“Эзгулик” матбуот варақчасида айтилишича, ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров жорий йилнинг 30 май куни сўнгги йиллар давомида қамоқ жазосини ўтаб келган Тошкент шаҳридаги 64/18 колониясидан муддатидан аввал озод қилинган.
“Худойназаров билан телефон орқали гаплашдим. Ҳар ҳолда, қамоқ, шунча йиллик муддат шахснинг ҳаётида ўз изини қолдиради. Шунга қарамай фаолимизнинг озод қилинганидан хурсандмиз. Ана шу каби хушхабарларнинг давомли бўлишига умид қиламиз”, – дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтсак,“Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси Абдурасул Худойназаров асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган жиноятларни фош қилиш билан шуғулланиб келган.
Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”), 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 227-моддасида (“Ҳужжатларни сохталаштириш”) кўзда тутилган айбловлар бўйича 2005 йилнинг июн ойида ҳибсга олиниб, 2006 йил январида Тошкент вилоят суди томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Ҳуқуқ фаолига нисбатан бирор марта амнистия акти қўлланилмаган. Қамоқда ҳуқуқ фаоли сил хасталиги билан оғриган.
Аввалроқ Абдурасул Худойназаров қамоқ жазосини ўтаб келган Бекобод шаҳридаги колониясида таҳқир ва қийноқлар туфайли 2008 йил сентябрида ўз жонига қасд қилишга урингани ва бахтли тасодиф туфайли ўлмай қолгани маълум қилинганди.
Шу кунгача инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи обрўли халқаро ташкилотлар Абдурасул Худойназаров исмини Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий сабаблар туфайли қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар рўйхатига киритиб келган.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish