Ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров оғир аҳволда онкология касалхонасига келтирилди

Ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаровнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Туронованинг “Жараён”га маълум қилишича, 29 май куни унинг турмуш ўртоғи озодликка чиқарилиб, ўша куннинг ўзидаёқ Тошкент вилоятидаги онкология касалхонасига келтирилган. 

3 июнь куни ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаровнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Туронова билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ фаоли Тошкент вилоятидаги онкология касалхонасига ётқизилганидан хабардор бўлди.

Шифокорлар Худойназаровнинг қувиғи атрофида саратон борлигини аниқлашган.

3 июнь куни Мўътабар Тожибоева Абдурасул Худойназаровнинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб тушган. Ўз навбатида, суҳбат давомида Худойназаров Тожибоевага айни пайтда онкология касалхонасида ётгани ва аҳволи ўта оғир эканини маълум қилган. Бироқ кўп ўтмай Мўътабар Тожибоеванинг Абдурасул Худойназаров билан телефон суҳбати узилиб қолган.

– Менимча Абдурасул аканинг телефонини эшитишаяпти, суҳбатлашаётган пайтимиз қандайдир гудок бўлди ва ундан кейин улар мани эшитмай куйди. Бу уни карцерга қамаганлари, изолятор ҳакида гапира бошлаганида содир бўлди. Шундан кейин Абдурасул аканинг телефонига қайта қўнғироқ қилиб тушолганим йўқ, – деди Мўътабар Тожибоева.

Шу орада “Жараён” куни кеча Абдурасул Худойназаров билан учрашиб, ҳуқуқ фаоли билан суҳбатлаша олган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова билан боғланишга муваффақ бўлди.

– Худойназаровда хавфли ўсма касаллик, яъни саратон аниқланган. Жигар, ўпка, суяк лимфа тугунларига тарқалган саратон касаллиги мавжуд экани, тиббий жиҳатдан унинг саноқли кунлари қолгани маълум бўлгач, 29 май куни ҳуқуқ фаоли Тошкент вилоятидаги онкология касалхонасига ётқизилди. Узоқ йиллик қамоқ ва руҳий тушкунлик, ўткир ўпка сили (туберкулёз) ва аденома хасталиги саратон ривожланишига шароит яратган. Айни пайтда унинг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда, – деди “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова “Жараён”га.

Васила Иноятова оғир хасталикка дучор бўлган ҳамкасбини ҳар куни зиёрат қилиб, унинг оиласини руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Иноятованинг сўзларига кўра, ҳозир Абдурасул Худойназаров ётган касалхона ҳуқуқ-тартибот ходимларининг алоҳида назорати остига олинган.

– Абдурасул Худойназаров ўзини аввалгидек ҳис қилмоқда, тузалиб чиққач, ўз касбий фаолиятини давом эттириш ниятида. У Ўзбекистондаги сиёсатга нисбатан бўлган ўз танқидий қарашларидан воз кечмаган. Абдурасул ака ётган касалхонанинг 4-қаватида қаттиқ назорат ўрнатилган, уни зиёрат қилиш учун келганлар расмий рўйхатлаштирилмоқда, гарчи касалнинг ҳар куни очиқ ҳавога чиқиши зарур бўлса-да, бунинг учун унга касалхона ҳудудига чиқишга рухсат берилмаган, – дейди Васила Иноятова.

Унинг айтишича, Абдурасул Худойназаров Тошкентдаги 64/18-сонли колониядан жазо муддати буткул тугашига олти кун қолганида озодликка чиқарилган.

Ҳуқуқ фаоли қамоқдан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 75-моддасига мувофиқ равишда, яъни  касаллик туфайли жазодан озод қилинган.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари Мўътабар Тожибоева Васила Иноятова тўрт фарзандли ва оиласи молиявий жиҳатдан касалхонада даволанишини таъминлай олмайдиган Абдурасул Худойназаровга моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатишларини сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотларига мурожаат қилганлари маълум бўлди.

Эслатиб ўтсак,“Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси Абдурасул Худойназаров асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган жиноятларни фош қилиш билан шуғулланиб келган.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”), 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 227-моддасида (“Ҳужжатларни сохталаштириш”) кўзда тутилган айбловлар бўйича 2005 йилнинг июн ойида ҳибсга олиниб, 2006 йил январида Тошкент вилоят суди томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Унинг ҳамкасблари ҳозиргача Худойназаровга нисбатан очилган жиноий иш ҳуқуқ фаолининг касбий фаолияти туфайли сохталаштирилганини айтиб келадилар.

Ҳуқуқ фаолига нисбатан бирор марта амнистия акти қўлланилмаган. Қамоқда ҳуқуқ фаоли сил хасталиги билан оғриганига қарамай, у бир неча маротаба жазо изоляторига ташланган, унга нисбатан қийноқлар қўллаб келинган.

Аввалроқ Абдурасул Худойназаров қамоқ жазосини ўтаб келган Бекобод шаҳридаги колониясида таҳқир ва қийноқлар туфайли 2008 йил сентябрида ўз жонига қасд қилишга урингани ва бахтли тасодиф туфайли ўлмай қолгани маълум бўлганди.

Жорий йилнинг апрель ойида Абдурасул Худойназаров Навоийдаги қамоқхонадан оғир аҳволда пойтахтдаги махсуслаштирилган 64/18-сонли муассасага (Сангород) келтирилганди.

Шу кунгача инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи обрўли халқаро ташкилотлар Абдурасул Худойназаров исмини Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий сабаблар туфайли қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар рўйхатига киритиб келган.

 

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.