БМТ қарорлари асосида биз Президент девони, МХХ, Бош прокуратура, Олий суд ва бошқа тегишли идораларга мурожаат қилиб, Эркиннинг иши қайта кўрилиб, адолатли ҳукм чиқарилишини сўрадик. Аммо, афсуски, бу идоралардан олган жавобларимизда олди-қочди гаплардан бошқа нарса йўқ, – дейди Аиджон Мусаев.
1993 йилдан Мудофаа вазирлигидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган подполковник Эркин Мусаев 2004 йили истеъфога чиққач, БМТнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши кураш ва чегараларни мустаҳкамлаш дастурлари” бўйича менежери бўлиб ишлаган.
Аиджон аканинг айтишича, ўғли Эркин Мусаев 2006 йилнинг 31 январида Қирғизистонда бўлиб ўтиши режаланган минтақавий анжуманда қатнашиш учун кетаётган чоғида Тошкент аэропортида ҳибсга олинган.
Ўзбекистонлик терговчилар иддаосига кўра, текширув чоғида Эркин Мусаевга тегишли чемодан ичидан махфий маълумотлар ёзилган ва Америка Мудофаа вазирлигига тақдим этилиши керак бўлган битта компакт диск топилиб, мусодара қилинган.
2006 йилнинг 13 июнида Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси Эркин Мусаевни Агрессия уюштирганлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик, давлат сирларини ошкор қилганлик, ҳарбий хизматга совуққонлик билан ёндашганлик каби моддалари билан айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Ўзбекистон матбуоти давлат мулозими Эркин Мусаевнинг Америка Мудофаа вазирлиги – Пентагонга Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий сирларини сотганликда айблангани ҳақида хабар қилганди.
Ўзига нисбатан эълон қилинган айбловларни кескин рад этган собиқ мулозим Эркин Мусаев, отасининг айтишича, қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмаси берган.
Эркин Мусаев ишини ўрганган БМТнинг Женевадаги Ишчи гуруҳидаги маълумотларга кўра, тергов хулосаларида келтирилган кўплаб далиллар сохталаштирилган ва судланувчининг конституциявий ҳамда процессуал ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган.
2012 йилнинг 21 мартида БМТ Эркин Мусаевнинг устидан маҳкама адолатсиз бўлгани ва унинг иши қайта кўриб чиқилиши кераклиги ҳақида хулоса чиқарган. Шунингдек, бу нуфузли ташкилот экспертлари тергов чоғида Эркин Мусаевга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳолатлари ҳаққоний ўрганилиши лозимлигини сўраган.
– Шу қарор қабул қилинганига, мана, икки йилдан ошаяпти, аммо ҳеч қандай ижобий ўзгариш йўқ. Айни пайтда Ўзбекистон ва БМТ ўртасида фойдасиз ёзишма кетаяпти. Ўзбекистон томони БМТнинг қарорларига норозилик билдириб, ҳар хил бўҳтон ва уйдирмаларга тўла хат-мурожаатномаларни ёзаяпти. Ўз навбатида, Комитет (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси – “Жараён”) ҳам Ўзбекистондан қарорлар амалий ижросини талаб қилиш ўрнига шунчаки почтальон вазифасини бажараяпти, холос.
Балки бу шундай бир жараёндир, лекин у фақат вақтни чўзиш билан чегараланаяпти. БМТ ўзи чиқарган қарорларни амалга татбиқ қилишда жиддийлик кўрсатиши керак. Ахир биз нима учун жонимизни хавфга қўйиб, БМТга мурожаат қилдик? Балки БМТ Эркиннинг иши бўйича иш кўраётгандир, чунки унинг иши “бу мажлисда, бу учрашувда кўрилди”, деган хабарлар келади. Аммо асосий нарса – унинг ишида ижобий ўзгариш йўқ, – дейди ўтган саккиз йил мобайнида Ўзбекистоннинг турли идораларида ўғлининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ортидан саргардон бўлган Аиджон Мусаев.
Аиджон Мусаевнинг гапига қараганда, БМТга ҳуқуқий ёрдам учун мурожаат қилганидан кейин унинг оиласига Ўзбекистон айрим идоралари томонидан босим бўлган.
– Лекин энг катта босим остида Эркин. Шунинг учун баъзан ортиқча ҳаракат қилишга қўрқамиз. Қамоқхонада аҳвол жуда ёмон. Маҳбусларни одам ўрнида кўришмайди, ваҳшийларча муносабат қилишади. Бир мисол: одам кўплигидан Эркинга ётиш учун фақат матрас берилган. Қаҳратон қиш кунлари бу матрасни ташқарига совуққа чиқариб қўйишар экан. Э
ркин уйқуга ётиш олдидан тана ҳарорати билан бу матрасни икки-уч соат мобайнида иситар экан. Биласизми, бир гал учрашувга борганимизда шундай матрасда ерда ётишимизга тўғри келди, лекин захга чидай олмай, ухламай чиқдик. Қамоқхонада айниқса Эркинга муносабат жуда ёмон. Менимча, бу нарса атайлиб қилинади, – дер экан Аиджон ота ўғлининг яккалаб қўйилгани, бўлмаган ва қилмаган айблар учун жазо олаётганини қўшимча қилди.
– Сержант Эркин Набиев ўғлимга тазйиқ ўтказаётгани, уни калтаклаб, қўрқитиб, товлаб, пул олаётгани ҳақида ҳамма органларга ёздим, чидай олмадим. Шунчаки текширув ўтказилиб менга яна битта қуруқ расмиятчилик жавоби келди. Лекин менинг мурожаатимдан ғазабланган қамоқхона ходимлари бунинг ўчини яна ўғлимдан олишаяпти, – дейди Аиджон Мусаев.
Аиджон отанинг айтишича, Эркин Мусаевнинг саломатлиги ўта ташвишли.
– Унинг соғлигига келсак, унга жиддий тиббий муолажа керак. Қамоқхонада унинг қаери оғримасин, врач фақат аспирин беради ёки сўкиб ҳайдайди. Қамоқхонадаги захдан ўғлимнинг оёқлари оғрийди, баъзан юришга қийналади. Қон босими, бош оғриғидан қийналаяпти, ошқозони безовта қилади. Тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи дориларни жуда кўп сўрайди, – дейди жигарбандининг саломатлиги ёмонлашганидан ташвишини яширмаган Аиджон Мусаев.
Ўзбекистоннинг НАТОдаги ваколатхонасида ишлаган Эркин Мусаев Бекободдаги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун мўлжалланган қамоқхонада жазо муҳлатини ўтаётир.
Шу ўринда айтиш лозимки, БМТ қарорларига муносабат билдирган Ўзбекистон ҳукумати маҳбус Эркин Мусаевга нисбатан маҳкама қарори адолатли бўлгани, тергов чоғида унга нисбатан ғайриинсоний муносабат ёки қийноқ қўлланилмаганини таъкидлаган.
БМТ экспертларига жавобан Ўзбекистон расмийлари, шунингдек, Эркин Мусаев сақланаётган Тошкент вилояти Бекобод туманидаги УЯ 64/21 сонли жазони ижро этиш муассасасида республика жорий қонунларга қаттиқ амал қилинишини таъкидлаганлар.
Дунёдаги бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар Эркин Мусаевни сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритган.
Улардан бири Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти 2013 йилда Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат Конституцияси қабул қилинганига 21 йил тўлиши муносабати билан сиёсий сабабларга кўра қамалган маҳбусларни озод қилишга чақирган эди. Бироқ Ўзбекистон расмийлари бундай чақириқларни эътиборсиз қолдириб келаётир.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish