Ўзбек чегарачилари томонидан ушланган тожикистонликлардан бири Тожиддин Латипов “Форум-18” мухбирига уч кун ҳибсда ётгани ва шундан сўнг, 4 февраль куни озод қилингани ҳақида гапириб берган.
Бироқ, унинг айтишича, ҳибсхонада у билан бирга тожикистонлик яна икки фуқаро – Ўзбекистон ҳудуди орқали ватанига қайтаётган ва компьютерида исломий даъват ёзилгани учун ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинмиш она ва ўғил тутиб турилган. Латипов бу она ва ўғил Ўзбекистонда бир ой ҳибсхонада ушлаб турилганини сўзлаб берган.
“Қўлга олинган аёл менга чегарачилар уни ўғли билан бир ой тутиб турганларидан кейин қўйиб юборганларини, бироқ ичида диний даъват бўлгани учун портатив компьютерини олиб қолганларини айтди”, – деди “Форум-18”га Тожиддин Латипов.
Россиядан Тожикистонга қайтаётган Т. Латиповни ўзбек чегарачилари шу йилнинг 1 февраль куни “Бўлдир” темир йўл станциясида поезддан тушириб қолганлар. Ўзбекистон чегара хизматидан бўлган лейтенант Насриддин Баҳриддинов тожикистонлик фуқарога у мобиль телефонида исломий даъватни сақлагани учун поезддан тушириб қолинганини, бу эса Ўзбекистон қонунини бузиш бўлиб ҳисобланишини билдирган.
20 март куни “Форум-18” мухбири ўша пайтда она шаҳри Ваҳдатда бўлган Тожиддин Латипов билан телефон орқали сўзлашган.
“Латипов лейтенантга даъват мутлақо зарарсиз эканини ва унда мусулмон яхши одам бўлиши, бошқаларга ёрдам бериши кераклиги ҳақидагина гапирилганини тушунтиришга ҳаракат қилган. Бунга жавобан лейтенант Баҳриддинов: “Даъватни телефонда эмас, масжидда эшитиш керак”, деган”, – деб ёзади “Форум-18”.
Шундан сўнг Тожиддин Латиповнинг чегара амалдорлари (афсуски, Латипов бу амалдорларнинг исмларини эслай олмаган) томонидан берилган “Қачондан бери намоз ўқийсиз?”, “Рўза тутасизми?”, “Бирор бир диний террористик ташкилотга аъзо эмасмисиз?” каби кўплаб саволларига жавоб беришига тўғри келган.
Бу саволларга жавобан Тожиддин Латипов намозни болалигидан ўқиши, муқаддас Рамазон ойида рўза тутиши ва ҳеч қанақа террорчилик ташкилотига аъзо эмаслигини айтган.
Уч кунлик ҳибсдан сўнг Тожикистон фуқароси Тожиддин Латипов 40 минг ўзбек сўми миқдорида (“қора бозор” курси бўйича 13-14 АҚШ доллари – “Жараён”) жарима тўлашига тўғри келган, шунингдек, ўзбек чегарачилари унинг мобиль телефони учун мўлжалланган тўртта хотира картасини мусодара қилганлар.
Латиповнинг айтишича, ўзбек чегарачилари ундан машинаси учун Россиядан сотиб олган карбюраторни ҳам ташлаб кетишни талаб қилишган. “Аммо Латипов ўз карбюраторини беришдан қатъиян бош тортиб туриб олганидан кейин уни ўз ҳолига қўйишган”, – деб ёзади “Форум-18”.
Ўзбекистон темир йўл маъмурияти, божхона ва чегара хизматлари амалдорлари “Форум-18” мухбирининг “Нима учун, масалан, ҳокимиятни ағдаришга ёки зўравонликка чақирилмаган диний даъват ёзувларини олиб кетаётгани учунгина транзит йўловчилар тутиб қолинди?” деган саволига жавоб беришни истамаганлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Жараён” ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон орқали Жанубий Кореяга кетаётган Тожикистон фуқароси, душанбелик тадбиркор Зубайд Мирзораҳимов мобиль телефонида Қуръон оятларини сақлагани учун Бекобод шаҳрида ўзбек божхоначилари томонидан тутиб қолгани ҳақида хабар қилганди.
2013 йилнинг октябрь ойи охирида Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди Зубайд Мирзораҳимовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддасида (Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) кўзда тутилган жиноятда айбдор, деб топган ва беш йилга озодликдан маҳрум қилганди.
Зубайд Мирзораҳимовнинг яқинлари унинг амнистияга тушишига умид қилишган, Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам ўз фуқароси тақдири юзасидан хавотир изҳор қилган. Бироқ Мирзораҳимов ҳанузгача Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон махсус хизматлари мамлакатга кириш ва чиқишда чегарадан ўтаётганларнинг ёнида диний мазмундаги материаллар бор-йўқлигини диққат билан текширадилар.
Аввалроқ мустақил кузатувчилар Тошкент аэропортида чегарачилар йўловчиларнинг қайси мустақил веб-сайтларга кирганларини билиш учун уларнинг компьютерларини текширганлари, кейин эса нима учун бу сайтларга кирганини сўраб-суриштирганига оид воқеаларни гапириб бергандилар.
Январь ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб киши ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор чиқариб, диний мазмундаги материаллар устидан назоратни кучайтирганди.
“Жараён” Ўзбекистондаги маҳаллий расмийлар протестант черкови мансубларидан диний материаллар мусодара этгани ва йўқ қилганига оид воқеаларни ёритган. Кузатувчилар ўзбек расмийларининг бу каби чора-тадбирлари турли дин вакиллари фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва уларни таъқиб қилишга қаратилганини қайд этгандилар.
Гўзал АҲМЕДОВА
Fikr bildirish