиласи билан АҚШдан бошпана топгач, “Жараён” веб-сайтида “Қаюм Ортиқов Украинадан АҚШга руҳшунос ҳамроҳлигида кетди” дея номланган мақола чоп қилинганди.
Бу мақола чоп қилингач, баъзи бир “мустақил” веб-сайтларда Қаюм Ортиқовни қораловчи навбатдаги мақола эълон қилинди. Унда муаллиф: “Нега Қ. Ортиқов руҳшунос ҳамроҳлигида кетди?” деган саволни ўртага ташлайди ва бу саволга ўзи: “Жавоб аниқ, Қ.Ортиқов самолётда йўловчиларга ташланиб қолмаслиги ёки ўзига ўзи бирор зиён етказиб қўймаслиги учун”, дея жавоб қайтаради.
Биз бу мақола муаллифининг қизиқувчанлигини тамомила қондириш учун унинг саволига жавоб беришни лозим кўрдик. 2013 йили Қаюм Ортиқов оиласи билан Украинада яшаётган пайтда Киев шаҳридаги Темирйўлчилар психоневрологик касалхонасида тиббиёт фанлари доктори, профессор О.С.Чабанда посттравматик стресс касаллиги ташхиси билан даволанди. Украиналик, сўнг эса америкалик шифокорлар, Ортиқовни “қийноқ қурбони” дея тан олдилар ва фақат шу сабабли уни Украинадан АҚШгача руҳшунос кузатиб кетди.
Минг афсуски, энг бошдан Британия ҳукумати ўзининг геосиёсий манфаатларини инсон ҳуқуқларидан юқори қўйди ва Тошкентдаги ўз дипломатик бошқармаларида ишлаб келган ходимлари ҳуқуқларини ўзбек диктатураси олдида ҳимоя қила олмади. Қаюм Ортиқовдан ташқари Британия расмийлари ўзларининг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Крейг Мюррейнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қила олмагандилар ва расмий Тошкентнинг талабига кўра, уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилгандилар.
Қаюм Ортиқов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари ва журналистларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қамоқдан тирик чиқди. Агар улар бўлмаганда, Ортиқовни қамоқда ўлдиришлари ёки Тоштурма бошлиғининг ўринбосари айтгандек, “бир зумда йўқ қилиб юборишлари” ҳам мумкин эди.
Ўзбек расмийларининг жазаваси яна бир бор бизнинг тўғри йўлда эканимизни исботлайди. Яқин орада биз “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳини АҚШда расмий рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистонда қийноқ қурбонлари бўлган инсонлар ҳақидаги материаллар чоп қилиб келинадиган гуруҳнинг расмий веб-сайтини ҳам ташкил қилиш ниятидамиз.
Ҳурматли муштарий, агар Сиз Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан қўлланилган қийноқ ёки ғайриинсоний муносабат қурбони бўлган бўлсангиз, фаолроқ бўлинг, бу ҳақда очиқ-ошкор айтинг, ёзинг ва сафимизга қўшилинг!
Ўзбекистондаги диктаторлик режими Сизни янчиб ташлашига йўл қўйманг! Сиз ўзингизнинг жасоратли хатти-ҳаракатингиз билан бошқа қийноқ қурбонларини ҳам дадилроқ бўлишга ундаган ва Ўзбекистон расмийларининг қонли жиноятларини фош қилишда бутун куч-ғайратларини ишга солишларига кўмаклашган бўласиз.
Моҳира Ортиқова,
“Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳининг раҳбари
Fikr bildirish